Ҳазрати Алишер Навоий ўгитлари ҳикмати

9-02-2017, 08:53 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 9 373

Ҳазрати Алишер Навоий   ўгитлари  ҳикмати
Жонажон Ватанимиз мустақилликка эришгач Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуслари билан диний ва миллий бой меросларимизни ўрганишга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Буюк мутафаккир Ҳазрати Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мана шундай меросларимизнинг гултожиси десак адашмаймиз. Ғарбда “Чиғатой адабиётининг буюк вакили”, шарқда “ Дин ва миллатнинг низоми” унвонлари билан улуғланиб келаётган бу зотнинг ҳаёти, ижоди ва асарларини мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ёш авлодга ўргатиш учун махсус дарс соатлари, машғулотлар ўтилиши йўлга қўйилди.
Энг қувонарлиси, мустабид тузум давридагига ўхшаб чалкашлик ва ноаниқликлар билан эмас, балки бобокалонимиз ижодини тўлақонли ва ҳаққоний ўрганиш ва ўргатишга киришилди.
Раҳматли Юртбошимиз бунинг ёрқин намунасини шоир номи билан аталувчи вилоятимизда ҳам намойиш этдилар. Жумладан, буюк мутафаккирнинг 560 йиллигини нишонлаш Алишер Навоий ёдгорлик мажмуаси Навоий шаҳрида қад ростлаб,очилиш маросимида сўзлаган нутқларида “Буюк гуманист шоиримиз фаолияти ва ижодига теран назар ташласак, унинг даҳоси ижтимоий ҳаётнинг, мафкура ва маданиятнинг барча соҳаларини қамраб олганидан ҳайратга тушамиз. Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”, деган эдилар. Бу юксак баҳо навоийликлар қалбидан мутлақо ўчмайди.
Айниқса, муқаддас динимизга муносабатлари, тақволари, кароматлари масаласида ҳам рўй рост айтилмоқда.
Ўзбекистонимиз Исломнинг юксак даражада тараққий этишида улкан ҳисса қўшган буюк алломалар юрти сифатида ҳам оламга машҳур. Ислом бағрида пайдо бўлиб, инсонийликни энг юқори поғонага кўтариш фалсафасига айланган тасаввуфнинг равнақи ҳам кўп жиҳатдан Ватанимизда етишиб чиққан улуғ авлиё зотларга боғлиқ бўлди.Тариқатлар орасида нақшбандиянинг миллий маьнавиятимиз ривожида айрича ўрни ва мавқеи бор..Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд,Амир Темур, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрори валий, Ҳусайн Байқаро, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Бобораҳим Машраб ва бошқа улуғ зотлар ҳам бевосита нақшбандия тариқати вакиллари эдилар.
Ҳозир ғоявий-мафкуравий жиҳатдан жуда мураккаб замонда яшаяпмиз.Инсонлар онгини ва қалбини эгаллаш учун кураш кучайгандан кучайиб боряпти.
Ёт кучлар аввал ислом ниқоби остида террористик-экстремистик ғоялар ва таьлимотларни олиб киришга интилди. Кейин насронийлик дини қобиғида турли миссионерлик ҳаракатлари амалга оширилди.
Энг хавфлиси, давлат сиёсатининг тасаввуфга бундай ижобий муносабатини суистемол қилиб, ана шу муқаддас таьлимот паноҳида ўзларининг ёвуз мақсадларини амалга оширишга уринишлар ҳам у ер бу ерда уч кўрсата бошлади.
Шунинг учун халқимизга муқаддас динимизнинг асл моҳиятини очиб бериш,дилни Аллоҳга бериб, қўлни иш билан банд етишга даьват этувчи Нақшбандия тариқатининг назарияси ва нозик жиҳатларидан бохабар бўлишимизда улуғ бобомиздан жуда кўп нарса ўрганишимиз зарур.
Ҳазрати Алишер Навоий
Истар эсанг мақсади аслиға юз,
Жоддаи шарьи Муҳаммадни туз.
деб марҳамат қиладилар ва “Арбаин ҳадис” китобларида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қирқта ҳадисларини жуда чиройли ва мукаммал шарҳлаганлари ҳар қанча таҳсинга сазовор бўлиш билан бирга муқаддас динимиз таьлимоти қанчалик инсонпарвар, шукроналик ва яхшилик дини эканлигини исботи ҳамдур.
М:н Ҳазрати Алишер Навоий Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг
“من لم يشكر الخلق لم يشكر الخالق” деган муборак ҳадисларини шундай шарҳлайдилар.
Улки Холиқға шукр дер,аввал
Шокир ўлмоқ керак халойиқдин.
Кимки халқнинг шукрини демағай,
Ўлмағай доғи шукри Холиқдин.
Демак, ҳар бир банда Аллоҳ берган неьматларга шукрона қилмоқчи бўлса, аввало Аллоҳ таьло шу неьматларга кимларнингдур заҳматли меҳнатларини сабабчи қилиб қўйганлигини ташаккурини билиш ва қадрига етиш лозим экан.
