Инсон баъзида ўзи билиб ёки билмасдан эшитган хабарларини бошқаларга айтгиси келади. Чунки инсон табиатида ўзи билган янги хабардан бошқаларни ҳам хабардор қилишга қизиқиш бўлади. Лекин ҳозирги замонда ахборот алмашинуви кучли бўлган бир даврда ҳар бир инсон ўзи эшитаётган хабаридан огоҳ бўлиши ва уни қанчалик рост экани ҳамда бу хабарнинг ортида нима мақсадлар борлигини ҳам яхши билиши лозим бўлади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам;
أن النبيّ صلى اللّه عليه وسلم قال : " كَفَى بالمَرْءِ كَذِباً أنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ ما سَمِع (رواه مسلم)
“Ҳар бир эшитган нарсасини гапиравериши ўша инсоннинг ёлғончи эканлигига кифоя қилади” , деб марҳамат қилганлар.
Аввало киши ўзи айтаётган сўзи қанчалик ростлигини текшириб кўриши ҳамда шу хабар инсонлар ўртасида тарқалганида оқибати нима бўлиши тўғрисида яхшилаб фикр юритиши керак бўлади. Агар ҳар бир инсон ўзи эшитган хабарни текшириб кўрмасдан қабул қиладиган бўлса, у ҳолда инсонлар ўртасида келишмовчилик ҳамда парокандалик ва жамиятда яшайдиган кишилар ўртасида турли-туман зиддиятлар юзага келади.
Aллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг олтинчи оятида шундай марҳамат қилади.
(سورة الحجرات) يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
“Эй иймон келтирганлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга билмасдан азият етказиб қўйиб,(кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун(у хабарни)аниқлаб(текшириб) кўрингиз!”.
Ушбу ояти каримада барча мўминлар амал қилиши керак бўлган энг муҳим ишлардан бири зикр қилинмоқда. У ҳам бўлса, бирор бир хабар эшитганда дарҳол уни рост ёки ёлғон эканлигини яхшилаб ўрганиб чиқишлари зарурлиги айтиб ўтилмоқда. Акс ҳолда инсонлар ўзлари билмасдан бошқа бир қавмга қилиб қўйган зарарли ишларидан надомат чекиб қоладилар. Аслида ҳам шундай, бир ёлғон хабарни текшириб кўрмасдан, унга кўр-кўрона эргашиб бирор бир ҳукм чиқариладиган бўлса, оқибати жудаям ачинарли якунланиши мумкин. Бундай ҳолатлар тарихда жуда кўплаб содир булган. Юқорида баён қилинган ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам Бани Мусталиқ қабиласидан йиғилган закотларни олиб келиш учун Валид ибн Уқбани юборадилар. Бани Мусталиқ қабиласи вакиллари Валид ибн Уқбани кўришлари билан уни иззат-ҳурматини жойига қўйиш мақсадида унга пешвоз чиқадилар. Буни кўрган Валид ибн Уқба “улар мени ўлдиргани келаяптилар”, деган гумон билан ортига қайтади. Бундай деб ўйлашлига сабаб Валид ибн Уқба исломга киришларидан олдин бу қабила вакиллари билан ораларида душманлик муносабатлари бўлган эди. Гумонлари сабабли Мадинага келиб Пайғамбаримизга Бани Мусталиқ қабиласи закотни беришдан бош тортгани ҳамда у кишини ўлдирмоқчи бўлишгани тўғрисида нотўғри хабар етказадилар. Шунда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам шошмасдан, балки бу хабарни текшириб кўриш мақсадида Холид ибн Валидни бир гуруҳ кишилар билан уларни ҳолатлари тўғрисида хабар келтириш учун юбордилар. Бу пайтда Бани Мусталиқ қавми катталари: “ Агар бирор-бир сабаб бўлмаса, Расулуллоҳнинг элчиси ортига қайтиб кетмасди” деб ўзларидан бир неча кишиларни Мадинага жўнатдилар. Улар Мадинага келиб бўлиб ўтган воқеадан хабар топганларидан сўнг, аслида улар элчини ўлдириш учун эмас, балки уни иззат ҳурматини жойига қўйиб, кутиб олиш учун пешвоз чиққанлари ҳамда закотни беришдан бош тортмаганларини таъкидлашади. Энди бир ўйлаб кўринг-а, агар Пайғамбаримиз бу хабарни обдон текшириб кўрмаганларида оқибати нима бўлар эди. Яна бир мисол Ислом тарихида “Ифк ҳодисаси” номи билан машҳур бўлган воқеани эслайлик. Бу ҳодисада инсонни ларзага солувчи иш Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалолларидан илм, тақво, иффат, парҳезкорлик борасида энг олий ўринларда турувчи Оиша онамиз хақларида қилинган туҳматларнинг оқибати нимага олиб келганлиги ҳамда бу ишга баьзи саҳобийлар ҳам ўзлари билмаган ҳолда аралашиб қолганларини барчамиз яхши биламиз. Нубувват хонадонига қилинган бу туҳматлар асоссиз экани ва Оиша онамиз мунофиқлар айтган иғво-тўқима сўзлардан пок эканликлари тўғрисида Қуръони каримда оятлар нозил бўлди. Лекин ҳозирги кунда ҳам баъзи кишиларнинг оилалари, қариндошлар, ёру дўстлари ёки жамиятда тинч хотиржам яшайдиган инсонлар ўртасида турли-туман ёлғон, бўҳтон гапларни тарқатадиганлар борлиги жуда ҳам ачинарли ҳолатдир. Шундай инсонларнинг охирини ўйламай бир оғиз ёлғон, туҳмат, буҳтон сўзи орқали оилалар ўртасидаги ажралишлар, норасида гўдакларни етим қолиши, қайсидир бир инсоннинг бадном бўлиши ёки бутун бир жамият орасида зиддиятлар ва нотинчликлар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Юқорида зикр қилинган воқеалардан ибрат олинадиган жиҳатлари жуда ҳам кўпдир. Шу ўринда атрофимизда ва араб ўлкаларида содир бўлаётган нотинчликлар, тўқнашувлар, ўша жойда истиқомат қилаётган халқларнинг турмуш даражасини ачинарли ҳолатга тушиб қолишининг асосий сабабларидан бири бу ерлик аҳолини қандайдир ёт ғоялар ёки турли-туман ёлғон-буҳтон хабарларга ишониб қолиши натижасида содир бўлмоқда. Бунинг оқибатида ҳозирги кунга келиб узоқ йиллар мобайнида қўлга киритилган тараққиётдан мосуво бўлаётганлари барчага маълум хақиқатдир. Сўзимизнинг охирида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам;
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من حسن إسلام المرء تركه ما لا يعنيه )رواه الترمذي(
“Беҳуда ишларни тарк қилиш киши исломининг гўзаллигидандир”. деб марҳамат қилдилар. Бу ҳадисда мўмин киши ўзига фойда бермайдиган нарсани тарк қилишига буюрилмоқда, демак, бошқа бир инсонга фойда бермайдиган ёки зарар бўладиган ишни қилишдан сақланиш батариқа авло бўлади. Республикамизнинг Биринчи Президенти айтганларидек, қачонки биз ўзимизнинг миллий аньаналаримиз, диний қадриятларимизга оғишмай амал қилсакгина жамиятимиз ва келажагимиз осойишталиги ҳамда тинч-тотувлигимизни таъминлаган бўламиз. Оллоҳ таоло барчамизни исломнинг гўзал одоблари билан зийнатланиш бахтига муяссар айласин.
Шодмонов Комил
“Хожи Махмудхон Валихон ўғли”Жоме масжиди имом хатиби