Шеърият мулки султонининг муножоти

4-04-2019, 07:38 admin Мақолалар 891


Ўз камчиликларидан шарманда бўлиб, бу уятдан боши тубанлик тупроғига
эгилганлиги юзасидан барча ҳожатларни амалга оширувчи Ҳакам олдида
Муножот

Ё Раббий! Ўз ҳолимга ниҳоятда ҳайронман, ўта гуноҳкор ва масту паришон ҳолга тушган бир кимсаман! Чунки нафсим туфайли кибру ҳавога мағлуб бўлдим, тўғриликни номақбул билиб, покликдан узоқлашдим. Жонимга исён майидан мастлик пайдо бўлди, кўнглим фисқ аҳлига ҳамдамлик қилди. Шум нафсим бошимга ҳар хил ҳавойи кайфиятлар солди, шайтон галалари ҳар ёндан менга ҳужум бошладилар. Бу тўдадан мен воқиф бўлгунимга қадар, улар кўнглим мамлакатини остин-устун қилиб юборишмоқда.

Бир зулм қилувчи кўзимга чиройли кўриниб, ўзимни унга ошиқ, уни эса ўзимга маҳбуба деган эдим. Бу ёмон феълли маъшуқадан менга ҳар хил ситамлар етарди. У кўзимга кўрингач, ҳатто оҳ уриб, ўзимдан кетиб қолган пайтларим ҳам бўлар эди. Унинг оловли лабларидан жонимга ўт тушди, гажаги ва холидан рўзгорим қорайиб кетди. У сўзлаганида — тилим лол қолар, нозли жилваси эса ақлимни олар эди. Унинг васлига етишмоқни ўзим учун ҳаёт, ҳажрини эса ўлим деб ҳисоблардим. Уларнинг биридан жоним осойиш топса, иккинчисидан жабр тортар эди.

Ҳажрнинг ғамида май ичар эдим. Агар васл жоми қўлга киргудек бўлса, жондан кечишга ҳам тайёр эдим. Усиз тирикликни ўлим деб англардим, ҳажридан доим жоним юз турли офат чекар эди. Уни ҳаётимнинг мақсади, деб билардим, ундан бошқа кўнглимга келмас эди.
Ундан айрилиқда юрган чоғларимда бошқа ҳамма нарсалар ёдимдан кўтариларди. Чунки сен ўзинг воқифсан, мен ҳам чин сўзни айтайин: ҳажридан кўнглимга шунчалик кўп жабру зулм етардики, ҳатто фақат унинг васлини исташ учунгина сени ёд этар эдим... Аллоҳ-Аллоҳ! Ўзимнинг бундай бандалигимни эсласам, шармисорлик ўлдиради. Жаҳлда шунчалик юзиқароликка йўл қўйдимки, булар кўзимга оламни қаро қилиб кўрсатмоқда.

Эй ҳеч нарсага эҳтиёжи йўқ Аллоҳ! Умримда бирон бир ракъат намозни ўтинчсиз қилмадим. Ҳаргиз кераклик тош бўлмаса, тупроққа бош қўймадим. Ўзимни карам соҳиби кўрмагунимча гадога бирон бир чақа тутқазмадим. Донолик билан эмас, балки қўлимда юз доналик тасбеҳ ушламагунимча номингни тилга олмадим. Бирор ишни ўз фойдамни кўзламай қилмадим; ўзимни мунофиқликдан ҳоли деб билмадим. Шу сабабли мен каби инсон, инсонгина эмас, деву шайтон ҳам бўлмасин! Ўзимнинг бу янглиғ феъл-атворимдан жуда азиятдаман, булар учун ҳар доим кўнглум тушкунликка тушади, дилим мудом ғаш. Бу хил ҳижолатликлардан мен учун ҳаёт йўқ, чунки ҳар дам уят ўлдириб ташлаяпти.
Бу иллатларки, айтиб ўтдим, ўзим уларнинг ҳеч бир иложини қила олмаяпман. Шунчалик мусибатга дучор бўлганманки, агар Сендан қазо етса, кейин нима бўлишини билмайман. Гарчи бу дардлар мен учун давосиз бўлса-да, лекин уларнинг дармони сенга осондир. Дардимга дармон иноят қилгин, комил тавбага эришмоқ йўлини кўрсат. Адолат ва эҳсонингга мени сазовор қил ва золим нафсдан мени халос эт! Жонимда шавқинг шуъласини майжуд қил, ундан ўзга ҳамма нарсани кўнглимдан чиқариб ташла!

Гарчи руҳ бадан ичра тутқун бўлса ҳам уни мушоҳада этиладиган кун қўйиб юбор. Токи бу қуш сафарга мойил бўлиб, асл гулшан томон парвоз қила олсин. Чунки қуш учмоқ сари интилгани, тупроқ эса тупроққа қўшилгани маъқул.
Қилган ишларим сўроқ қилиб, хитоб этган чоғингда Сен берган саволларга жавоб топа олмай қолсам, мени ҳазин аҳволга қўймай, тезда ўшани қошимга етгургилки, уни сен гуноҳкорларнинг ҳимоячиси деб атагансан.

Мир Алишер Навоий "Лисон ут-тайр" асаридан
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш