Муқаддас ришта

20-02-2017, 09:00 Istamjon Khamrayev Янгиликлар 1 757

Маълумки, никоҳ инсон наслининг давомийлигини таъминловчи воситадир. Яратганнинг қудрат ва ҳикмати туфайли дунёдаги барча мавжудот жуфт-жуфт бўлиб ҳаёт кечирадилар. Бунинг натижаси ўлароқ янги авлод дунёга келади. Аллоҳ таоло инсонни эркак ва аёл жинсидан яратган экан, уларни Ўзи кўрсатиб бер¬ган шаръий никоҳ асосида оила қуришга буюради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:
“Эй йигитлар жамоаси! Қайси бирингиз уйланишга қодир бўлсангиз, уйланинг! Чунки уйланиш кўзни (номаҳрамга қарашдан) тийишга, фаржни (зинодан) сақлашга ёрдам беради. Кимдаким қодир бўлмаса, у ҳолда рўза тутсин. Чунки рўза уни барча ёмонликлардан сақлайди”. “Ўз жинсларингиздан Сизлар учун жуфти ҳалоллар яратиб берди, токи улар билан ҳаловатлик турмуш қургайсизлар. Ўрталарингизда меҳр-муҳаббат туйғусини пайдо қилди.
Бу эса Аллоҳнинг биру борлигининг нишоналаридандир. Ақл-идрокли фикр юритувчилар учун бунда кўп ишорат ва аломатлар бордир” (Рум, 21).
Инсон ҳаёти мобайнида оила қуради, фарзанд кўради ва шу тариқа ўз наслини сақлайди. Ислом дини ақидасида ҳали бола дунёга келмай туриб, унинг келажаги тўғрисида қайғуришга буюрилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бир ҳадиси шарифда:
“Аёл диёнати ёки молу-дунёси ёҳуд ҳусни жамоли учун никоҳ қилинади. Сен диёнатлисини танлагин, барака топгур!”, деганлар.
Уйланиш ниятидаги киши ўзига жуфти ҳалол танлаш вақтида, қиз (аёл)нинг фақат ҳуснига ёки бойлигига алданиб қолмасин, балки унинг хулқу одоби, дину диёнатига ҳам албатта аҳамият бериши лозимлиги таъкидланган. Чунки, баъзилар қизнинг ота-онасининг бойлигига қизиқиб уйланиб, сўнг миннат балосига гирифтор бўлганлар. Шунингдек, ҳусни-жамолига маҳлиё бўлиб, сўнг афсус-надомат чекканлар ҳам оз бўлсада учраб туради. Шу боис динимизда ахлоқ-одобли, оқила, ибо ҳаёли, аёллик иффати, нафосатига эга бўлган жуфти ҳалол танлашликка буюрилади. Бинобарин, қиз боланинг яхши рўзғор соҳибаси, келажакда ўз фарзандларининг суюкли, меҳрибон онаси бўлиб етишишларида ота-оналарнинг вазифалари беқиёсдир. Табароний ривоят қилган ҳадисда Жаноби Пайғамбаримиз, қуйидагича марҳамат қилганлар:
“Албатта, Аллоҳ таоло аёллар ила яхши муомалада бўлишларингизни тавсия этади. Чунки, улар сизларнинг оналарингиз, қизларингиз ва холаларингиздир...”.
Шунингдек, динимиз ота-оналарга қизларини имон эътиқодли, этиб тарбиялашни, бу йўлда учраган қийинчиликларга сабр қилишни тавсия этади. Уқба ибн Омир ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимнинг учта қизи бўлса, уларни тарбиялаш ва кийинтиришдаги машаққатларга сабр қилса, улар у киши учун дўзахдан тўсиқ бўлурлар”, ─дедилар.
Юқоридаги оят ва ҳадислардан маълум бўладики, аёлларга меҳр-шафқат назари ила қараб, яхши муомалада бўлиши ўша кишининг мусулмонлигидан далолатдир. Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, турмушга чиқадиган қизларнинг ота-оналарига қарата ҳам шундай тавсиялар берганлар: “Қачон сизлар (қизингизга) келган совчининг дину диёнатидан ва хулқидан рози бўлсангизлар, дарҳол унга қизингизни беринг. Агар шундай қилмасангиз ер юзида фитна ва фасод кўпайиб кетади”.
Мазкур ҳадисга биноан, бўлажак келин-куёв бир-бирларини сўраб суриштиришлари жоиздир. Чунки бу иш келажакда оиланинг янада мустаҳкам ва бахтли бўлишига хизмат қилади. Уйланиш ниятидаги йигит билан қиз бир-бирларини кўришлари ҳам жоиз. Бунга қуйидаги ҳадис да-лилдир:
Муғира ибн Шуъба (разияллоҳу анҳу) айтадилар, “Мен бир аёлга совчи қўйган эдим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, менга: “Уни кўрдингми?” дедилар. Мен: “Йўқ”, дедим. Шунда: “Уни кўргин, чунки кўриш орангизда муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади”, ─дедилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом никоҳ ақдининг боғланганини эълон қилиб қўйиш мустаҳаб эканини айтиб: “Ушбу никоҳни эълон қилинглар, ни-коҳни масжидларда қилинглар, уни эълон қилиш учун дўмбира чалинглар”, деганлар. Масжидда никоҳ қилишга буюришдан мақсад шуки, у ер одамлар тўпланадиган жой бўлиб, бундан кўпчиликни хабардор бўлишига имкон туғилади. Аксинча, яширинча никоҳланилса, бехабар кишилар келин-куёв ҳақида турли хил гап-сўзлар қилиб юриши мумкин.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда (маъноси):
“...Зинокорлик қилмай ва махфий ўйнаш тутмай иффатингизни сақлаган ҳолда маҳрларини бериб (уйланишингиз ҳалолдир)...” (Моида, 5) деган.
Демак, уйланишдан мақсад вақтинчалик кўнгилхушлик эмас, балки, насл қолдиришдир.
Дарҳақиқат, никоҳ вақтида эр томон хотинга маҳр тайин қилмоғи лозим. Ҳанафий мазҳабига биноан маҳрнинг энг озининг миқдори ўн дирҳамдан кам бўлмаслиги, аммо ундан кўп бўлиши келин-куёвнинг ўзаро келишувларига ҳавола. Маҳр эр томонидан бўлғуси турмуш ўртоғига унинг никоҳига кирганлиги учун бериладиган, кейин ҳам қайтариб олинмайдиган совғадир. Шундан кейин маҳр хотиннинг хусусий мулкига айланади.
Қуръони каримда шундай дейилади:
“Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол қабул қилаверингизлар” (Нисо, 4).
Шаръий тилда никоҳ тўйини “валима” дейилади. Бунда эр томон, уйланганлиги шарофатидан қавму қариндош ва яқинларини таклиф қилиб, меҳмондорчилик қилади. Бу шариатимизда жорий қилинган иш бўлиб, исрофга йўл қўймаслик лозим. Уламолар шариат манъ этган нарсага қилинган ҳар қандай харажат исрофдир деганлар.



ЎМИ навоий вилоят вакиллиги котибият мудири
“Жалойир” жоме масжиди имом-хатиби А.Ҳакимовскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш