МУҚАДДАС РИШТА - НИКОҲ!

21-09-2020, 14:00 admin Мақолалар 605

Муқаддас ришта - никоҳ алоқаси боғлангандан сўнг эркаклар зиммасига масъулиятлар юклангани каби, аёлларга ҳам бир неча вазифалар юкланади никоҳ муносабати билан хонадонга янги бир аёл тушириб келинса, уни келин номи билан оила аъзолигига қабул қилинади. Шу кундан бошлаб ўзининг кичик оиласи – эри ва яна катта оила – эрининг ота-онаси ҳамда яқинлари билан иноқ муносабат ўрнатиш келининг бурчидир.
Келин ҳам оиланинг бошқа аъзолари каби ошхона ишларида, уй-жой ва ҳовли озодалигини тартибга солишда, ёши катталарнинг хизматини қилишда ердам бериши талаб этилади Хонадон аъзоларининг касб-у кори, шароитдан келиб чиқиб, бошқа ишларга ҳам хисса қўшиши мумкин. Динимиз келиннинг зиммасига баъзи мажбуриятларни юклайди
Аёл киши эрига итоаткор бўлиши. Аёл киши гуноҳ бўлмаган барча ишда эрига итоат қилиши лозим. Аёлнинг эрига итоат қилиши нақадар буюк фазилат ва бахт эканлиги ҳақида Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
“Аёл беш вақт намозини ўқиса, (йилда) бир ой (фарз) рўзасини тутса, ўз фаржини ҳаромдан сақласа ва эрига итоат қилса, унга жаннатнинг истаган эшигидан кир!”, - дейилади”
Аёл киши фақат эрининг розилиги билангина кўчага чиқиши. Чунки, мантиқан ўйлаб қаралса ҳам, уй аёл кишининг фитрати ва табиатига мос бўлган фаолият майдони ҳисобланади. Эркак киши кўчадаги ишлар, пул топиш, рўзғор тебратиш учун масъул экан, ўз-ўзидан болаларни парваришлаш, уларни уй ичида едириб-ичириб ўтиришга, кийим-кечакларни ювиб, дазмоллашга вақти бўлмайди. Бу табиатан аёл кишининг фитрий вазифаларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга хитобан: “Ўз уйларингизда қарор топингиз...!” деган (Аҳзоб сураси, 33-оят
Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Эрнинг хотини устидаги ҳаққи аёлнинг эр рухсатисиз уйдан чиқмаслигидир. Агар шундай қилса, (яъни, эр изнисиз кўчага чиқиб кетса) то тавба қилгунча ёки уйга қайтгунча Аллоҳ ундай аёлни лаънатлайди” (Имом Байҳақий ва Имом Таёлисий ривоятлари).
Албатта, бу зикр қилинган оят ва ҳадислар аёл кишининг умуман кўчага чиқиши мумкин эмаслигини англатмайди. Балки, бу – уйнинг ишларини зое қилган ҳолда бесабаб, эрига айтмасдан кўчага чиқиб кетавериш, саёқ юрадиган бўлиб қолиш каби салбий ҳолатларга тааллуқли. Ҳолбуки, эрига айтиб ўз эҳтиёжи учун кўчага чиқиш, ота-онасини кўриб келиш ва ҳоказолар, албатта, шариатимизда мумкин бўлган ишдир.
Хотин эрининг ҳаққини ўз ҳаққидан ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши керак. Чунки зиммасидаги эрининг ҳаққи жуда каттадир. Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Аёл киши эри борида, унинг изнисиз рўза тутиши ва унинг изнисиз уйига бировни киритиши ҳалол бўлмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Эри тўшакка чақирганда, унга тўсқинлик қилмаслиги. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қачон эр хотинини ҳожати учун чақирса, у гарчи тандир олдида турган бўлса ҳам дарҳол келсин” (Имом Термизий ва Имом Насаий ривоятлари).
Аввалги вақтларда тандир олдида нон ёпиб туриш энг нозик ва зарур ишлардан бўлган. Аёл киши нима бўлса ҳам ёпаётган нонини ташлаб кета олмаган. Аммо, шундай бўлса ҳам эри уни ўз ҳожатига чақирса, аёл киши эрининг чақириғига жавоб берсин, деб таъкидланмоқда. Демак, аёл киши эри хоҳлаган вақтда, шаръий узр бўлмаса, унинг эҳтиёжини қондириши керак. Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатлар назарда тутилади.
Хотин киши Аллоҳ таоло эрига берган насибага рози бўлиши ва унга инжиқлик қилмаслиги керак. Аёл киши эри топган нарсага шукр қилиб, қаноат либосини кийиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Балки, эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Ўтган салафи солиҳларимиз эрларини кузатаётиб, шундай деган эканлар: “Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига чидай олмаймиз”.
Афсуски, баъзи аёллар бошқа эрни ўз хотинига сарфлаган нарсаларини мисол қилиб, эрларидан худди шундай таъминот талаб қиладилар. Ҳолбуки, дунёвий соҳада инсон ўзидан юқоридагига эмас, ўзидан пастроқдагиларга қараши айни динимизнинг кўрсатмаси саналади. Ана шунда инсон ўзининг қанчалар кўп неъмат ичида эканлигини ҳис қилиб, шукр қилишни бошлайди. Шу маънода Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ўзингиздан пастдагиларга қаранг, ўзингиздан юқоридагиларга қараманг! Зеро, шу иш (яъни ўзингиздан пастдагиларга қарашингиз) Аллоҳнинг сизларга берган неъматини камситмаслигингизга ундайди” (Имом Муслим ва Имом Ибн Можа ривоятлари).
Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини риоясини қилиши, уни ҳурмат ва қадрлаши лозим. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини “Аллоҳ ҳалок қилгур, унга озор берма! У сенинг олдингда вақтинчалик меҳмон бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб, бизнинг олдимизга келади”, – дея хитоб қилади
Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига ва бошқа кўплаб нохушликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг аъзолари яхшилаб тушуниб олиши керак.
Аллоҳ таоло барча жонзотларни, шунингдек, инсонларни ҳам жуфт-жуфт бўлиб яшашга мос ҳолда яратган. Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг барча даврларида ҳар қандай тузум ва шароитда ҳам инсонларнинг асосий ва муҳим ишларидан ҳисобланиб келган.
Оила инсонни саодатини таъминловчи муқаддас қўрғондир.
Оилада эркакнинг масъулияти алоҳида қайд қилинган. Аллоҳ таоло эркак кишини руҳий ва жисмоний жиҳатлари билан аёлдан фарқли ўлароқ уни оила раҳбари бўлишга мос ҳолда яратган. Оила қуриш ва уни нафақа билан таъминлаш, осойишталигини сақлаш ва бу йўлдаги барча сарф-ҳаражатлар эркакнинг зиммасидадир. Аллоҳ таоло эркак кишига оиладек муқаддас қўрғонга раҳбарлик қилиш вазифасини юклаб, ўзига юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этишга буюриши билан бирга бундай оилаларнинг бахтли бўлишларига ҳам йўл кўрсатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб- Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси 34-оят).
Эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий, ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчи мавжуд. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
яъни: “...Улар билан тинч тотув турмуш кечирингиз...” (Нисо сураси 19-оят).
Дарҳақиқат, Ислом дини ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшади. Бу хусусда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам бундай марҳамат қилганлар:
яъни: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” (Имом Термизий ривояти).
Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсонлардан ҳоли эмас. Шундай экан, эркакларга ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом ва бахтиёр бўлишини кўзда тутган ҳолда уларга вақти-вақти билан панду насиҳат қилиб туришлиги лозим бўлади.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қиладилар:
яъни: “Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг ҳулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа ҳулқини ёқтириши мумкин” (Имом Муслим ривояти).
Эркак кишининг энг катта бурчи ўз қарамоғидагиларнинг ўзгаларга қарам бўлиб қолишига йўл қўймаслигидир. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларининг бирида:
яъни: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади” (Абу Довуд ривояти), дея марҳамат қилганлар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб қўймоқдалар. Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфту ҳалолларини ўзга юртларга бориб ишлаб пул топиб келишга мажбурлаётганликлари ва аёлини топган маошига кун кечираётганликлари ҳам маълум бўлмоқда. Бундай ҳолатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам эркакларга мурожаат қилиб, бундай дедилар:
яъни: “Аёлларни ҳақларида Аллоҳдан қўрқинглар”-деди. Шунда саҳобалар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламдан сўрадилар: “Зиммамизда аёлларимизни қандай ҳақлари бор?” Он ҳазрат айтдиларки: “Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, (Абу Довуд ривояти) -дедилар.
“Бир киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуникига ўз жуфти ҳалолининг бадҳулқлигидан шикоят қилиб келди. Унинг дарвозаси олдида чиқишини кутиб турди. Бирдан ичкаридан Умар (розияллоҳу анҳу)нинг хотини унга тил чўзаётганини, унга нисбатан қаттиқ-қуруқ гаплар айтаётганини эшитиб қолди. Умар (розияллоҳу анҳу) сукут сақлар, аёлига гап қайтармас эди. Ҳалиги келган киши ортига қайтди. Ичида: “Мўминларнинг амири бўла туриб, шиддат ва салобатда донг таратган бўла туриб, Умарнинг ҳоли шу бўлса, мен хафа бўлмасам ҳам бўлар экан”, -деди. Умар (розияллоҳу анҳу) чиқиб, унинг қайтиб кетаётганини кўрди ва олдига чақирди-да:
“Менда нима ишинг бор эди?” -деди.
“Эй мўминларнинг амири! Мен жуфти ҳалолимнинг бадҳулқлигидан, тилининг ёмонлигидан шикоят қилгани келган эдим. Сизнинг жуфти ҳалолингиз ҳам ўшандай эканини билиб, “Мўминлар амирининг ўз аёли билан ҳоли шу бўлса, менга нима бўлибди”, деб ортимга қайтдим”, -деди.
Шунда Умар (розияллоҳу анҳу) унга қараб шундай деди:
“Ҳой биродар! Мен унинг менда ҳаққи борлиги учун чидайман. У менинг таомимни пиширувчи, нонимни ёпувчи, кийимларимни ювувчи, болаларимни эмизувчидир. У билан қалбим ҳаромдан таскин топади. Шунинг учун унинг гапларига ва қилмишларига чидайман”.
“Эй мўминларнинг амири! Менинг жуфти ҳалолим ҳам шундай”, -деди ҳалиги киши.
“Бас, унга нисбатан чидамли бўл, эй биродар, бу қисқа муддатдир”, -деди Умар розияллоҳу анҳу.
Фарзандларни одатда оналар эмизиб, тарбия қиладилар. Моддий таъминот бўйича аёл эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиши мумкин эмас. Уламоларимиз айтадиларки, эрининг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган аёллар гуноҳкор бўладилар.
Эрнинг ўз аёлига яхшилик қилиш сирасига унинг ота-онасига ва бошқа қариндошларига ҳам яхшилик қилишлиги ҳам киради. Зотан, эрнинг уларга яхшилик қилиши шариатнинг талабидир. Ота-онага яхшилик қилиш қанчалик аҳамиятга эга эканини ҳар бир мусулмон киши яхши билади. Келин учун эрининг отаси ота ўрнида, онаси она ўрнида бўлганидек, куёв учун ҳам аёлининг отаси ота ўрнида, онаси она ўрнида бўлади. Шунингдек. Бошқа қариндошлар, амакилар, аммалар, тоғалар, холалар ва ҳоказолар ҳам.
Аёлига бўлган муҳаббатини сездириш учун эр мулойим бўлиб, унинг сўзларига эътибор билан қулоқ солиб, ҳамфикр эканини изҳор қилиб турмоғи лозим бўлади. Агар уйда аёл киши овқат пиширган бўлса, янги кийим кийса, бирор хабар ёки қиссани айтса, эр бу нарсаларга эътибор билан муносабатда бўлиб, ўз хурсандлигини, муносабатини баён қилиши даркор. Аёлига уй ишларида ёрдам бериб, бу соҳада ҳам унинг оғирини енгил қилиб туриши керак. Чунки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам аҳллари хизматида бўлиб, уй супуприб, ўз кийимларини ўзи ямаб, қўйларини соққанлар ва умматларига ҳам шундай қилишни буюрганлар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам бирон марта аҳли аёлларига қилган овқатларидан айб ахтариб шикоят қилмаган эканлар.
Рисоладаги эр аёлига лутф билан муомала қилиб, уни энг чиройли исмлар билан чақиради ва камчиликларини кечиради.
Ўйлайманки, ушбу зикр қилинган нарсаларда жамиятимиз ҳамда инсонлар учун мутлақо зарарли нарсалар йўқ. Биз оиладаги эр кишининг бурч ва вазифаларига қисман тўхталиб ўтдик. Томчилардан дарё ҳосил бўлганидек, оилада қут-барака, яхшилик, мустаҳкам асос эр-хотинларни ўзаро бир-бирларига чиройли муомала қилиши ва ҳамиша бир-бирларини тушуниб шукр қилиб яшашларидан туғилади.
Юртимиздаги барча оилалар бахту-саодатда, тинчлик-хотиржамликда яшашларини Аллоҳ насиб этсин!

Учқудуқ тумани "Мустакиллик" МФЙ отинойиси Файзиева Зилола
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш