ОГОҲЛИК

10-03-2020, 02:51 admin Мақолалар 635

Маълумки, бугун мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги қатор мамлакатлар чуқур сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли тўқнашувларни бошидан кечирмоқда. Мазкур ҳудудларда гўёки ҳақиқий “исломий давлат” қуриш шиори остида очиқдан-очиқ зўравонлик, инсонийликка зид ваҳшийликларга асосланган амалларга қўл ураётган турли гуруҳ ва жамоалар урчиб кетди. Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳам Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимда: “Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмай қўймайди”, деган эдилар. Ушбу ҳолат давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор ёдимизга солади.
Сўнгги йилларда ақидапараст оқимлар ёшлар ичидаги фаолиятини меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, “ҳужралар” ташкил этиш, диний экстремистик мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда. Айниқса, интернет тармоғида ўзларининг онгни захарловчи тарғибот-ташвиқотларини кенг кўламда олиб бораётгани, бунинг оқибатида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан мусулмон ёшлар “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод”да иштирок этиш даъвосида Сурия ва Ироқ, Афғон, Покистон диёрларига бориб, номаълум гуруҳлар сафига қўшилаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Афсуски, ёшларнинг муайян қисми “ҳижрат” қилиш ва “жиҳод” ҳамда “шаҳидлик”ни ҳақиқатда ҳам Ислом динининг таълимотларидан, унинг кўрсатмаларидан деб ҳисоблашади. Бундай фикрловчилар Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам бор экани ҳеч кимга сир эмас. Бундай ёшлар юқорида қайд этилган ҳудудларда инсонларга қарши содир этилаётган жиноятларни гўёки халифалик қуриш учун жоиз амал ҳисоблаб қаттиқ адашмоқдалар. Аслида, мутаассиб оқим аъзоларининг мақсадлари - “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳидлик”, “кофир бўлиш” каби диний тушунчаларни сохта талқин қилиш орқали ёшларимизни оиласи ва яқинларининг таъсиридан чиқариш, ўқиш ёки ишидан ажратиб олиш ҳамда уларни қуролли тўқнашувлар кетаётган Сурия, Ироқ, Афғонистон ёки Покистон каби мамлакатларга жўнатиб, манқурт-жангари ёки “тирик бомба”га айлантиришдан иборат.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Нави Пиллэй эълон қилган маълумотга кўра 2012 йилнинг июл ойидан бошлаб Сурия ва Ироқда ҳар ойда 5000 нафар одам ўлмоқда. Ўлаётганлар орасида қариялар, аёллар, оилалар, ҳатто эмизикли гўдаклар ҳам бор. Франциянинг Франс-Пресс нашри “Syrian Observatory for Human Rights” ташкилотига таяниб тарқатган хабарига кўра 2011-2015 йиллар давомида ҳалок бўлганларнинг сони 230000 га етган. Улардан 69494 таси тинч аҳоли вакиллари, 11493 таси болалар, 7371 таси аёллардан иборат. Бу фақат расмий маълумотлар бўлиб, асл рақамлар мазкур кўрсаткичлардан анча юқори бўлиши ҳеч кимни ҳайрон қолдирмайди.
Мазкур ва шунга ўхшаш бошқа фирқаларнинг залолатга кетишига сабаб асосан Аллоҳ эргашишимизга амр қилган тўғри йўлдан четлашишларидир. Аллоҳ таоло: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманки, сизни Унинг йўлидан ажратурлар”, деган. (Анъом сураси, 153 оят).
Бошқа бир оятда эса: “Сен: “Бу менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга “кўз очувчи” асосида чақираман...”деб айт”, дейилган (Юсуф сураси, 108 оят).
Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда тўғри йўлни бирлик ибораси билан “йўлим”, “йўли” деган бўлса, унга хилоф бўлган йўлларни кўплик ибораси билан “йўллар” демоқда.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бир чизиқ чизиб: “Бу Аллоҳнинг йўлидир”, дедилар. Сўнгра унинг ўнг томонидан, чап томонидан чизиқлар чиздилар-да: “Булар (турли) йўллар. Ҳар бир йўлда унга чақириб турувчи шайтон бор”, дедилар. Кейин “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинг. Ва бошқа йўлларга эргашманки, сизни Унинг йўлидан ажратурлар”, оятини ўқидилар”. (Аҳмад ривоят қилган)
Шунинг учун ҳам банда доимо Аллоҳ таолодан сироти мустақиймга ҳидоят қилинишини сўраб туриши ҳамма нарсадан кўра зарурроқдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло намознинг ҳар ракъатида “Уммул Қуръон” – Фотиҳа сурасини ўқишни фарз-у вожиб қилган.

"Аллон" МФЙ Акрамов ОрзиМурод
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш