Сир эмас, қадим-қадимдан тасаввуф халқимизнинг маънавий юксакликка эришувида беқиёс хизмат қилган. Тасаввуф узоқ даврлар мобайнида халқни ягона мақсад атрофида бирлаштирган, жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, биродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган. Ҳозир ҳам дунёнинг кўп мамлакатларида Баҳоуддин Нақшбанд ва Нақшбандия тариқати катта нуфузга эга. Чунки мазкур тариқатда ислом шариати мезонлари бузилишига йўл қўйилмай, чин инсоний фазилатлар улуғланган.
Тасаввуф Мовароуннаҳр мусулмон мамлакатлари ижтимоий-маънавий ҳаётига, фан, маданият ва адабиёт ривожига катта ижобий таъсир кўрсатганини мутахассислар қайд этганлар.
Тасаввуфий қарашларнинг яхлит таълимотга айланиб, ислом ўлкаларига кенг ёйилиши ва инсонлар ҳаётида муҳим воқеъликка айланишида улкан ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Порсо, Баҳоуддин Нақшбанд, Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр ва бошқа олимларнинг араб, форс ва туркий тилларда битган асарлари Ислом оламида ҳозирга қадар эъзозланади. Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, ўрта асрларда энг кенг тарқалган уч тил – араб, форс ва туркийда асарлар бита олиш малакаси асосан Мовароуннаҳр уламоларида шаклланган. Зеро, минтақа аҳолисининг талаб ва эҳтиёжи шуни тақозо қилган эди.
Абдулқодир Ғийлоний “Сиррул асрор” китобининг “Тасаввуф аҳли хусусининг баёни” бобида тасаввуф аҳлини иккига бўлади. Биринчиси “суннийлар”, иккинчиси эса “бидъат аҳли” деб тилга олинади.
Афсуски, кейинги йилларда тасаввуфни мол-дунё орттириш, муридбозлик воситасига айлантирувчи сохта тариқатчилик юз кўрсата бошлади. Ачинарлиси, улар орасида таркидунёчилик кайфиятининг устунлиги, пирларини ҳаддан зиёд улуғлаш, ихтилофли масалаларга берилиб кетиш, илм олишга бўлган рағбатнинг сусайиши, оила моддий таъминотини ташлаб қўйиш ҳолатлари кузатиляпти.
Айримлари эса ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари ва бошқа яқинларига ўз қарашларини мажбуран сингдиришга ҳаракат қилиб, оилада келишмовчиликлар юз беришига сабаб бўлмоқда.
Сўнгги йилларда суннийликдаги Нақшбандия ва бошқа шу каби тариқатларни аҳоли орасида шайх ва сўфийлар томонидан бузиб, тарғиб қилинаётганлиги кузатилмокда. Баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг мазмунини бузиб, унинг таълимоти шариат аҳкомлари ва ижтимоий хаётдан узоқлашган холда талқин этилмокда. Исломда бирор бир шайхга сўфи бўлиш хеч кимга шарт килинмаган.
Сохта сўфийларнинг “Пири йўқнинг пири шайтон” деган хато даъвоси ҳеч қандай шаърий далилларга тўғри эмас.
Сўфийликни даъво килаётан шахслар оиласини ойлаб нафақасиз, болаларини тарбиясиз қолдирган ҳолда “пири”нинг хизматини қилиб юриши ва бировнинг эхсони билан кун кечириши ижтимоий иллат бўлиб, ислом таълимотига зиддир.
Жаноб Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз дунё ишини деб, охират ишини, охиратни деб дунё ишини тарк қилмайдиган ва одамларга малоллигини тушурмайдиганингиздир”, деганлар.
Мисол тариқасида сохта тариқатчиларнинг қуйидаги амалларини келтириш мумкин;
- Кечаси тахажжуд намозини ўқиш фарз (ёки вожиб)
-Шукри вузуъ намозини қайси вақтда бўлса хам, яъни макрух пайтларда хам ўқиб олиш зарур.
-Пирга қўл берганнинг олдинги гунохлари кечирилади, қазо бўлган (қолдирилган) намозни ўқимаса хам бўлаверади;
-Муридидан бошқа кишининг тўй-маракаларига бормаслик;
-Расмий имомларнинг амри маъруфларини менсимаслик.
-Бундан ташқари айрим муридлар томонидан хам мутаассибона хатти-харакатлар намоён бўлаётгани маълум жумладан, пирнинг тахоратидан қолган сувни табаррук деб истеъмол қилиш.
-Пирнинг уйи томонига оёқ узатиш қиблага оёқ узатишдек гунох бўлади.
-Доимий катта салла, узун оқ кўйлак ва махси-ковушда гурух-гурух бўлиб юриш ва бошқа аломатларини айтиш мумкин.
Тасаввуфда сохта шайхлар, илмсиз сўфийлар ва ботил тариқатлар қаттиқ танқид остига олинади ва уларга эргашмасликка даъват қилинади.Тариқат асосчилари ва улуғ валийлар Қуръон ваҳадисга асосланмаган ҳар қандай тариқатни рад этади ва ботил санайди. Баъзи бир кимсалар тариқатга кирдим деб кийим бошларини, юриш-туришларини ўзгартиришади. Жаноб Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло сизларнинг ташқи кўринишларингиз ва мол мулкларингизга эмас, балки амалларингизга қарайди”, деганлар. (Имом Муслим ривояти).
Минг таассуфки хозирги кунда юртимизни баъзи жойларида ўзларини “пир” деб, “сохта тариқатчилик”ни тарғиб қиладиган кимсалар учрамоқда. Бирор бир диний маълумотга эга бўлмаган, диннинг назарий асосларидан мутлақо хабарсиз чаласавод “пир ва сўфи”лар ўзларича янги сохта тариқатларни эълон қилишмоқда. Хусусан, “қора саллалилар”, “нурсафардия”, нақшбандиянинг янги шахобчалари ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Уларнинг сохта даъволари, тарғиб этаётган расм русумлари ислом динига мутлақо зид эканлиги юртимиз уламолари томонидан диний манбалар асосида исботлаб берилган.
Тасаввуф тариқатлари тарихига назар ташлайдиган бўлсак “сохта пирлар” барча даврларда ҳам мавжуд бўлган экан.
Хусусан, Ҳусайн Воиз Кошифий пиру муридлик муносабатларни баён этар экан, аввало тариқат йўлида билимли устоз зарурлигини қуйидагича изоҳлайди: “Билгилки, тариқат йўлининг қароқчилари кўпдир, улар нодон ва калтафаҳмларни ҳийла-найранг донаси билан макру фириб домига тортиш пайидадурлар. Шунинг учун раҳнамо бўла оладиган, пирлик(шайхлик) шарт-шароитлари(асослари)ни яхши биладиган одамни пир деб танлаш лозим”, Мавлавий Румий айтганидай “одам қиёфасидаги иблислар кўп, бас шундай экан, ҳар кимга қўл бериб бўлмайди”.
Ҳозирги кунда кўплаб диний қадриятларимиз қатори тариқатчилик анъаналарини тиклашга бўлган ҳаракатлар юртимизда олиб борилаяпти.
Сўзимизнинг охирида шуни айтамизки, жоҳилликнинг давоси илмдир шу сабаб, аслни сохтадан, яхшини ёмондан ажратиш учун ҳам илм-маърифатли бўлишимиз ва бугунги ёш авлодларимизни ҳам илм олишга тарғиб қилмоғимиз даркор.
Мустафо Юнусов
Хатирчи туман “Бадр ота” жоме масжиди имом хатиби