Мавлоно Ориф Деггароний – Кармананинг улуғ валийси
Саййид Муҳаммад Носирнинг “Туҳфат аз-зоирин” (“Зиёратчиларга совға”) асарида Бухоро ва Тошкент оралиғида яшаб ўтган пиру муршидлар тўғрисида гап кетганда, биринчи бўлиб, Ҳазрати Саййид Амир Кулол тилга олинади. Унда Мавлоно Орифга қуйидагичв таъриф берилади: “Мавлоно Ориф аввал ўтган халифалардан бўлиб, Саййид Амир Кулолнинг энг яқин шогирдларидан биридир. У Бухородан 9 фарсанг нарида Кўҳак (Зарафшон) дарёсининг бўйида, Ҳазора қасобаси (қишлоғи) Деггарон даҳасида Ҳожа Аҳмад Мисгар оиласида туғилган. Ёшлигидан исломга бўлган эътиқоди туфайли Қуръони Каримни ёд олган. Етти йил мабойнида Ҳазрат Саййид Амир Кулолдан шариат, тариқат сабоқларини олиб, унинг ижозати билан халқига сидқидилдан хизмат қилган. Бир неча бор Ҳаж зиёратига бориб келган”.
“Деггарон” форсча сўз бўлиб, “Қозон қуювчи ёки қозон устаси” деган маънони билдиради. Шу жойдаги эски қўрғон атрофларида археологик қазишма ишлари даврида, ҳақиқатан ҳам, бу ерда кулолчилик, мисгарлик ривожланганлигининг излари топилди. Мавлоно Орифнинг отаси ҳам мисгарлик, ҳам кулолчилик, ҳам деҳқончилик, ҳам чорвачилик билан шуғулланган. Чунки, бу жой деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланиш учун жуда қулайдир.
Абул Муҳсин Боқир ибн Муҳаммад Алининг “Баҳоуддин Балогардон” номли рисоласида Мавлоно Ориф Деггароний ҳақида қуйидагилар баён қилинган. “Амир Саййид Кулол айтган эдилар: “Менинг ёронларим орасида мана шу икки киши, яъни Хожа Баҳоуддин ва Мавлоно Ориф Деггаронийга ўхшаган ҳеч ким йўқ, қаддасаллоҳу сирраҳумо. Булар ҳаммадан ўзиб кетиб, валийлик даражасига эришдилар”. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Амир Саййид Кулол тарбиясидан сўнг, яна етти йил Мавлоно Ориф Деггаронийнинг хизмати ва мулозаматида бўлдилар. Бу мулозаматда хилма-хил риёзат ва жидду жаҳдни ўз бўйниларига олдилар. Деггарон ва унинг атрофларида юрдилар. Кўп вақтлар Мавлоно Ориф билан бирга Работи Малик қурилишида хизмат қилдилар. Ажиб ва ғариб воқеалар бошларидан ўтар эди. Мавлоно Орифнинг ҳурмати учун мулозамат ва хизматни давом эттирар эдилар. Шу етти йил давомида ариқ лабига таҳорат учун борсалар-да, Мавлонодан юқорида таҳорат олмас эдилар. Йўлда кетаётганларида уларнинг қадамларининг изи устига оёқларини қўймас эдилар.
Демак, Мавлоно Ориф Баҳоуддин Нақшбанднинг устози бўлиб, у кишидан улуғроқ ҳисобланган. Ҳазрат Баҳоуддиннинг устозлари Ҳазрат Бобойи Самосий, Мир Саййид Кулол, Мавлоно Ориф Деггароний, Қусам Шайх, Халил ота, Баҳоуддин Қишлоқийлар бўлган. Ҳазрат Абдухолиқ Ғиждувоний (1103-1220 йй) ҳам Баҳоуддин ҳазратларининг увайсий устози ҳисобланади. Мавлоно Ориф Деггаронийнинг шогирдлари: биринчи халифаси Мавлоно Ашраф Бухорий қ.с, иккинчиси Амир Ихтиёриддин Деггароний ҳисобланадилар.
