“ТЎҒРИ БЎЛСАНГ НАЖОТ КЎРУРСАН”
Аввал ҳилол бўлиб кўринди ёлғон,
Сўнгра қулоч ёзди улкан ёйсимон.
Роса кучга кириб тўлин ой бўлгач,
Дунёни Ёлғон деб айлади эълон.
Севимли шоиримиз Абдулла Орипов мазкур мисраларида ёлғоннинг кичиги кун келиб йириклашиб бутун оламни эгаллаши мумкинлигини таъкидлайди. Дарҳақиқат, дарахт ер остига мустаҳкам илдиз отгани каби ёлғоннинг уруғлари ҳам бугун бутун дунёга сочилган. Одамлар бойлик, мол-дунё орттириш илинжида турли бўҳтонларни ўйлаб топишмоқда. Яратганни тилга олиб, қасамлар ичаётгани, мақсади эса қандай йўл билан бўлмасин суҳбатдошини ишонтириб, режасини амалга оширишдир.
Доноларимиз "ёлғоннинг умри қисқа" дейишган. Вақти келиб ҳақиқат қарор топиши ҳаётда кўп бора ўз тасдиғини топган. Бироқ орадаги қисқа фурсатда оловнинг қора тутуни атрофга тарқаляпти. Иллат натижасида қанчадан-қанча соддадил кишилар ҳам маънавий ҳам моддий томондан зарар кўраётир. Яқин дўстлар юз кўрмас, ҳолингдан хабар олиб турган қариндош-уруғинг, эшигингни қоқмай қўядиган, ҳатто оилалар ажрим ёқасига тушиб қолмоқда.
Буюк адиб Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романида ҳийлагар Ҳомиднинг буҳтони туфайли икки оташин қалб анча вақтгача айро бўлган. Кумушнинг отаси бу найрангни тушуниб етганида Отабекнинг онаси уни Зайнабга мажбурлаб уйлантириб қўйганди. Шундай бўлишига қарамасдан Отабек ва Кумушнинг меҳр-муҳаббати устунлик қилиб, улар биргаликда яшай бошлади. Бироқ, Зайнаб аламидан Кумушга заҳар берди. Биргина ёлғон натижасида Кумуш ва унинг ҳомиласи нобуд бўлади. Севган ёридан айрилган Отабек ва Зайнабнинг тақдири эса ўзингизга маълум.
Ёлғон сўзлаш муқаддас ислом динимизда қаттиқ қораланган. Инсон, жамият манфаати учунгина бир нечтагина ўринда, истисно тариқасида ишлатишга рухсат берилган. У ҳам бўлса ажрашмоқчи бўлган эр-хотинни яраштириш мақсадидадир. Бу билан икки занжир узилишининг ва болалар етим бўлишининг олдини олишдир.
Динда уч-тўрт ёшар фарзандимизни узоққа кетиб қолмаслиги ва қоқилиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида "бу ёққа кел, сенга бир нарса бераман" деб чақириб, сўнг унга ҳеч нарса бермаслигимиз ҳам гуноҳ саналиши айтилган. Ушбу ҳолат зимдан қаралганда арзимас бўлиб кўринар. Аммо руҳшуносларнинг таъкидлашича, бундай вазият болаларда ёлғоннинг кўчасига илк қадам ташлашига олиб келар экан. Ота-оналар ўзлари билиб-билмаган ҳолда бунга сабабчи бўлишмоқда. Ҳақиқатдан ҳам гўдак хотираси мисоли оқ қоғоздир. Уни тўлдиришнинг бошланиш даври кўпроқ ота-она, ака-укалар билан кечади. Шу даврдан боланинг хотирасига энг гўзал фазилатларни: ростгўйлик, ҳалоллик, покликни сингдириш, келажакда унинг баркамол авлод бўлиб етишишига пойдевор бўлади. Зеро, ҳеч қайси бир ўғри, ёки фирибгар онасининг вужудидан шундай бўлиб туғилган эмас.
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. шу даражада ростгўй бўлганидан, қабиладошлари унга "Амин (ишончли)" деб ном беришган экан. Ул зот шундай марҳамат қилган: "Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам, рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам ёлғондан сақланинглар. Чунки, барибир ёлғоннинг охири вой", – деган эканлар.
Амир Темурнинг муҳри устида учта ҳалқанинг шакли бўлган. Унга "рости ва рости" деб битилган. Бу сўзлар "тўғри бўлсанг нажот кўрурсан" деган маънони англатган. Ростгўйлик инсоннинг маънавий бойлиги бўлиб, уни ҳамиша олий бахт сари етаклайди. Бу борада Пайғамбаримиз ва буюк Соҳибқирон каби аждодларимиз бизга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилаётир. Ростгўйлик мазмунли умр ва барча эзгуликларнинг таянчидир. Зеро, инсон жамиятда гўзал фазилатлари ила меҳр-муҳаббатга сазовор бўлади.
Навоий шаҳар бош отинойиси Бурхонова Чинни.