Ёлғоннинг зарарлари

18-01-2017, 10:10 Istamjon Khamrayev Мақолалар 1 899

(Мўмин киши ёлғон гапирмайди)
Динимизнинг асосий манбалари бўлмиш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда тилга эҳтиёт бўлиш қайта-қайта таъкидланган. Ёлғон сўзлаш, ёлғон гувоҳлик бериш мўмин кишига буткул ёт экани айтилган.
Зеро, ёлғончилар бу дунёда эътибордан қолсалар, охиратда турли хил азобларга йўлиқадилар.
Аслида ёлғонни иймонсиз кишиларгина тўқийдилар. Чунки улар ёлғон гапирса гуноҳ бўлиши, у дунёда азобланиши ҳақидаги эътиқодда бўлмагани учун оқибатини ўйламай ёлғон тўқийверади. Ваҳоланки, ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик бериш гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Қуръони каримда ёлғон ҳақида бир юз олтмиш еттита оятда тўхталиб ўтилган.
Аллоҳ таоло ёлғончиларни қоралаб, шундай марҳамат қилади:
إِنَّمَا يَفْتَرِي الْكَذِبَ الَّذِينَ لاَ يُؤْمِنُونَ بِآيَاتِ اللّهِ وَأُوْلـئِكَ هُمُ الْكَاذِبُونَ {105}
“Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнииг ўзлари ёлғончилардир” (Наҳл, 105).
وَمِنَ النَّاسِ وَالدَّوَابِّ وَالْأَنْعَامِمُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ كَذَلِكَ إِنَّمَا يَخْشَى اللَّهَ مِنْ عِبَادِهِ الْعُلَمَاء إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ غَفُورٌ {28}
“Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас“
( Ғофир, 28).
انظُرْ كَيفَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللّهِ الكَذِبَ وَكَفَى بِهِ إِثْماً مُّبِيناً {50}
“Аллоҳ (шаънига) га қандай ёлғон тўқишларини кўринг. Шу (туҳматнинг ўзи) аниқ гуноҳ учун етарлидир” (Нисо, 50).
Мўминлар ёлғонни катта гуноҳ деб билишади ва ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқишади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилади: “Мунофиқнинг белгиси учта: Сўзласа-ёлғон сўзлайди, ваъдасини–бажармайди, омонатга хиёнат қилади” (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ривоят қилган).
Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: ” Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта иймондан четлатувчидир”- деганини эшитдим.
Кўча-куйда, бозорда, уловда, маъракаларда, қаерда бўлманг эътиборсизлик билан гапирилаётган “ёлғон”га дуч келиб турамиз.
Баъзилар ёлғон эшитишга ва гапиришга шунчалар кўникиб кетишганки, гапираётган киши ҳам, эшитаётган ҳам, ёлғонлигини била туриб бир-бирини бу гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилмайди, гўёки худди шундай бўлиши керакдек, одатий ҳолга айланган.
Баъзан, бир воқеанинг уч-тўрт хил “талқини” ни эшитамиз. Бу хабарлар бирор аниқ манбаъга ёки мутасадди ташкилотдан олинган расмий маълумотларга асосланмайди. Ҳар ким ўзидан ҳар хил “тафсилот”лар қўшиб, бошқаларга етказишга шошилади. Гапираётган кишилар тил, ёзганлар қалам масъулиятини унитиб қўйишади. Холбуки, ўзи аниқ билмаган нарсаларни сўзлаш ёлғончиликка, ёлғон гувоҳлик беришга киради. Бу эса фитналарга сабаб бўлиши мумкин.
Янги асрда ахборот тезлиги тараққиётга ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, айни чоғда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Баъзи оммавий ахборот воситалари, интернет ва уяли телефонлар орқали келаётган аралаш-қуралаш, тўғри бўлмаган маълумотлар жамиятнинг ижтимоий ва маънавий ҳаётига салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти.
Шунингдек, ҳозирги кундаги бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадларига эришиш учун оят ва ҳадисларни ўзларича талқин қилишлари натижасида турли хил фитналар келиб чиқмоқда ва айбсиз одамларнинг ноҳақ қони тўкилишига сабабчи бўлишмокда.
Ёлғоннинг жамиятга ҳам, инсонга ҳам зарари шунчалар кўпки буларни санаб тугатиш қийин. Инсонга нисбатан зарари шуки: унга зулм қилинади, бир оғир ёлғондан қилинган туҳмат билан бир кишининг ҳаёти салбий томонга кескин ўзгариб кетиб, мол-мулки, шаъни ва обрўси ҳатто соғлигига ҳам зарар етиши мумкин ва ҳакозо.
Ёлғончилар кўпаяверса жамиятга тегадиган зарар унданда улкан. Одамлар орасида бир-бирига ишонч йўқолади, ваъдага вафосизлик, хиёнат, туҳмат, ёлғон гувоҳлик бериш оддий ҳолга айланади. Оилаларда ва жамиятда бир-бирига ишончсизлик ортса, аҳиллик йўқолади. Бу нарсалар келгуси авлодларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди ва маънавий қашшоқликка олиб боради.
Хусусан, фарзанд тарбиясида ота-оналар ва устозлар болаларга умуман ёлғон гапирмасликлари зарур. Агар ўзлари ёлғон гапирсалар-у яна улардан ростгўйликни талаб қилсалар ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Ёлғон ва алдовни кўрган болада ўзининг тарбиячиларига ва қолаверса жамиятга бўлган ишончи ва эътибори йўқолади, тарбиячиларининг панд – насиҳатлари қадрли бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом болаларга уларнинг эътиборини тортиш, тинчлантириш ёки ҳайратга солиш учун ҳам мутлақо ёлғон ишлатиш мумкин эмаслигини уқтирганлар.
Уламоларимиз фақат икки жойда, жанг майдони(Ҳарбий ҳийла)да ва икки уришган кишининг ўртасини ислоҳ қилишда ёлғон гапириб бўлса ҳам яраштиришга рухсат дейишган. Шундай бўлсада ёлғоннинг салбий оқибатларини ўйлаган киши ёлғон рухсат этилган ўринларда ҳам ёлғон аралаштирмаслиги афзалдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умрлари давомида ёлғон гапирмаганлар, “Ёлғончи менинг умматим эмас” деганлар. Биз мусулмонлар У зоти шарифдан ўрнак олган ҳолда, Аллоҳ таолонинг ростгўй бандаларидан бўлишга интилишимиз керак.

“Имом ал-Бухорий” жомеъ
масжиди имом хатиби Абдумажид Мустафоевскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш