“ Тинчлик кушандаси”
Тарихга назар солиб, одамзоднинг бахтли ва фаровон ҳаёти, чин инсондек умр кечириши йўлида кўпдан-кўп оғир ва машаққатли синовларни бошдан кечирганига гувоҳ бўламиз. Машаққатли бу нозик йўлдан чинакам бардош ,соғлом эътиқод ва тафаккур билан инсон зоти бошига тушган турли қийинчиликларни енгиб ўтиб, порлоқ келажак учун, хато ва камчиликларнинг такрор содир бўлмаслиги учун керакли хулосаларни чиқара олган.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизларга ислом динини дин бўлишлигига рози бўлди ва мусулмонлик неъматини бизга насиб қилди. Динимиз илм динидир. Илмсизликнинг оқибати вой бўлиши аниқ. Исломий тушунча ва масалаларни нотўғри тушуниб олиш ва нотўғри етказиш орқали бугун инсоният бошига жуда кўп ташвишлар ва фитналар тушмоқда.
Бунинг оқибатида бутун дунё мусулмонлари жаҳолат ва нодонлик қурбонлари бўлиб қолмоқда. Ана шундай, инсонни жаҳолат ва ҳалокатга гирифтор қилаётган ва тинчлик кушандаси бўлиб келган тушунчалардан бири “ҳижрат” дир. Ҳижратнинг шаръий истилоҳдаги маъно – мазмунини ва ҳукмини билмаслик оқибатида айрим мусулмонлар фалокатга юз тутмоқдалар.
Хозирги даврга келиб ,айрим тоифалар: “Ҳижрат хозир ҳам фарз. Ҳижрат қилмоқ вожиб бўлди.Кимки ҳижрат қилмаса, қаттиқ гуноҳкор ва ҳатто кофир бўлади”, деган фикрларни айтишиб, диндан яхши хабари бўлмаганларни бошни айлантириб, адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар.
Пайғамбаримиз, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилиб ўсган азиз ватани Макка шаҳридан Ясриб шаҳрига кўчиб ўтганлар, ўз давридаги мусулмонлар билан бирга Ясриб шаҳрига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғиз ўзлари кўчиб ўтмадилар. Чунки , у зоти шарифнинг атрофидаги барча мусулмонларга кўчиш фарз қилинган эди.Мана шу кўчиб ўтишлари араб тилида “ҳижрат” – “кўчиш” деб аталган. Ушбу ҳижрат сабабидан Ясриб шаҳри Мадина деб атала башланган ва Маккадан Мадинага кўчиб борганлар “муҳожир” – “кўчиб борувчи” ёки “кўчиб ўтувчи” лар деб аталган.
“Ҳижрат ҳозир ҳам фарз” ва шунга ўхшаш фикрларни ошкора айтувчилар ва “ҳижрат дининг асоси” дегувчилар ҳаворижлардир. Барчага уларнинг, аҳли суннат ва жамоатдан ташқари чиққанлари маълумдир. Бунга мисол қилиб ислом тарихидан биладиганимиз қуйидаги воқеани келтиришимиз мумкин:
Таниқли саҳоба Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу бир гуруҳ шагирдлари билан илк ҳаворижлар олдидан ўтиб қолибдилар. Унинг шогирдлари бу зотнинг кимлигини таништириб, “Бу Абдуллоҳ ибн Абу Авфо ҳазратлари бўладилар!”, дебдилар. Шунда Абу Феруз деган ҳавориж: ”Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!”, дебди. Улар бу гаплари билан , Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобасини ҳижрат қилмаган, деб туриб таъна қиляпти. Шунда у зот: “Аллоҳнинг душмани нима деяпти?”, деб сўрабдилар. Одамлар унинг: “Агар ҳижрат қилганида, қандай ҳам яхши одам бўларди!”, деяётганини айтишибди. Шунда, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳижрат қилганимдан сўнг яна ҳижрат бор эканми?!”, деб туриб, бундай дебдилар: - “Улар билан кўрашган ёки шу мақсадда вафот қилганларга жаннат башорати бўлсин!”.
Бу саҳиҳ экани таъкидланган ривоятнинг мазмуни шуки, “Ҳижрат бор, ҳозирда ҳижрат фарз, ҳижрат қилмаган яхши инсон бўлмайди”, дейдиганлар ҳаворижлар экан, ҳаворижларнинг бугунги кундаги давомчилари экан. Мазкур ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси хаворижлар билан курашган одамга жаннат башоратини берганлар.
Ҳижратни ҳозир ҳам фарз дейдиганлар саҳиҳлигини инкор қила олмайдиган, уларнинг ўзларининг “муҳаддис”лари ҳам саҳиҳлигини тан олган, аъло даражадаги саҳиҳ ҳадиси шариф борки, унда ҳозир ҳижрат йўқлиги аниқ-тиниқ (саҳиҳ) ва ҳеч қандай эҳтимолларсиз иборалар билан таъкидланган. Муҳаддислар султони Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг саҳиҳ ҳадислар тўплами “Саҳиҳи Бухорий” – “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарларида ўндан ортиқ жойида: - “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадиси шарифни келтирганлар, Ҳозирда ҳижрат фарз, деб оламга жар солаётганларнинг ўзлари айрим ихтилофли масалаларни қўзғаш мақсадида доим Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ номидан фойдаланадилар, у зотнинг асарларидан иқтибос келтиришни яхши кўрадилар. Аслида эса, у зот ривоятидаги, асарида ўндан ортиқ жойида келтирилган: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!”, деган мазмундаги ҳадис ҳақида лом-мим демайдилар. Ҳолбуки, бу ҳадис мансух бўлмаган, ҳукми бекор қилинмаган, балки унинг ўзи ҳижрат ҳукмини бекор қилувчидир. Унинг иборалари ва мазмуни жуда аниқ, ҳеч қандай эҳтимоллар йўқ, сариҳ ва саҳиҳ ҳадисдир!
Ҳанафий олимлар илм таҳсили ёки касбу кор мақсадида зарурат юзасидан вақтинчалик ҳижрат бўлиши мумкинлигини айтганлар, холос.
Аллоҳ таоло бизга ва ер юзидаги барча мусулмонларга шариат ҳукмларини туғри тушуниб ва бу йўлда адашмай, ихлос билан амал қилиш тавфиқини берсин.
Зарафшон шаҳри бош имом хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: Л.Мутахарова.