Навбаҳор тумани
“Оқ олтин” маҳалла
отинойиси
Ҳаққиева Ойсара
“Исломда қизлар тарбияси”.
Ислом дини таълимотида қиз бола тарбиясига катта эътибор қаратилган. Имом Бухорий "Aл-адаб ал-муфрад" китобида қуйидаги ҳадисни нақл этган. Жобир ибн Aбдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Кимнинг учта қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбиялаб, катта қилса, жаннатга кириши муқаррардир", дедилар. Шунда бир киши: "Ё Расулуллоҳ! Унинг қизи иккита бўлса-чи?" деб сўради. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Иккита бўлса ҳам"- дедилар".
Aсрлар, замонлар бу азалий гапларнинг маъносини ўчира олмаганидек, тиғини ҳам ўтмаслаштира олмайди. Ўзбек хонадони борки, агар унда қиз ўсаётган бўлса, шу хонадон соҳибларининг кўнглида ғурур, сурур, шукур ва қиз шаъни билан боғлиқ ор-номус ҳам юқори бўлади.
Қиз бола тарбияси шунчалар муҳимки, инсон фарзандлари учун совға олиб келган бўлса уни тарқатишни аввало қизларидан бошлаши ҳақида кўрсатмалар бор. Қиз боланинг кўнгли нозик бўлганлиги сабабли, уларга алоҳида меҳр кўрсатилади, ва уларга ҳар томонлама таълим тарбия беришга чақирилади. Оилада қиз бола тарбияси аёлга, онага ишониб топширилади. Қизлар оила сабоқларини бобо-бувисидан, ота-онасидан, ака-опаларидан, қўни-қўшниларидан, жамийки маҳалладошларидан олади. Тарбияда энг масъулиятли вазифа онага топширилар экан, онажонларимиз бу жараёнларга янада эътиборли бўлиб қизларининг соғлом униб ўсиши, илму ҳунар эгаллаб, одоб–ахлоқ, ибо ҳаёда ҳам бошқакларга ўрнак намунасини кўрсатадиган қиз бўлиб камолга етишига аҳамият қаратадилар. Хусусан, қиз болага илм ўргатишдан ташқари, касбу ҳунар эгаллашига кўмак бериш, пишириш, тикиш-бичиш, бола парваришлаш, қўйингки, кундалик турмушда зарур бўлган билимлар билан доимий таништириб бориш лозим.
Тарбияда жараёнидаги энг муҳим восита бу - меҳр ва ширинсўзликдир. Бу икки восита нозик қалб соҳибаси бўлган қиз боланинг кўнглига йўл топиш, уни авайлаб парваришлаш учундир. 11 ёшидан қиз боланинг руҳияти, дунёқараши ва фикрлаши кундан кунга ўзгаради. Ҳаттоки тўғри йўлни кўрсатадиган оналарининг гапини олмаслиги ҳам мумкин. Шундай ҳолларда қиз боланинг кўнглига яхши сўзни қўпол қилиши лозим бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Кимгаки Аллоҳ таоло қиз неъмати билан сийласа, сўнгра уларни чиройли тарбияласа, улар отаси учун дўзахдан парда бўлишади”. Қизлар дўзахдан парда бўлиши учун чиройли тарбияласа, деган шарт қўйилмоқда. Чиройли тарбия қанақа бўлади? Албатта, ислом тарбиясидан кўра гўзалроқ тарбия йўқ. Илмли, ҳаёли, иболи, виждонли, қаноатли, сабрли ва итоатли қилиб тарбиялаш, бу гўзал тарбиялардир. Қиз бола шунчаки қиз бола бўлиб қолиши мумкин эмас. У жуда назокатли, иффатли, иболи, сабрбардошли, оқила, меҳрибон бўлиши керак. Ҳаттоки, қиз болага берилган нисбат, ўлчов, мезонлар ҳам ўртамиёна, ярим, ним-таъриф, чала нисбат бўла олмайди. Улар устуннинг ё энг тепаси, ё энг пасти бўлади. Aйб ёки гуноҳ иш қилиб қўйган бошқа ҳамма киши кечирилиши мумкин. Фақат қиз бола кечирилмайди. Қиз болага келганда ҳукм ҳам ғоят мухтасар: "Ўғил бола шу ишни қилганда - бошқа гап эди. Aммо у - қиз бола-я" деб айтишади.
Биз ота-оналар билишимиз жуда муҳим бўлган нарса шуки, қиз боланинг исми, жисми, маънавияти, борлиғи, хатти-ҳаракатига ҳамиша ўлчов бошқача бўлиб келган. Пайғамбар алайҳиссалом: "Жаннат оналар оёғи остидадир" деб марҳамат қилдилар.
Келгусида қизлар бўлажак она, ардоқли уй бекаси бўладилар. Биз қизларимизга ҳаётнинг паст-баландини, турмуш қийинчилигини енгиб ўтишларини уқтириб ўтишимиз шарт. Ҳар бир она турмушга чиқаётган қизига у келин бўлиб бораётган хонадон азиз ва қадрли эканлиги, қиз бола келин бўлиб тушган хонадонига тошдек бўлишини уқтириши лозимдир.