Хотира абадий-қадр муқаддас
Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Ўзбек халқи ватани, халқининг фаровонлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этган фарзандларини ҳеч қачон унутган эмас.
2017-йил 30-январ куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдиғаниевич Каримов таваллудининг 79 йиллигига бағишлаб Навоий вилояти Навбаҳор тумани “Армижон” жоме масжид маъмурияти бошчилигида маҳалла-мактаб-масжид ҳамкорлигида “Хотира абадий - қадр муқаддас” мавзусида хотира турнири ўтказилиб, хайрия дастурхони ёзилди.
Эрта тонгдан 18-умумтаълим мактаб ҳовлисига жам бўлган маҳалладошларга ош тортилиб, Юртбошимиз ҳаққига қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг, мактабнинг фаоллар залида мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган бадий чиқиш намойиш этилди. Жажжи болажонлар тилидан айтилган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ҳақидаги шер ва қўшиқлар йиғилганларни бефарқ қолдирмади. Хотира турнирига “Армижон”, “Дул-дул”, “Хашман”, “Вомитан”, “Совунгар”, маҳаллаларининг спортчи ўғил қизлари, 15,17,18,24-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда “Аграиқтисодиёт” коллежи талабалари қатнашдилар.
Қатнашчилар спортнинг футбол, волейбол, шахмат, шашка турларида беллашдилар. Ғолиблар “Армижон” жоме масжид маъмурияти томонидан қимматбаҳо ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар. Турнирдан кўзда тутилган мақсад, Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдиғаниевич Каримовнинг руҳларини шод этиш, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, яхшилик руҳиятини сингдириш, энг улуғ неъмат, тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб авайлашга даъват этишдан иборат.
Зеро Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек: “Агар биз аҳил бўлсак, эл юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким, ҳеч қачон енга олмайди”.
Наимов Орифбой
Навбаҳор тумани “Армижон” жоме масжиди имом-хатиби