Бизни ота онамиз дунёга келишимизга сабабчи бўлдилар,қийналиб боқдилар, меҳр кўрсатдилар, едирдилар,ичирдилар, илму маьрифатли бўлишимиз учун ҳеч нарсаларини аямадилар, энди биз ота-онамизнинг меҳнатлари қадрини билиб,уларга ташаккур билдираолсак, Аллоҳга шукримиз қобул бўлар экан.
Бугун жонажон ватанимиз тинч, осойишта кундан кунга тараққий этиб,халқимизнинг турмуш даражаси ўсиб, шаҳар ва қишлоқларимиз гуллаб бораётгани учун Парвардигоримизга шукр айтмоқчи бўлсак, аввало шундай яхшиликларга эришаётганимиз доно халқимизнинг сабр бардошлилиги, меҳнатсеварлиги, шукроналиги, нияти поклиги билан бир қаторда мамлакат раҳбарининг одилона ва халқпарвар, узоқни кўрабиладиган сиёсатлари сабабидан эканлигини англаб,қадрига етишимиз ва ташаккурини билишимиз керак экан.
Ҳазрат Навоийнинг бундай шукроналик даьвати ҳар замон ва маконда барча учун намуна бўлганидек, бугунги кунда барчаларимиз учун ҳам тарбия мактабидир. Халқнинг шукригина мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз тинчлигини таьминлаш, Ватанни янада равнақ топтиришга чинакам омил бўла олади.
Буюк қалам соҳибининг
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлинг бир бирингизгаки, эрур ёрлиғ иш,
каби мисраларини эса бутун башарият ўзининг ҳаётий ғоясига айлантиришга катта эҳтиёжи борлигини бугун баьзи юртлардаги парокандалик ва адоватлар туфайли ноҳақ қонлар тўкилаётгани мисолида кўрамиз.
Бўлмаса Ҳақ ёдидан огоҳлик,
Билки гадоликча эмас шоҳлик.
Бўлса гадо Тенгридан огаҳлиғи,
Бордур анга икки жаҳон шаҳлиғи.
Маълумки, Навоий жуда кўп шогирдларга устодлик қилган. Ўнлаб истеъдод соҳиблари фақиҳ, шоир ва муаррих, рассом ва хаттотлар бу улуғ устоднинг ҳиммати соясида вояга етганлар. Улуғ шоир истеъдод тарбияси борасида, таъбир жоиз бўлса, истеъдод педагогикасини ишлаб чиққан. Истеъдодни таниш ва эътироф этиш йўллари, табиий қобилият, билим ва меҳнат, таҳсил ва адабий таъсир, рағбатлантириш ва талабчанлик, ахлоқий сифатлар ва унинг истеъдодга таъсири, ғоявий етуклик ва маҳоратни ўстириш каби масалалар Навоийининг доим диққат марказида бўлган.
Ҳусайн Бойқаро ҳокимият тепасига келганидан сўнг Алишер Навоийни муҳрдор, бош вазир каби юқори лавозимларга тайинланган. Саройдаги мавқеидан юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида фойдаланишга интилган. Хондамирнинг қайд қилишича, Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаган. Улар орасида Ҳиротдаги “Ихлосия”, “Низомия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” табобатхонаси, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган “Дор ул-ҳуффоз” биноси, Марвдаги “Хусравия” мадрасаси, Машҳаддаги “Дор ул-ҳуффоз” хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморий ёдгорликлар бор.
Хусусан, ёшларнинг шахсий хислатлари, ахлоқ-одоби, таҳсил кўрган-кўрмаганлиги устозни кўп қизиқтирган. Камтарлик, мулойимлик, хуштавозе бўлиш, меҳнатсеварлик, бурролик, ҳозиржавобликни ижодкорнинг фазилатлари, деб билган. Навоий ялқовлик, паришонлик, жунунсифат юриш, кеккайиш, ҳавойилик, шаробхўрликка берилиш сингари ёмон одатларни қаттиқ қоралайди.
Улуғ шоир айрим ёшлардаги қуруқ манманлик, ўтган улуғ зотларни назар-писанд қилмай, ўзини ҳаммадан юқори қўйиш одатини ёмон кўрган. Балки улуғ алломаларга эҳтиром кўрсатиш, уларни яхши кўриб кўкларга кўтариш, этакларидан тутиб уларга эргашиш зарурлигини ўқтирадилар.
Бировким қилса олимларга таьзим,
Қилур гўёки пайғамбарга таьзим.
Ҳадис ўлмиш набийдин бўйла ҳодис,
Ки, олим келди пайғамбарга ворис
Бировким илм ила бўлди баруманд,
Ангаким ворис ўлди,бўлди фарзанд.
Ёшлардаги ғурур, ғайрат ва шижоатни маъқуллаш лозим, бу – яхши сифат, бироқ уни хоксорлик, камтарлик билан омухта этмоқ даркор, деб билади Навоий. Бу борада Абдураҳмон Жомийни ибрат қилиб кўрсатади. Алишер Навоийнинг маданият ва маънавият, илм тараққиёти учун қилган ишлари, ёш истеъдодлар тарбиясига ғамхўрлиги ҳозир ҳам аҳамиятли ва ибратлидир.
Ҳозирги кунда буюк бобокалонимиз номлари билан номланган бизнинг вилоятда Муҳтарам Биринчи Президентимиз ташаббуслари билан барпо этилган, ҳашаматли жомеь масжидга ҳам айнан “Ҳазрати Алишер Навоий” номи берилган.

ЎМИ Навоий вилоят вакили, Вилоят бош имом-хатиби Тоҳиржон Рўзиевскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш