Oгоҳлик давр талаби.

27-07-2021, 23:02 admin Мақолалар 696

Oгоҳлик давр талаби.


Тинчлик буюк неъмат, инсон ҳаётининг бирламчи шарти ҳисобланади.Чунки осуда ҳаёт, яратувчанлик ва фаровонлик, умуман, барча эзгу мақсадларнинг рўёби энг аввало шу неъматга боғлиқ. Аммо бугунги воқелик тинчликни кўплаб мамлакатлар учун ҳали ҳануз орзу бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда. Бугунги кунда тинчликка раҳна солувчи омиллар турлича –давлатлар ўртасидаги низоли вазиятлар, фуқаролик урушлари, миллий ва этник низолар, табиий офатлар... Лекин бу омилларнинг ичида бугунги кунда энг хатарли ва ҳар қандай давлат тинчлиги, осойишталиги учун жиддий ҳавф солишга қодир бўлган экстремизм ва терроризм эканини ҳар бир соғлом фикрли инсон тан олмоқда. Экстремизм ёки терроризм иллатининг сўнги пайтларда тобора кучайиб бораётгани мазкур муаммонинг нақадар долзарб эканини кўрсатади. Бу қабоҳат ва жоҳилликдан, инсонийликка ҳос бўлмаган зўравонликлардан қанчадан-қанча бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилгани ҳеч кимга сир эмас. Ислом динини ниқоб қилиб олиб ўз қабиҳ мақсадларини амалга ошириш мақсадида тинчлигимиз,маданиятимизга чанг солишни пойлаб юрган ёвуз кучлардан онгли тарзда сақланишимиз энг биринчи вазифаларимиздан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Презеденти Шавкат Мирзиёев БМТ бош ансамблеясининг 72 сессиясидаги нутқида “Биз бутун жаҳон ҳамжамиятига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимизмужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз” деб таъкидлаган. Ватанимиз узоқ тарихига назар ташласак, заминимизда маданият ривожининг уч минг йилдан ортиқ буюк тарихни кўрамиз. Марказий Осиёда,хусусан, Ўзбекистоннинг ҳозирги ҳудудида қадим даврлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга
эътиқод қилган халқлар ҳамжиҳатликда, ҳамдўстликда яшаганлар. Бу эса
халқимизга хос бўлган диний бағрикенгликнинг маънавий асосини ташкил
этади. Маълумки, Марказий Осиё араблар томонидан забт этилгандан сўнг
минтақага ислом дини кенг ёйилди, исломнинг ўзига хос хусусиятлари йиллар давомида халқимиз маданияти ва онгига сингиб борди. Ўлкада тинчлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлашда ислом таълимоти ўзига хос аҳамият касб этди. Бу таълимотлар Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларга таянар эди. Бугун ҳам юртимизда диний бағрикенглик ва осойишталикни таъминлаш Конститутциямизда қатъий белгилаб қўйилган.
Қомусимизнинг 31- моддасида мустаҳкамланган “Ҳамма учун виждон
эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик хуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”, деган қоида диний бағрикенглик
учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Бундан эса қабиҳ ниятда фойдаланишдан тоймайдиган кучлар афсуски кўпайиб бормоқда. Уларни
англаш учун аввало, “экстремизм ўзи нима?”, “терроризм қандай юзага келган” деган саволларга жавоб топа билишимиз керак. Экстремизм- “диний ташкилотларда ўта мутаассиб гуруҳларнинг ашаддий реакцион фаолияти бўлиб, ҳатто динга ҳам зарар келтиради. Экстремизмнинг асосий мақсади динни ниқоб қилиб, ҳокимиятни қўлга олиш, диний талабларнинг илк даражасига хос “софлиги”ни қайта тиклаш, диний талабларга мос сиёсий тузумни барпо этишдан иборат”, дейилган айрим адабиётларда. “Террор” сўзи эса лотин тилидаги “terror” сўзидан олинган бўлиб, ўзбек тилида “қўрқинч”, “қабоҳат”, “даҳшат солиш”, “ваҳима уйғотиш” каби маъноларни англатади. Тарихда терроризмнинг дастлабки кўриниши Ёқуб пайғамбарнинг қизи Динага нисбатан, Канъон (қадимги Фаластин) мамлакати амирининг, яъни Хамурнинг ўғли Шакам томонидан амалга оширилган. Бугун терроризм умумбашарий даражада жамият хавфсизлигига таҳдид соладиган хавфга айланиб бормоқда.
Ҳозирги замонавий ҳаётда қуролли таҳдидлардан кўра маънавий таҳдид энг нозик масалалардан бирига айланиб қолмоқда. Ёшларнинг ҳали ҳеч қандай ифлосликлар билан кирланишга улгурмаган, ўз маънавий оламларини ҳимоялай олмайдиган соф қалблари, онгларига салбий таъсир ўтказиш орқали минглаб инсонларни тўғри йўлдан оғдириб, минглаб одамларнинг умрга зомин бўлмоқдалар.Бу туғрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72- сессиясида сўзлаган нутқида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конверсиясини ишлаб чиқиш ва Бош Ассамблеянинг “Маърифат ва диний бағрикенглик”деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича ташаббусларида терроризм муаммосига катта эътибор қаратиб, унинг туб сабабларига барҳам беришга чақирди. Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар Республикамиз Президенти.
Маънавий таҳдидлар таъсир кучи нақадар кучли экани, улар ҳеч қандай
чегара билмаслиги сир эмас. Зеро, Республикамиз биринчи Президенти Ислом Каримов ўзларининг “Юксак маънавият- енгилмас куч” асарларида ”Бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга. Бу масаланинг кишининг доимо огоҳ бўлишга ундовчи томони шундаки, агар ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб етиш ниҳоятда қийин” дея таъкидлашлари бежиз эмас эди. Бугунги кунда маънавий таҳдидларнинг энг кўп қамровга эга бўлгани оммавий ахборот воситалари тизимидир. Давлатлар, мамлакатлар бошқа ҳудудлардан ўз чегаралари билан ажратилган ва мустаҳкамланган, лекин ахборот кўлами шунчалик кенгки, у ҳеч қандай чегара билмайди. Ҳозирда бундан салбий мақсадларда, ўз чиркин мақсадларини амалга ошириш учун фойдаландилар. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда ёшларнинг ҳар қандай ахборотга нисбатан иммунитет ҳосил қила олишлари, маънавий бўшлиқ пайдо бўлмаслигини олдини олиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда диний омилларнинг сиёсатлашуви қатор норасмий оқим
ва йўналишларининг фаолиятларида янада яққол намоён бўлмоқда. Бу эса
фуқароларнинг диний оқимлар таъсирига тушишларига сабаб бўлмоқда. Бунинг олдини олиш учун мамлакатимизда турли ҳуқуқий ва маънавий тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу эса фуқароларнинг норасмий диний оқимларга тушиб қолишидан қисман ҳимоя қилмоқда. Аммо фан ва технологиянинг жадал ривожланиши турли оқимлар фаолияти такомиллашувига ҳам олиб келмоқда. Улар нафақат турли ғоявий тарғиботлар билан чекланиб қолмасдан, балки инсон руҳиятига турли усул ва воситалар ёрдамида таъсир этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бу хавфларнинг таъсирини камайтириш учун фуқаролар, айниқса, ёшлар психологик ёрдам асосларини билишлари, фуқароларнинг психологик қиёфасини ярата олиш, фуқаролар билан мулоқот қилишнинг ўзига хос хусусиятларини чуқур ўзлаштириш каби масъулиятли вазифалар олдимизда турибди.
Ҳозирги глобаллашув замонда экстремизм ва терроризм бутунжаҳон миқёсида хавфли кучга айланмоқда. Афсуслар бўлсинки, ҳатто ўз ичимиздан бу йўлга кириб, ватанига, оиласига хиёнат қилган минглаб ёшлар сони ортиб бормоқда. Бунга сабаб нима? Мафкуравий бўшлиқ ва энг зарарли бўлган лоқайдлик ва бепарволик. Бепарво одам душмандан-да хавфлироқ эканлигини доноларимиз азал-азалдан келажак авлодларга уқтириб келмоқдалар. Бу борада машҳур файласуфларимиздан бири “Душманлардан қўрқма- нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма- нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ- улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим, бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар кўпаяверади” дея нақадар ҳақ эканликлари барчамизга аён. Экстремизм ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойилларини мазмун-моҳиятан тамомила ёки бир ёқлама ўзгартириб, ўзларича талқин қилиб одамларни тўғри йўлдан – ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда. Марказий Осиё ҳудудида яшовчи аҳолининг аксари, шу жумладан, юртимиз мусулмонлари ҳам неча асрларки минтақа халқлари учун анъанавий бўлган ханафий ва мотрудия ақидаларига риоя этишади. Экстремистлар эса ана шу мазҳаб ва ақидаларни рад этган ҳолда аҳоли онгига сиёсийлаштирилган ислом ғояларини сингдиришга уринмоқдалар. Бу уринишлардан кўзланган ягона мақсадлари “халифалик” ёки “ислом амирлиги” давлати тузиш шиори остида сиёсий ҳокимиятни эгаллашдир. Кишиларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига тахдид соладиган террорнинг барча кўринишлари бузғунчилик, фасод ишлардан саналади. Куръонда («Бакара» сураси 205-оятидаги) «Аллох эса бузғунчилик- фасодни севмайди» деган оят тушунчаси исломнинг террорга булган ўта салбий муносабатини белгилайди. Мутаассиблик, экстремизм ва террорчилик одатда бегунох одамларнинг қони тўкилишига олиб келади. Қуръони Карим оятларида бундай холатлар «Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди хамма одамларни ўлдирган кабидир» дея қатъий қораланган. Минг –минглаб бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкиб, гўёки бу билан ўзларига жаннатни нақд қилиб қўймоқдамиз, деб хом хаёлга берилаётганлар, аслида Аллоҳнинг лаънати ва ғазабини юклаб олмоқдалар. Дунё шиддат билан ўзгартириб барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Бугун терроризм умумбашарий даражада жамият хавфсизлигига таҳдид
соладиган ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларига эга бўлган йирик террорчилик гуруҳларидан иборат тизим сифатида шаклланганини, содда қилиб айтганда,
халқаро терроризмга айланганини таъкидлаш зарур. Ҳозирги кунда айрим араб мамлакатларида диний ҳаракатлар ниқобида инсонийликка зид қабиҳликлар этилаётганидан ҳабаримиз бор, албатта.Биргина мисол, неча йилки Ироқ ва Сурияда давом этаётган ўзаро низо,фуқоролик уруши айрим диний экстраместик гурухлар учун айни муддао, яъни ўзига хос “палигон” вазифасини бажараётгани хеч кимга сир эмас. Айни шу зиддиятлар ва тўқнашувлар натижасида ҳозирги бутун дунёга хаф солиб турган ёвуз ташкилот- ИШИД дунёга келди. “Ироқ ва Шом ислом давлати ” атамасининг қисақартмасидан олинган бу атама ортида жиҳодий йўналишидаги террорчи гурухлар турибди. Яқин Шардқаги бир қанча гуруҳларни бирлаштирган бу ташкилот 2006-йилда Ироқда тузилган. Сурияда кечаётган ички низоларга бевосита қуролли кўшин билан аралашган мазкур ташкилот, ўз сиёсий манфаатлари доирасидаги Сурияни ҳам қўшиб олди ва бош максади – халифалик тузиш йўлида қонли, бузғунчилик ҳаракатини бошлади. Уч йил давомида Сурияда 200 минг нафарга яқин тинч аҳоли қуролли тўқнашувлар қурбони бўлди.У ерларда кечаётган уруш манзаралари, кишиларнинг ожиз ҳолатларини кўриб қайси одам зотининг қалби ўртанмайди? Улар қандай мусулмон бўлишдики, ҳатто ёш гўдакларнинг чирқирашлари, бегуноҳ аёлларнинг дардли нидоларини эшитишмаса? Инсоф қани, қани адолат? “Қуръон” оятлари, муборак ҳадислар ва аллома аждодларимиз асарларида экстремизм ва террорчиликка қандай муносабат билдирганидан хабардорми улар? Ислом байроғи остида бузғунчилик қилаётган бу гуруҳларни тинчликсевар башарият лаънатламоқда. Минг афсуслар бўлсинким, бу ташкилотлар орасида “ўзбек” деган номга доғ тушириб, юртига, халқига, ўз оиласига хиёнат қилаётган “иблис”ларнинг нағмаларига учиб, даҳшатли жиноятларга қўл ураётган юртдошларимиз ҳам борлиги ачинарлидир. Уларни “юртдош” дегани уялади киши. Бу ҳавфли иллатлардан соқит бўлиш учун биз қандай йўлни танламоғимиз керак. Қандай чора-тадбирлар билан бу хатарли ботқоқдан зарарсиз ўтиб олиш мумкин? Бунинг учун биз, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўрсатган йўл биз учун катта намунадир. Уларнинг БМТ нинг 72-сессиясида илгари сурилган ғоялари “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини аҳамияти беқиёсдир. Маърифат орқали инсон илмга ва тафаккури ривожланади, илм ва тафаккурли инсон албатта диний экстримизм ва терроризмнинг мақсадини ва олдига қўйган манфаатларини яхши тушунади ва унга қарши илм тафаккур орқали курашади. Халқимизда маънавий хаётида бўшлиқ, бошқалар салбий чиркин ғояларини сингдира олишлари мумкин бўлган ҳоллардан ўзимизни сақлашимиз керак. Ҳозирги очиқ ахборот тизими даврида, аввало, ёшларда ҳар қандай ахборотга нисбатан мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, четдан келаётган турли хил ахборотларни қабул қилишда анализ-синтез қила олиш қобилиятини шакллантириш лозим. Чунки ҳозирда қуролли ҳужумлардан кўра маънавий ҳужумлар ҳавфли тус олиб бормоқда, бунда эса ахборот уларга жуда қўл келувчи воситага айланди. Энг ахборот тез ўз таъсирини ўтказувчи қатлам ёшлар, ёшлар эса юртимиз келажаги. Уларда бундай иллатларни олдини олиш учун юртимизда жуда кўплаб ижобий тарғиботлар амалга оширилмоқда. Жойларда, илм даргоҳларида дин билимдонлари томонидан экстремизм ва терроризм балоси нима экани ва у қандай таъсир кучига эга экани ҳақида маърузалар, тадбирлар уюштирилди. Диндан ниқоб сифатида фойдалана олмасликлари учун, биринчи ўринда, халқнинг диний саводхонлигини ошириш, дин нималиги, унинг мазмун моҳиятини яхши англаб етиш керак. Ҳар биримиз атрофимизда содир бўлаётган воқеликлардан хабардор бўлишимиз, бепарволик, беписандлик билан ўзимизни чоҳга итаришдан сақланиш, инсонларни огоҳликка даъват қилиб яшашимиз керак.
Шундай экан, огоҳ бўлайлик, гўзал, осойишта, жаннатмонанд элимизни жонимиздек асрайлик. Биз тинчмиз, эмин-эркин яшамоқдамиз, ўқиш, ишларда кўнглимиз тўқ. Айрим мамлакатлардаги каби ҳар дақиқамиз қўрқув, даҳшат исканжасида, талвасада эмас. Нега энди бу бахтни асрамайлик? Ватанимизни ёвлардан ҳимоя қилаётган жасур, мард ҳимоячиларимиз орқали юртга фойда келтирайлик.
Огоҳ одам! У ким? У- мен. У – сиз. У- бу олам осойишталигини истаган
ҳар бир инсон. Бугун огоҳ одам- эзгулик тимсоли. Фақат У дунёни қабоҳатдан қутқаради, иллатлардан асрайди. Шу боис ҳар бир болани огоҳ одам сифатида камол топтириш ҳозирги даврда барчамизнинг долзарб вазифамиздир.
 
  О.Наимов  “Армижон” жоме масжиди имом хатиби
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш