МАРЯМ БИНТИ ИМРОН (РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲО)
Аллоҳ таоло Марям онамизнинг (розияллоҳу анҳо) ибодати, гўзал имони, билими, синовлар олдидаги матонати ва сабр-бардошини бандаларига ўрнак қилди.
У кишининг онаси Ҳанна тақводор аёл бўлиб, туғилажак фарзандини Аллоҳ уйига хизматга беришни назр қилди. Вақт-соати келиб, қиз кўрди.
Ўша вақтларда Байтул Мақдисга фақат ўғил болалар хизматга олинар эди. Шунда Ҳанна: «Эй Раббим, мен қиз туғдим” (Оли Имрон, 36), деб Аллоҳга муножот этди. Шундай бўлса-да, қилган назрига содиқ қолиб, азиз фарзанди учун энг зарур, дунё ва охиратига фойдали дуони ўқиди: “Мен унга Марям деб исм қўйдим ва унга ҳамда зурриётига қувғин этилган шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришингни Сендан сўрайман”» (Оли Имрон, 36).
Ҳазрат Закариё (алайҳиссалом) қизалоқни кафилликка олди. Парваришлаб, гўзал тарбия берди. Закариё (алайҳиссалом) моҳир дурадгор бўлиб, баланд ерга Марям учун тахтадан эшик-ромсиз хона қурди. Хонага бегона киши кирмаслиги учун зинани ўзи билан олиб юрди, шу йўл билан Марямни (розияллоҳу анҳо) ҳимоя қилди. Қизалоқ хонада ёлғизликдан қўрқмас, ўзини эмин-эркин ва хотиржам тутарди. Чунки Аллоҳнинг Ўзи уни раҳмати билан ўраб олган эди.
Муборак қизалоқ бошқаларда учрамайдиган фазилатлар билан ортиқ қилинди. Зийраклик, матонат, фаросат, юксак савиядаги одоб-ахлоқ, гўзал муомала, шунингдек, Аллоҳ таоло Зотининг маърифати, тоат-ибодатининг лаззати завқидан баҳраманд эди. Закариё (алайҳиссалом) ҳар гал Марямнинг (розияллоҳу анҳо) хонасига кирганида, унинг олдида дунё меваларига ўхшамаган ажойиб, турфа хил мевалар ва бошқа егуликларни кўрди. Масалан, ёзда пишиб етиладиган мевалар қаҳратон қиш чилласида Марямнинг (розияллоҳу анҳо) ҳузурида янги узилган ҳолда, ёқимли ҳид таратиб турарди. Закариё (алайҳиссалом) ундан булар қаердан келганини сўрарди. Марям (розияллоҳу анҳо): “Булар Аллоҳ ҳузуридан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган бандаларига беҳисоб ризқ берур”, (Оли Имрон, 37) деб жавоб берарди.
Фаришталар Марямга (розияллоҳу анҳо) нидо қилишди: “Эй Марям, Аллоҳ сени (фазли учун) танлаб олди ва (ёмон ишлардан) поклади ҳамда сени бутун олам аёлларининг сараси этди. Эй Марям, Раббингга итоат эт, сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қил!” (Оли Имрон, 42–43). Шунда ёш Марям (розияллоҳу анҳо) бутун вужуди билан ибодат қилишга киришди. Оёқларида шиш пайдо бўлди. У оғриқ ва қийинчиликларга парво қилмади, ибодатлардан қувват олди, ирода ва имонини мустаҳкамлади. Унинг ихлос билан ибодат қилишида илоҳий ҳикмат ва сир яширинган бўлиб, бу ҳазрат Марямнинг (розияллоҳу анҳу) қудрати илоҳий ила Исога (алайҳиссалом) ҳомиладор бўлиши учун тайёргарлик эди. Зеро, Аллоҳ таоло бундай мўътабар ва масъулиятли ишларга фақат муносиб бандаларини танлаб олади.
Баъзилар бу муборак қизга ҳасад қилишарди. Чунки ёш бўлишига қарамай, кўпчиликнинг ишончини қозонган эди. Бир неча вақтдан сўнг унинг ҳомиладорлиги тўғрисида хабар тарқалди. Ҳасадчиларнинг таъналари кучайди, ҳазрат Марям (розияллоҳу анҳо) одамлар иғволаридан узлатга чекинди.
“Бас, тўлғоқ дарди уни бир хурмо дарахти тубига олиб борди” (Марям, 23). Марямнинг (розияллоҳу анҳо) хавотири ошди. Етимликда ўсгани боис, ўзи ва боласи ҳақида қайғурди. Лекин Аллоҳ таолога ишончи, имони уни бу азоблардан олиб чиқди. Барча қийинчиликларга қарши сабр ва матонати билан курашди. Ниҳоят, дунёга келтирган азиз фарзандини қавмига олиб келди. Аллоҳ таоло имонли бандаларини ҳеч қачон ташлаб қўймайди. «(Шу пайт чақалоқ тилга кириб) деди: “Мен Аллоҳнинг бандасидирман. (У) менга Китоб (Инжил) ато этди ва мени пайғамбар қилди“» (Марям, 30). Аллоҳ таоло бокира Марямнинг (розияллоҳу анҳо) гўзал сабри ва матонатини муносиб мукофотлади. Поклигини гўдак тилидан тасдиқлади ҳамда барча туҳматларга чек қўйди.
@muminauz