“Нурчилар”га раддия.

26-02-2021, 08:55 admin Мақолалар 492

“Нурчилар”га раддия.
Қайси даврда бўлсин, қайси маконда бўлсин дин оқимлари чиқиб “Биз ҳақ динни даъво қиламиз, биз мусулмонларни Қуръон ва ҳадисга чорлаймиз, чунки бугунги кундаги мусулмонлар Қуръону ҳадисдан узоқлашиб кетди. Натижада мусулмонлар қолоқ бўлди ва бошқа миллатларга қарам бўлди. Бу иллатлардан қутулиш учун ҳақ йўлга қайтиш керак. Бу ҳақ йўл Қуръону ҳадисдир” деган катта ва чиройли ғоялар билан чиқишади. Аслида эса буларни бераётган фатволари Қуръонга ҳам, ҳадисга ҳам ва уламолар фатволарига ҳам тўғри келмайди. Балким фатволари сиёсий ғоялардан иборатдир. Ваҳоланки вақт ўтиши билан сиёсат ўзгаради, эскиради. Дин эса ундай эмас. Шунинг учун динни сиёсийлаштирганлар аслида Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва ақоид илмларидан узоқлашиб ўзлари ҳам адашиб ўзгаларни ҳам адаштириб юради. Бунга “Нурчилар”ни берган фатволаридан ҳам мисол келтириш мумкин. Фатволаридан баъзилари қуйидагича:
Христиан дунёси билан алоқаларни қатъий чегаралаш шарт.
Ҳукуматни фаолиятини махсус диний уламолар кенгаши назорат қилиши лозим.
Буларнинг фатвосига аллома доктор Юсуф Қарзовий чиройли жавоб қайтариб “Агар биз динда мухолиф бўлганлар билан муомалада ва алоқада қандай бўлиш кераклигини билмоқчи бўлсак қуйидаги Қуръондаги иккита оятни билишимиз муносиб бўлади”.
“Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир”
“Албатта, Аллоҳ сизларни диний уруш қилувчилар, диёрингиздан чиқарувчилар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарадир. Уларни дўст тутганлар золим кишилардир” (Мумтаҳана сураси 8, 9 – оятлар).
Юсуф Қарзовий ҳазратлари бу оятни шарҳлаб “Ҳамма инсонларга яхшилик ва адолат қилиш мусулмонлардан талаб қилинган нарсадир. Гарчики уларни динини инкор этувчи кофир бўлсалар ҳам. Аввалги оят яхшилик қилишга ундаяпти. Яхшилик эса адлдан устун турадиган нарсадир. Шунинг учун ҳам бошқа оятда ота-онага яхшилик қилгин дейилган.
Ислом ҳаётнинг барча соҳаларида ҳам турли дин вакиллари бир жамиятда, биргаликда яшашлари учун керак бўлган қонун-қоидаларини йўлга қўйди.
Мисол учун, энг нозик масалалардан бўлмиш оила ва озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳамма динлар, ҳамма тузумлар бу икки масалага алоҳида эътибор берадилар. Ислом эса, бу икки нарсага ҳаммасидан ҳам кўра нозик иш сифатида қарайди. Шундоқ бўлса ҳам, турли дин вакиллари бирга яшашлари, бир-бирларига кўнгил қўйишлари, бир-бирларини меҳмон қилишларини ҳисобга олиб, мусулмонларга бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриш ва улар сўйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилишни ҳалол қилди.
Аллоҳ таоло бу ҳақда «Моида» сурасида:
«Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қи-линди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфа аёллар ҳам (ҳалолдир)» (5-оят).
Ушбу ояти карима ҳукмига биноан, мусулмон шахс самовий китобга эга дин аҳлларининг таомини тановул қилса ва уларга ўзи таом берса, шунингдек, уларнинг аёлларига уйланса, бўлади.
Пайғамбар алайҳиссалом Мадийнага ҳижрат қилганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома тузиб, тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин вакиллари билан шахсан яхши алоқада бўлар, уларга гўзал муомала қилар эдилар. Жумладан, уларга ҳадялар бериб, улар томонидан қилинган ҳадяларни қабул қилиб ҳам олар эдилар.
Мисрлик бир масийҳий аёл Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Миср волийси Амр ибн Осс унинг ҳовлисини масжидга қўшиб олгани ҳақида шикоят қилади. Суриштирилганда, аёлнинг ҳовлисининг пули ортиқча нархи ила Байтул молда тургани маълум бўлади. Шундоқ бўлса ҳам, ҳазрати Умар янги масжидни бузиб, масийҳий аёлга ҳовли-жойини тиклаб беришга амр қиладилар.
Машҳур халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг шахсий табиби Ибн Ассол исмли насроний табиб бўлган. Халифанинг котиби эса Саҳнун исмли масийҳий бўлган.
Халифа Марвон ибн Ҳакам Атанасиюс исмли насроний кишига Мисрда давлат мансабларини берган ва у, охири келиб, давлат девонлари раиси мансабига эга бўлган.
Хулафолар давридаги аввалги мусулмонлар Несторий насоролари ва яҳудийлардан бўлган олимларни эҳтиром қилиш билан кифояланиб қолмаганлар. Балки, уларга улкан ишларни ишониб топширганлар. Уларни давлат мансабларига кўтарганлар. Ҳаттоки, Ҳорун ар-Рашид барча мадрасаларни текшириб туришни насроний Ҳално ибн Мосавайҳга топширган. Олимнинг яшаган юртига, унинг динига қаралмас эди. Фақатгина унинг илм ва маърифатдаги маконатига қаралар эди».
Ислом мана шундай бағри кенг диндир. Минг афсуски, нурчи ва унга ўхшаган сиёсий гуруҳлар Ислом динини нотўғри тушунтириб, Пайғамбаримиз ва саҳобалар тарихини унуттириб мусулмон бўлмаган миллатлар билан ўзаро адоватда яшаш керак деган тушунчаларни ёшларга сингдириб келган. Натижада кўп ёшлар ўз йўлидан адашишга ҳам улгуришди. Биз ёшларга қарата айтамизки “Илм фарздир. Илмни ўқиб тўғри йўлдан адашманг” деб қоламиз.

“Зарафшон” жоме масжиди
имом хатиби Шодмонов Комил
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш