“Яхшилик ва тақвода бирлашайлик “!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиим.
Аллоҳ таолога чексиз ҳамду- санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал дуруду саловатлар бўлсин!
Аллоҳ субҳонаҳу таоло ўз каломида шундай марҳамат қилган : (Эй Муҳаммад алайҳиссалом ! ) Парвардигорингиз асаларига ваҳий қилди (буюрди) : “Тоғларга, дарахтларга ва улар (одамлар ) қурадиган уйларига ин солгин. Сўнгра турли мевалардан еб , Парвардигоринг (сен учун) осон , қулай қилиб қўйган йўллардан юргин !” Унинг қорнидан алвон рангли ичимлик - асал чиқур . Унда одамлар учун шифо бордир . Албатта бу ишда (яъни шу митти жониворларнинг ҳам одамлар учун хизматкор қилиб қўйилишида ) тафаккур қилувчи қавмлар учун оят -ибрат бордир . (Наҳл сураси ,68-69 оятлар ).
Оддийгина мавжудот асаларига Яратгувчи томонидан барча маҳлуқотлар афзали одам зурриётларига хизмат қилмоқликка ва уларнинг дардли жисмига шифо бўладиган дардидаво асални йиғиб бермоқликка ,яъни асал йиғмоқлик вазифасини Аллоҳ ҳикмати билан кўрсатмалари асосида қонун -қоидаларига амал қилган ҳолда бажаришга буйруқ берилганлик хабари берилди .
Шу жажжи -жимитдеккина жонивор ҳеч оғишмай инсон тафаккури лол қоладиган тарзда буюк Яратувчисини амрини бекаму-кўст бажариб, инсон умрини узайишига дарддан фориғ бўлишига сабабчи бўлиб келмоқда. Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ бизга чексиз неъматларни ато этиб жамики мавжудот , махлуқот ,борлиқни бизга бўйсундириб қўйиб асаларига буйруқ берган каломи Қуръони каримда биз инсонларга ҳам истиқоматда бўлишимиз жараёнида бажаришимиз лозим бўлган вазифаларни белгилаб берган .
”Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг . Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг ”деб марҳамат қилган . ( Моида сураси , 2-оят ).
Энди бир фикрлаб кўрайлик : Олий тафаккур соҳиби биз инсонларчи ? Асаларидан ўрнак ололаяпмизми? Ўзимизга юклатилган вазифаларни шу заҳматкаш асалари сингари бехато адо этаолаяпмизми? Агар хато қилсак тавба қилиб истиғфор айтаяпмизми?. Энг кўп хато-камчилик оилавий маъсулиятларни бажара олмаслик туфайли оилавий ажримларни кўпаяётганлигидадир. Ажримлар сабаб фарзандлар тўғри тарбия ололмасдан аламзада бўлиб ўсаётганлигида деб билмоғимиз зарур.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар : “Иблис тахтини сув устига қўяди , сўнгра аскарларини жўнатади . Уларнинг энг баланд мавқеълиси – фитнаси каттароғидир. Улардан бири Иблиснинг олдига келиб , “Мен бир кишини хотинидан ажратмагунимча уларнинг олдидан кетмадим “деса , Иблис ўша фитначини ўзига яқинлаштиради ва “Ҳа , сен (хослардансан)” деб , уни ўзининг жамоасига қўшади “.(Имом Муслим ривояти ).
Иблис аскари оилани, икки кишини орасини бузиб ниятига эришди . Эндиги навбат уларнинг фарзандларини тарбиясини бузиш ва бутунлай йўлдан оздириш , икки томонга тегишли бўлган қавмларини орасини бузиш ва уларнинг орасига адоват уруғини сочиб бир-бирларини кўрсалар қирпичоқ бўлишгача борадиганлардан қилиб қўйишдир. Иблис васвасага соладиганлар Аллоҳга шукронаси йўқлар бўлиб Аллоҳни зикр қилмайдиганлардир.
Аллоҳдан қўрқадиган қалби бор киши фаҳш, зино ,хиёнатга яқинлашмайди. Аллоҳ берган жаннат райҳони қиз фарзанд неъматига ношукурчилик қилиб аёлини фақат қиз туғишда айблаб хўрламайди . Аёллар эса ўз жонлари ва қиз фарзандлари жонларига суиқасд қилиб(Совунгар маҳалласидаги онанинг икки нафар қиз фарзандлари ва ўзини поезд тагига ташлаб ўлдириши воқеаси ) Аллоҳнинг берган неъматига исёнкорлик қилиб ғавғо кўтармайдилар. Ўз фарзандларини ўлдираётган ёки сотаётган аёлларни ,ичкилик ичиб кайф устида жиноят содир этаётган аёлларнинг номақбул ишларини ўзбек миллати тарихи ҳеч бошидан кечирганми?.
Миллат бешигида ўниб , юрт тузини еб бугунги кунда ўзгалар қўлида қўғирчоқ бўлиб Ватан тупроғига ғараз билан қадам босаётганлар ёки четдан туриб тўрт сўм пул эвазига миллатига юртига ва илм аҳлига , юрт фидокорларига туҳмат тошини отаётганларчи ?.
Бундай кимсалар бизнинг динимизга хос миллатимизга мос эмас , битта бўлса кўп иккита бўлса зиёда, бундай кимсалар бизларга ётдир! Ана шундай кишиларни келиб чиқишини суриштирсангиз албатта оилавий келиб чиқишида бир нуқсони топилади.
Оилавий муносабатлардами, фарзанд тарбиясидами, дўсту биродар , қавму -қариндошлар ,ёки жамиятда бирга яшовчиларнинг ўзаро муносабатларидами ҳамма-ҳамма амалларимизда хато ва камчилик ва гуноҳлар бисёр.
Донолар айтадилар: Фарзанд тарбиялашда агар “Деворнинг қулоғи бор деган жумлани ўрнига “Ҳар бир айтилган сўзни ёзиб оладиган фаришталарнинг қалами бор ”деган жумлани алмаштирсак эди , Аллоҳдан қўрқадиган ,фақат Роббидан умид қиладиган авлод етишиб чиққан бўлдур эди.
Ўзаро муносабатларда донолар шундай йўл тутмоқликни тавсия этадилар: “Ҳаётингда дўстларингни хатоларини ташлаб юборадиган бир чуқур кавлаб қўй ! Аммо улар билан аразлашиб қолганингда орқага қайтадиган йўлни унутишинг керак” дейдилар.
Жамиятимизда содир бўлаётган жирканч ва аянчли иллатлардан қутулиш ва покланиш билан нурли саодатга яъни икки дунё саодатига етишишнинг ягона чораси лоқайдлик ботқоғидан чиқиб дахлдорлик ҳисси билан яшашдир. Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ёшидан қатъий назар тафаккурини илм билан кенгайтириб ,хулқларини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан зийнатлайдилар ва Аллоҳ буюрганидек маърифат гулшанида “Яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қиладилар”.Шундагина Иншааллоҳ биз кўзлаган натижага эришамиз.
Навбаҳор тумани бош имом хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари : С. Хушматова.