Манбаларда айтилишича, Ҳазрат Амир Саййид Кулолнинг тўртта ўғиллари бор эди: Амир Бурхон, Амир Ҳамза, Амир Шоҳ, Амир Умар. Амир Саййид Кулол ўғли Амир Бурхонни Ҳазрат Баҳоуддинга, Амир Ҳамзани Мавлоно Ориф Деггаронийга, Амир Шоҳни Шайх Ёдгор Вали Консурунийга, Амир Умарни Шайх Жалолиддин Деҳа Осиёийга тарбият қилиш учун топширадилар. Мавлоно Ориф Амир Ҳамзани тарбиялаб, буюк валий даражасига етказадилар. Амир Ҳамза устози Мавлоно Ориф Деггаронийдан иршод хати олгандан сўнг, жуда кўп шогирдларни тарбиялайдилар. Мавлоно Ориф Амир Ҳамзани тарбиялаш даврида унга қуйидаги ҳикматни айтган эди: “Агар юкимни кўтарсин, десанг, юкингни кўтаргувчи дўст топмоқ ниҳоятда мушкулдир. Агар юкини кўтармоқчи бўлсанг, бутун жаҳондагилар сенга дўст бўлгай”.
Ривоят қилишларича, бир йили Зарафшон дарёси тошиб, Деггарон қишлоғига сел келади. Бу вақтда ҳамма фиғон қилиб, кўчага чиққан бўлган. Шу вақтда Мавлоно Ориф ўзларини селга ташлайдилар ва “Кучинг етса, мени оқизгил, халққа жабр қилма”, - деб, Аллоҳга ёлвориб дуо қиладилар. Сел шу дақиқадаёқ жиловланиб, ўзанига оқиб кетади. Халқ сел балосидан қутулади.
Ҳазрат Баҳоуддин дейдиларки: “Биз икки бор ҳаж зиёратига бордик, кўп мамлакатларда бўлдик, бисёр азизлар суҳбатига етишдик, лекин агар Мавлоно Орифдек кишини ўша ерларда топганимизда эди, ҳаргиз бу ерларга қайтиб келмас эдик”.
Айтишларича, Мавлоно Ориф кишиларни жаҳрия зикрдан қайтариб, хуфиёна зикр қилишга чақирганлар. Баланд овозда зикр қилиб, ён-атрофдагиларга халақит бермасликни тавсия қилганлар ва ўзлари ҳам “Ҳақиқий мўминнинг тили ва дилидан ҳеч ким зарар кўрмаслиги керак” ҳамда “Хуфиёна зикрнинг фазилати жаҳрия зикрнинг фазилатидан етмиш карра ортиқроқдир”-деган ҳадисга амал қилганлар. Шу даврдан бошлаб Хожагон тариқати пирлари хуфиёна зикр қилганлар.
Манбаларда таъкидланишича, Мир Саййид Кулол вафот этгач, ўзларининг васиятларига кўра, Мавлоно Ориф Деггароний ва Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари у кишини ювиб, кафанлаб, қабрга қўйганлар.
Яна айтиладики, бир куни Мавлоно Ориф Деггароний Ҳазрат Баҳоуддинга киши юбориб, зудлик билан келишларини сўрайдилар. Буни эшитиб, Ҳазрат Баҳоуддин тезда Деггаронга етиб келадилар. Ҳазрат Баҳоуддин келгач, Мавлоно Ориф унга шундай дедилар: “Мен ўзимнинг ва Сизнинг азҳобларингиз (шогирдларингиз) нинг ҳаммасига бир-бир назар солдим. Уларнинг орасидан фақат Хожа Муҳаммад Порсони танладим. Зеро, ундан етукроқ, буюкроқ киши шогирдларимиз орасида йўқ. Ҳар назареки, бу йўлдан топган эрдим ва ҳар маъниники, бу йўлда касб этган эрдим, ҳаммасини унга (яъни, Хожа Муҳаммад Порсога) бағишладим ва барча асҳобларимни унга тобеъ бўлишларига амр этдим. Сиздан ҳам илтимосим шуки, Хожа Порсо тарбиясига асло бефарқ бўлманг”. Ва яна айтдиларки, “Икки ёки уч кунлик фурсатимиз қолди. Сиз ўз қўлингиз билан қозонларни ювиб, сув иситгайсиз ва менинг жасадимни ўзингиз ювгайсиз, лаҳадга ўз қўлингиз билан қўйгайсиз”. Ҳазрат Баҳоуддин ушбу васиятларни тўлиқ аъдо қилганлар.
Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний қуддиса сирруҳи – буюк валий, улкан аллома, атоқли тарбиячи, Хожагон-Нақшбандия тариқати ривожига муҳим ҳисса қўшган соҳибкаромат зот эдилар.
Мавлоно Ориф Деггаронийнинг қачон туғилганлиги ва қачон вафот этганлиги аниқ эмас. Юқоридаги ривоятлардан кўриниб турибдики, Мавлоно Ориф Баҳоуддин Нақшбанддан олдин вафот этган. Садриддин Салим Бухорий “Ҳазрат Мавлоно Ориф Деггароний” номли рисоласида, у кишининг таваллуд йилини 1312 йил, вафоти йилини 1375 йил деб кўрсатганлар.
Республикамиз мустақиллиги шарофати билан 2006-2007 йилларда Мавлоно Ориф Деггароний ёдгорликлар мажмуаси тубдан таъмирланди. Бу ишга ўша даврда вилоят ҳокими бўлиб ишлаган Бахриддин Рўзиев раҳбарлик қилди. Мажмуа таркибига Мавлоно Ориф ҳазратларининг муборак қабри, қабр ёнидаги чуқурлиги 22-23 метр бўлган қудуқ, чиллахона, музей биноси, қадимий Деггарон масжиди ва масжид имоматининг замонавий биноси киради. Ёдгорлик мажмуасининг атрофлари қабристондан ажратилиб, тахминан 1000 метр узунликда 3 метр баландликдаги ғиштин девор билан ўралди. Мавлоно Ориф ҳазратларининг қабри устига янгидан қабр тошлари ўрнатилди, қабрнинг ўзи сайқалланган мармар тошлар билан ўралди. Зиёратхонага олиб борувчи йўлакларга бетон қопламалар ётқизилди. Чиллахона янгидан қурилди. Ёнидаги музей таъмирланди. Йўлаклар атрофларига манзарали дарахтлар ва анвойи гуллар экилди. Мажмуага тегишли барча сангтарошлик ишларини Ғозғонлик моҳир уста сангтарош Тоҳир ҳожи Раҳимов ўз шогирдлари билан бирга бажарган.
2016 йилда эса Деггарон масжидининг шарқ ва жанубий томонларини ўраб турувчи асл ҳолидаги пешайвон қайтадан тикланди. Пешайвон устунлари қадимий ҳолида, жуда усталик билан нақшинкор қилиб ишланган. Пешайвон қурилишини Фарғона вилояти Бувайда туманидан бўлган уста Аббос Нишонов, ўғли Абдушукур, жияни Мухриддин ва шогирди Жалолиддинлар билан 2 ой ичида бажардилар.
Шунингдек, бинонинг мустаҳкамлиги оширилди. Пойдевори очилиб, тагига бетон пойдеворлар қуйилди, масжид деворлари пишиқ ғишт билан сайқалланди. Пойдевори очилганда шу нарса маълум бўлдики, пойдевор яхшилаб пишитилган лойдан мустаҳкам қилиб (пахса каби) урилган ва устидан хом ғишт терилган. Бу ишларни уста Абдураҳим бошчилигидаги Ургутлик усталар бажаришди.
Мажмуани обод зиёратгоҳга айлантиришда бутун Ҳазора қишлоғи аҳлининг хизматлари беқиёс бўлди. Айниқса, Турди бобо Ҳамроев, Рашид ака Турсунов, Шавкат ака Ражабов, Раззоқ ака Баҳромов ва Саъдулло ҳожи Ўсаров ҳамда мажмуани қайта таъмирлаш ишларида Республика маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш идораси ходими Қувонч Рўзиевларнинг хизматлари таҳсинга лойиқ.
Энг муҳими, қадимий Деггарон масжиди ўз ҳолича қайтадан таъмирланди.
Бугунги кунда Мавлоно Ориф Деггароний ёдгорликлар мажмуаси обод зиёратгоҳга айлантирилган. Кимки, мазкур зиёратгоҳни обод қилишга ҳисса қўшган экан, уларнинг барчаларига Аллоҳ ажру мукофот берсин.
Нурхон Бекниёзов –қадимшунос,
Фазлиддин ҳожи Тошев –“Мавлоно Ориф Деггароний”
масжиди имом-хатиби