Мустақиллик – менинг ҳаётимда...

3-09-2020, 14:40 admin Мақолалар 970

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бобою-момоларимиз асрлар давомида орзу қилган, лекин юракларида армон бўлиб қолган мустақиллик даврига соғ-омон етказган, дориломон кунлар қувончи ва шукуҳига гувоҳ бўлишни насиб айлаган оламлар Роббисига беадад ҳамду санолар ва шукроналар бўлсин. Силаи раҳм ва меҳр-оқибатни бизга суннат қилиб қолдирган ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в)га дуруду саловатлар бўлсин.
Мен бугун қўшимча адабиётлар, муборак манбаларга мурожаат қилмай, Ўзбекистоннинг бир оддий фуқароси сифатида Мустақиллик мен учун нечоғлик азиз эканлигини дил сўзларим билан баён этмоқчиман.
Аввало, Қўқон хони Худоёрхон саройида бош девонбеги бўлиб ишлаган бобокалонимиз (отамнинг бобоси) имом мулла Тошмуҳаммад; отам ва онамнинг падарлари, Бухорода "Мир Араб" мадрасасини тугатган мулла Абдулазиз ва мулла Абдуллаларнинг тўртинчи авлоди қиз бўлсамда, менда амалда ошган; улуғ Ҳаж зиёрати ва Умра ҳажларига боришдек армон бўлиб қолган орзулари учун Аллоҳга шукроналар бўлсин. Мендек оддий аёл, муаллиманинг бундай бахтга (ха, мен буни оддий бахт деб биламан) эришишга нима сабабчи бўлди? Албатта, Мустакиллик… У бўлмаганда мен ҳам аждодларим каби армон билан кўз юмган бўлардим:
Менга армон эди улуғ зиёрат,
Қалбим талпинса-да, қўл етмас манзил
Аллоҳнинг Байтини тавоф қилмоқ,
Ушалмас орзудир, эзар зил-замбилдир
Аллоҳга шукурки, келди нур-зиё,
Истиқлол шукуҳи қалбларга тўлди
Юртбошим туфайли замину само,
Озодлик нашъасини нелигини билди.
Бу мустақиллик менга берган бахт эди.
Навоий шаҳрига тез-тез бораман йул-йулакай кўчаларга, одамларнинг уйларига қараб, кузатишни жуда яхши кўраман. Кўчалар, хонадонларнинг ободлиги мени қувонтиради.
Йўлимизнинг бир қисми Самарқанд вилоятига қарашли. "Сулув" қишлоғи орқали ўтади. Бундан 10 йил илгари бу қишлоқ жуда кўримсиз, ночор аҳволда эди. Ичимда "Шундай қишлоқлар бор экан-да…" деб ачиниб ўтардим. Носоз кўприклар туфайли автомобилларнинг ўтиши вактинча таъқиқлаб кўйилган эди.
Энди келиб кўринг! Жуда рисоладагидек бўлмаса ҳам равон, ҳавфсиз кўчалар бир қаватли, икки қаватли шинам уйлар, йул ёқасига экилиб, хушбуй ҳид таратаётган чиройли гуллар баҳри дилимизни очади. Бу нима туфайли бўлди? Яна айтаман: мустақиллик бунга сабаб бўлди. Одамлар маданиятини, даврга мослаб яшаш, ейишни-ичишни одат қилишди. Обод кўча ва обод хонадонлар кўпайди. "Сулув" номи жисмига мос сулув бўлди.
Телевизорда халқаро олимпиадада биология, кимё фанларидан онлайн тест топшириб, олтин ва кумуш медал олган Қоракўллик ўқувчиларнинг ютуғи қалбларни қувончга тўлдирди. Истиқлол даври болаларнинг илмига, заковатига тасаннолар айтдик.
Баъзан ўкиниб кетаман… 30 йил битта мактабда тил-адабиётдан дарс бердим, илмий бўлим мудираси бўлиб ишладим.
1985-йиллар эди. 10-синф ўқувчиси Мархабо Бобожонова вилоят босқичида олимпиада ғолиби бўлди. Тинимсиз меҳнат, изланиш, ҳатто уйига юбормай тайёрланишлар бесамар кетмади. IV босқич олимпиадасига Қўқонга ўқувчимни жўнатиб, унга омад тилаб қолдим.
Ниҳоят, у мактабга келди. Қўлида олий ўқув йуртига кириш учун берилган йулланма. IV босқич ғолиби, 1-ўрин соҳибасининг ўқитувчиси, яъни менга Фанлар академияси ва халқ таълим вазирлигининг "Мактаб ёрлиғи". Албатта, теримга сиғмай қувондим, бу мактаб, туман, вилоят тарихида тил-адабиётдан республикада 1-ўрин олиниши ҳеч бўлмаган эди шу пайтгача.
Кейин эса… Туман услубшуноси раҳматли Ҳаким ака Ҳайитовнинг гапларини ўкинч билан эслайман:"Республикада туманимиз ҳеч қачон 1-ўринни олмаган. Ҳурсанд бўлиб, услубий кабинет мудирига, туман халқ таълими мудирига йулланмани кўтариб бордим. Парво ҳам қилишмади, эътибор ҳам қилишмади. Қўлимдан келгани мана шу бўлди'',- деб "Хатирчи ҳаёти" газетасини қўлимга тутказди. Унда IV тур республика олимпиадаси ғолибаси ҳақида кичкинагина билдириш берилган эди, холос.
Ўшанда мен бу эътиборсизликка эмас, балки нафақа ёшида бўлган мижжаларидан оқаётган алам, ўкинч ёшларини куриб қотиб қолганман, изтиробга тушганман, қўшилиб йиғлаганман.
Хозир эса туман, вилоят босқичида 1-ўрин олган ўқувчилар ва устозлари хам рағбатлантирилади. Республика босқичлари ғолибларига эса институтга тест имтихонларисиз кириш хуқуқи берилади.
Илмга, болалар салоҳиятига бундай ғамхўрлик, эътиборни ким берди, ким яратди? Баралла айтамиз: бу Мустақиллик шарофати, давлатимиз ғамхўрлиги эмасми?
1986-йил август ойида туманимизнинг марказидан сал олисроқ мактабларидан бирида август кенгаши ўтказилди. Мен таклиф этилмаганим учун бормаганман. Шу йиғилишда менга "За Трудовие отличие" медали собиқ СССР Олий Совети Призидентининг 20/XII 1986 йил буйруғи билан берилиши керак бўлган. Директоримиз "Менда улов йўқ. Қайтиб боролмайман" деган. Маъсул шахслар эса 1-2 кун олдин хабар беришмаган.
Ҳуллас, бу медал маъсулиятсизлик оқибатида менга катта танаффус пайти ўқитувчилар хонасида туман услубшунослик кабинетининг методисти томонидан топширилди. Ана лоқайдлик, эътиборсизлик.
Ҳозир эса ўқитувчиларга ҳавасим келади. Меҳнат қилишса роҳатини кўришади, уларнинг қадрига етишади, эъзозлашади.
Олимпиада бўладими, билимлар синовими ғолиб, албатта, тақдирланади. Ўқитувчиларига эса устама ёзилади. Ўқитувчига эътибор, ўқувчига ғамхўрлик қачондан бошланди? Албатта, мустақиллик давридан. Давлатимиз ва муҳтарам Президентимизнинг таълим ва тарбияга алоҳида эътиборидан…
Мустақиллик менинг ҳаётимда, 67ёшга кирган нафақадаги олий тоифали методист ўқитувчи хаётида нималарга олиб келди?
Ватанни янада чуқурроқ севишни, ўзлигимни англаб етишни, миллий ва диний қадриятларни ўрганишни, тинчлик ва осойишталик қадрини теран ҳис этишни, набираларим онгига Аллоҳга ишонч, Расулуллоҳ (с.а.в)га муҳаббат; иймонли, инсофли, саҳоватли бўлишни, илмли ва маърифатли бўлишни кўпроқ сингдиришни ўргатди.
Мустақиллик шарофати билан унгача тақиқланган, ҳавотир ва ҳадик билан яширинча ўқиган Аллоҳнинг буюк каломи – Қуръони шарифни эмин-эркин ўқиш имконига эга бўлдим. Тоат-ибодатларни кўпроқ адо этиш имкони туғилди. Давлатимизнинг дин соҳасидаги маърифат ва диний бағрикенгликни тарғиб этувчи сиёсати туфайли миллатлар ва динлараро самимий дўстлик, ўзаро ҳурмат шаклланди. Ҳамда отинойилар аттестациядан ўтказилиб, шахсан мусулмонлар идорасининг раиси, муфтий ҳазратлари Усмонжон Алимов имзоси билан гувоҳнома берилди. Шундай отинойилар орасида борлиғим билан фахрланаман. Буларнинг хаммаси мустақиллик туфайлидир. Мустақиллик мени кексайганда хам МФЙдаги ва туманимиздаги ёшу-қариларга кераклигимни ҳис эттириб, ўзимга бўлган ишончни мустаҳкамлади.


Навоий вилояти Хатирчи тумани отинойиси: Маҳбуба Мардонова

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш