“Такфир”чилар – хавориж фирқасининг ғоявий издошлари

25-06-2021, 10:04 admin Мақолалар 594

“Такфир”чилар – хавориж фирқасининг ғоявий издошлари

Бандаларини тоқатларига яраша амалга амр қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!
Умматларини осон йўлдан бошлаган маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога мукаммал салавоту дурудлар бўлсин!
Яратганнинг иродаси ила мусулмон олами ўзининг тарихи давомида яхши ва нохуш ҳолатларни бошларидан кечирган.Тарихга назар солсак , тушкунлик ҳолатлари ўзининг алоҳида хусусиятлари билан ажралиб туради. Одам боласининг бахтли,фаровон, озод, чинакам инсондек умр кечириши йўлида жуда оғир ва машаққатли синовларни бошдан кечирди. Бу синовларни кучли эътиқод ва соғлом тафаккур билан енгиб ўтиб, тарихда содир этган, хато ва камчиликларни, келажакда такрорламаслик учун хулоса чиқара олган.
Қуйида Ислом ақидасига бевосита боғлиқ бўлган “такфир” тушунчаси ҳақида сўз юритмоқчимиз. “Такфир” тушунчаси бировни “кофирга” чиқариш, “кофир” деб хисоблаш маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб “кофир” деб ҳукм қилиш ўта ҳатарли бўлиб, асло мумкин эмас. Ислом тарихидан маълумки,мусулмонни гуноҳи сабабли “кофир” дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар “хавориж” фирқаси бўлган.Улар мўмин киши гуноҳ иш қилса “кофир” бўлади, исломдан чиқади дейди. Бу фирқанинг динда ғулувга кетиб мусулмонларни “кофир”га чиқаришдан бошқа ишлари бўлмай қолди. Шариатга зид бўлган бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб , инсонларнинг бехисоб қонларини тўкилишига олиб келди.
Пайғамбаримиз Ҳабиби муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламолар ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан ўзларини жуда эҳтиёт қилганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлигини ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.Ислом уламолари “хавориж”ларчалик динга зарар етказган куч бўлмаган деб таъқидлайди.
Бирор мўъминнинг куфрига тўқсон тўққиз маълумот далолат қилса-ю, битта далил унинг мусулмонлигини билдириб турса, ана шу битта далилни олиш лозим, деган қараш Али ал-қори (р.ҳ.) томонидан айтилган. Али ал-қори (р.ҳ.) “ал-Фиқҳ ал-акбар”га ёзган машҳур шарҳида қуйидагиларни келтирган:
“Дарҳақиқат, олимлар зикр қилганларки, куфрга тааллуқли бўлган масалада қачонки куфрнинг тўқсон тўққиз эҳтимоли бўлса-ю, битта эҳтимол унинг тескариси бўладиган бўлса, муфтий ва қозиларга авлоси шуки, куфрга қарши эҳтимолга амал қилгайлар! Чунки, мингта кофирни қолдиришдаги хатодан кўра осонроқдир. Мазкур масалада равшани шуки, уни айтган кимсадан таъвилни (таъбирни) қабул қилиш керак бўлади. Бу айтилганга қарши чиққанлар бунга мухолифдирлар. Мана шунинг ҳаммаси ундан қасддан содир бўлгандадир” (Али ал-қори.Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар.)
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни кофирга чиқаришдан қаттиқ қайтарар эдилар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса иймоннинг аслидир: “Лаа илааҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз”,дедилар”.(Абу Довуд ривоят қилган.)
Имом Бухорий (р.ҳ.) ҳазратлари Абу Ҳурайра (р.а.) ва Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) томонларидан ривоят қилган ҳадиси шарифда пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Бирор кимса ўзининг биродарига: “Эй, кофир!” деса, бунга улардан бири мубтало бўлади”.
Имом Аҳмад (р.ҳ.) эса: - “Кимки биродарини кофирга чиқарса, унга икковидан бири дучор бўлади”, деган саҳиҳ ҳадиси шарифни ривоят қилиб қолдирган.(Аҳмад,2/6280).
Ҳанафийларнинг ишончли фиқҳий манбаларидан бўлмиш “ад-Дурр ал мухтор” ва “ар-Радд ал-муҳтор”да қуйидагилар битилган: “Билгинки, имкон қадар бирорта мусулмоннинг гапини яхшилик маъносига йўйиладиган бўлса, унинг куфрига фатво берилмайди! Аниғи шуки, уни қатл қилишга ва хотини талоқ бўлди, деб ҳукм қилишга фатво бериб бўлмайди. Яъни таъвил (таъбир) имкони бўлса, унинг куфрига ҳукм қилинмайди. Ёки таъвил шундай мумкин бўлсаки, шу гапни айтганнинг мақсади дини исломнинг ҳақиқати эмас, балки ўзининг ёмон хулқидан келиб чиққан ёхуд қабиҳ муомаласи сабабли бўлган, дейиладиган бўлса, ана шу вақтда кофирга чиқармаслик лозим бўлади! Унинг куфрида ихтилоф бўлса ҳам кофир деб фатво бериб бўлмайди. Агар битта заиф ривоят бўлса ҳам кофир деб фатво бериб бўлмайди.......
Афсус билан айтиш мумкинки, тарихдаги бу нохуш ҳолатлар хозир ҳам такрорланиб турибди. Ғулувга кетган тоифалар тарихда ўтган “хавориж” ларнинг ишини тақрорлаб аста-секин мусулмонларни кофирга чиқаришни давом эттирмоқдалар. Ўз доираларида “Ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг учдан иккиси мушрик ва кофир”, дейдиган гаплар тарқалди. Аста-секин тириклар қолиб, ўтган уламоларга ҳам осила бошладилар. Натижада уламоларимизнинг ўзларига ёқмайдиган гапларини топиб, уларни ҳам куфрда айблай бошладилар.Буларнинг дастидан Ашъарий ва Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳимо ҳам четда қолмади.
Фатҳ Қушайрий айтади: “Аллоҳ таоло мусулмон кишини ноҳақ куфрда айблаган кимсани жазолашга ваъда берган”.
Хулоса қилиб, айтиш мумкинки, такфир масаласи ва динда етарли маълумотга эга бўлмаган кишиларнинг Исломга нисбатан баъзи ҳаракатлари жуда хавфли холат бўлиб,бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрққан масаладир.....
Парвардигори оламдан бутун дунё осойишталигини ва мусулмонларнинг қонлари ноҳақ тўкилишига барҳам беришини илтижо қилиб қоламиз.

Зарафшон шахри бош имом хатиби: Комилжон Шодмонов.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш