Закот ибодатининг ҳикматлари

15-12-2016, 16:37 Istamjon Khamrayev Закот 2 520

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.
Аллоҳ таоло бандаларни ҳар тарафлама, яъни ҳам жисмонан, ҳам руҳан, ҳам молиявий синаб, имтиҳон қилади ва бу синовлардан муваффақиятли ўтган банда охиратда нажот топади. Аммо имтиҳонларнинг баъзиларидан ўтиб, баъзиларидан йиқилган бандаларнинг ҳолати жуда ачинарли бўлиши мумкин. Шунинг учун банда имкон қадар имтиҳонларнинг ҳар турига тайёргарлик кўриши ва сабр-бардошли бўлиши талаб этилади. Хоссатан, инсон табиатидаги молу дунёга муҳаббат, мойиллик, интилиш бўлгани боис Аллоҳ таоло бандаларни имтиҳон қилиш мақсадида молиявий ибодат бўлмиш закотни фарз қилди. Бугун сизлар билан суҳбатлашмоқчи бўлган закот масаласи ана шундай синовлардан бири бўлиб, улкан молиявий ибодат ҳисобланади.
Халқимиз закот ибодатини Рамазон ойида бажаришни урфга киритган. Чунки бунда алоҳида ҳикмат, алоҳида маъно бор. Бу ҳақда ҳадиси шарифда: «Рамазон ойида қилинган бир нафл ибодат бошқа ойларда бажарилган фарз ибодати даражасида бўлади. Бу ойда бир марта бажарилган фарз ибодати бошқа ойларда қилинган фарз ибодатидан етмиш баробар савоби кўп бўлади», дейилган. Демак, ҳадиси шарифда берилган башоратга мувофиқ, кимки Рамазон ойида зиммасида фарз бўлган закот ибодатини адо этса, гўёки бошқа ойларда етмиш маротаба закот берган кишининг савобига эга бўлади.
Бошқа томондан, закот ибодатига йилнинг қайсидир ойини тайин қилиш ва уни унутиб қўймаслик нуқтаи назаридан ҳам Рамазон ойи молиявий ибодатга энг муносиб ойдир. Агар киши Рамазон ойини закот ибодатига тайин қилиб олса, «закотни қайси ойда берган эдим?», «нисобга йил тўлдими ёки тўлмадими?», деган шубҳали саволлардан эминда бўлади. Закот ибодатини Рамазон ойида қилишга одатланган халқимиз Рамазон ойи келишига ҳеч қандай иккиланишсиз молиявий ибодатни бажаришга киришиб кетаверади.
ЗАКОТ АЛЛОҲНИНГ ФАРЗИДИР
Одатда ибодатлар уч турга бўлинади:
1. Соф баданий ибодатлар;
2. Ҳам баданий ҳам молиявий ибодатлар;
3. Соф молиявий ибодатлар.
Биз ўрганаётган закот ибодати эса, молиявий ибодатлар сарасига киради.
Аллоҳ таоло закот ибодатини маблағи закот нисобига етган кишиларгагина фарз қилди. Моли нисобга етмаган кишиларга эса бу имтиҳоннинг ҳеч қандай даҳли йўқ. Бу улкан ибодатни бажариш фарз бўлмай ҳаётдан ўтиб кетадиган кишилар ҳам бор. Аксинча, айрим инсонлар закот берувчиларнинг молу дунёларидан улуш олиб, улар бойликларининг покланиб қолишига сабабчи бўладилар.
Закот ибодати Ислом рукнларининг бири эканлиги борасида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ, бунга барча уламолар иттифоқ қилиб, ижмо қилганлар, барча мўмин-мусулмонлар бир овоздан уни тасдиқлаганлар. Кимки закот ибодатининг фарзлигини рад этса, шак-шубҳасиз, кофир бўлади. Чунки закот ибодати – намоз, рўза, ҳаж ибодатлари каби фарз бўлиб, Аллоҳ таоло бир неча ояти карималарда закот ибодатини намоз билан бирга зикр қилган. Бунга қуйидаги ояти каримани далил сифатида келтириш мумкин:
فَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ وَاعْتَصِمُوا بِاللَّهِ
«Бас, намозни тўкис адо этинглар, закот беринглар ва Аллоҳга боғланинглар» (Ҳаж, 78 оят).
Бунга ўхшаш, яъни «закот беринглар» деган маънодаги ояти карималар бир неча жойларда такрор-такрор келгани мазкур ибодатнинг ўта аҳамиятли эканини билдиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ислом бешта нарсанинг устига бунёд этилган» деган машҳур ҳадиси шарифларида ҳам айнан закот ибодати зикр этилган.
Бу ҳақда батафсилроқ тўхталсак, Ислом дини қуйидаги рукнлар устига барпо этилган: иймон, намоз, рўза, закот ва ҳаж. Қурилаётган бино ҳар тарафлама мукаммал бўлмаса, у нураб, қулашга мойил бўлгани каби, исломнинг беш арконидан бирини, яъни закотни кимдир инкор этса, унинг динига путур етади ва иймонидан айрилишига олиб келади.
Шунга мувофиқ, молиявий ибодат саналмиш закот баданий ибодат ҳисобланган намоз билан эгизак бўлиб юради. У иккиси бир-бирига соябон, бир-бирига ҳамроҳ, ҳамсоя бўлиб юради. Намозни адо этган инсон молиявий тарафдан маблағи закот нисобига етса, албатта унга закот бериши фарзи аъйн бўлади. Закотнинг фарз ибодат эканлигини инкор этаган киши диндан чиқади ва ўқиётган намози унга заррача фойда бермайди. Шунинг учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу замонасида намозни ўқиган, ҳажга борган, сафарбарликларда қатнашган, қанча-қанча савобли ишларни қилган ва ҳатто Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба бўлиб, бироқ закотни инкор этган кишиларга қарши уруш эълон қилдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу нима учун закот беришдан бўйин товлаган кишиларга қарши урушдилар? Чунки улар закот ибодатининг фарзлигини инкор қилиш билан диндан чиқиб бўлган эди. Демак, закотни инкор этиш билан ўқиган намоз ҳам, бошқа қилган ибодатлар ҳам ҳабата бўлиб кетади. Чунки закотни инкор қилиш билан инсон иймонидан ажралиб қолади. Зеро, иймонсиз қилинган ибодатларни бандага ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Шунинг учун азизлар, баданий ва жисмоний ибодатларни бажариш билан бир қаторда, молиявий ибодатларни ҳам адо этишга қодир қилишини Аллоҳ таолодан сўраган ҳолда яхши ният қилиб юришимиз керак. Шунда Аллоҳ таоло сўраган ният ва мақсадларимизни ҳосил қилиб, закот берадиганлар қаторига қўшиб, закот оладиганлар орасидан ўчиради.
«ЗАКОТ» СЎЗИНИНГ МАЗМУНИ
«Закот» атамасининг мазмун моҳиятига келсак, уни бир неча маънони англатгани учун бошқа тилларга бир сўз билан таржима қилиб бўлмайди. «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» маъноларини билдиради. Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг моли эса ичида закотга ҳақдорларнинг моли ҳам аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса покланади, бўлмаса йўқ. Закоти берилган молга барака киради, у шунингдек, кўпайиб ўсади. Шунда ўсиш маъносини ўзида акс эттирган бўлади.
Закот сўзи икки хил маънони англатгани учун ўзбек тилига ҳам «закот» сўзи шундайлигича таржимасиз қабул қилинган. Демак закот дегани шаръий истилоҳда:
«махсус молдан махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун шариатда тайин қилинганидек мулк қилиб беришдир».
Энди ушбу умумий таърифдаги истилоҳлар билан танишиб олайлик:
«махсус мол» деганда «нисобга етган мол» тушунилади;
«махсус жуз» эса ўша берилаётган мол берувчининг мулкидан ажраб чиқиши кераклигидир. Мисол учун, бир кишига «ушбу уйда бир йил ўтириб туришинг сенга закот», деб бўлмайди;
«махсус шахс» закот олишга ҳақли шахс;
«Аллоҳнинг розилиги учун» дегани ибодат нияти билан закот берилиши кераклигидир;
«шариат тайин қилган» жумласи закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорга тўғри келиши кераклигини англатади. Озгина садақани закот деб бўлмайди;
«мулк қилиб бериш» эса ўша берилаётган мол олувчига мулк бўлмагунича закот ҳисобланилмайди, деганидир (Ҳадис ва ҳаёт).
Махсус молларга тилла ва кумуш, нақд пул бирликлари, тижорат моллари; чорва молларига қўй, эчки, сигир, туя ва ҳоказолар киради. Ундан ташқари, экин-тикинларнинг ҳосилидан бериладиган ушр ҳам, мева-чева ва полиз маҳсулотларининг закоти ҳисобланади.
ЗАКОТ – ПОКЛАНИШДИР
Закотнинг яна бир маъноси «поклаш», яъни закот мазкур моллардаги шубҳали, ҳаром жойларни поклаб беради. Масалан, нақд пулдан қирқдан бири берилиши эвазига, ўттиз тўққиз ҳисса ҳалолга айланади. Агар шу бир ҳисса берилмаса, қирқтанинг ҳаммаси шубҳали ва харом аралашган ҳолда туради. Масалан, бир кишида қирқ миллион пули бўлиб, ундан бир миллионини закот сифатида чиқармаса, қирқ миллон пули шубҳали бўлиб қолади. Шунинг учун нисобга етган маблағингизнинг икки ярим фоизини закот сифатида чиқаришингиз керак, қолган маблағи эса ўзингизга она сутидай ҳалол бўлади ва турли шубҳалар ювилиб, тоза бўлиб қолади. Зеро, сув таҳоратда қандай вазифани бажарса, закот ҳам молни поклашда ўшандай вазифани бажаради.
ЗАКОТНИНГ НИСОБИ
Бизнинг юртда тилла ва кумуш тақинчоқлардан асосан аёллар фойдаланганлари учун улардан бериладиган закот ибодати ҳам асосан аёлларга тегишли бўлади. 85 грамм тилласи бор ёки 595 грамм кумуши бор эркак ва аёлларга закот вожиб бўлади. Қоғоз пул ёки тижорат молларининг қиймати, нисоб тилла билан белгиланадиган юртларда 85 грамм тилланинг қийматига, кумуш билан белгиланадиган юртларда эса 595 грамм кумушнинг қийматига етса, закот вожиб бўлади. Бизнинг диёрларда нисоб одатда тилла билан белгилангани учун қоғоз пуллар ва тижорат моллари 85 грамм тилланинг қийматига етса, улардан закот бериш лозим бўлади. Шунингдек, бирор кишида озгина тилла, озгина кумуш, озгина қоғоз пул бўлса, уларнинг барчаси қўшилганда, 85 грамм тилланинг қийматига етса, улардан закот бериш вожиб бўлади.
في كُلِّ مئتي درهم خمسةُ دراهم، فما زاد فبحساب ذلك
«Ҳар икки юз дирҳамдан беш дирҳам закот вожиб бўлади. Зиёдаси ўшанинг ҳисоби билан» (Шарҳул виқоя).
Экин-тикинларда мутлақо нисоб йўқ, яъни Ҳанафий мазҳабига кўра, ердан чиққан ҳар қандай нарсанинг ўндан бири закот қилиб берилаверади. Масалан, бир кило мева етиштирдингиз, уни ўнга бўласиз да, ўшанинг биттасини камбағалларга ушур қилиб юборасиз. Ўн кило мева олсангиз бир килосини бериб юборасиз. Юз кило меванинг эса ўн килосини ажратасиз ва ҳоказо.
Ушр бериш учун эса ер лалми бўлиши лозим. Агар ерлар пул тўлаб, маблағ сарфлаш орқали суғориладиган бўлса ёки ҳозирда газ билан иситиб қишда етиштириладиган полиз экинлари бўлса ёки алоҳида ускуналар билан жиҳозланган ерларда етиштириладиган мевалар бўлса, бундай ҳолатда чиққан ҳосилнинг йигирмадан бири берилади. Масалан, йигирма тонна ҳосилдан бир тонна берилади. Бу ҳам шариатимизда енгиллаштирилган ҳукмлардан биридир.
МОЛ-МУЛКНИНГ БАРАКА МАНБАИ
Закот берилгандан кейин у сабабли молга барака киради. Молингизнинг қирқдан бирини берар экансиз, қолган ўттиз тўққизтаси ўсади. Аммо ўша қирқдан бирини бермасангиз, молингиз моддий жиҳатдан ўсиши мумкин, лекин унда барака ҳам, раҳмат ҳам бўлмайди, яъни баракасиз молга айланиб қолади. Халқимизда «бойлик қандай келса, ўшандай сарф қилинади», деган мақол бор. Яъни, закоти берилмаган бойликда на Аллоҳ таолонинг баракаси бўлади ва на охиратнинг обод бўлишига сабабчи бўлади. Бу дунёдаги бойлик эса кундан кунга камайиб, охири инқирозга юз тутади.
Дунё миқёсида кўплаб инсонларнинг инқирозга учраётганликлари айнан Аллоҳ харом қилган ишларни содир этаётганликлари сабаблидир. Агар Аллоҳ буюрган ишларни қилганларида эди, берган закотлари сабабли қолган молу дунёлари ўзидан кўпайиб, пок ҳолда турар эди. Зотан «закот» сўзининг ҳифзи-ҳимоя қилувчи деган маъноси ҳам бор. Бойликнинг қирқдан бири берилар экан, ўттиз тўққизтаси Аллоҳ таолонинг ҳифзи-ҳимоясида бўлади. «Закоти берилган мол ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди», деб халқимиз бежизга айтишмаган. Зеро, Аллоҳ таоло амрига бўйсиниб, камбағалларнинг ҳаққи чиқариб берилар экан, Аллоҳ унинг қолган молу дунёсини нафақат ўстиради, нафақат поклайди, балки энди уни ҳифзи-ҳимоясида асраб, унинг эвазига бир қанча барокатларни ёғдириб беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ سِرًّا وَعَلَانِيَةً فَلَهُمْ أَجْرُهُمْ عِنْدَ رَبِّهِمْ وَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ.
«Кечасию кундузи молларини нафақа қиладиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар»(Бақара сураси, 274- оят).
Эътибор қилинг, закот берадиганлар учун бу дунёда молу дунёсига хавфу хатар йўқ, охиратда эса ҳисоб-китоб бўлаётган пайтида ҳам, инсонни жаннат ёки дўзахга ҳукм қилинаётганда ҳам улар улар ғамгин ҳам бўлмайдилар, ташвишга ҳам ботмайдилар. Бу дунёда ҳам закот берган ва хайр-эҳсон қилганлар сира ғамгин ва хафа бўлмаслар, яъни закотини берган моли бордию чўкиб кетса «Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин, закотини бериб олган эканман», дейишади. Аммо закотини бермаган моли йўқ бўлса чи? «Аллоҳ таолонинг ҳузурида шунча молнинг ҳисоб-китобини қандай қилиб бераман, ҳали закотини бермаган эдим», деб қайғуга ботади, ғам ташвиш уни босади ва бора-бора уни емиради.
Шунинг учун азизлар, молиявий ибодат адо этиб қўйилса, мабодо ўша молу дунёимиз ҳалокатга учраса: «Ибодатини адо этганмиз, Аллоҳга шукр, ўзи берганди, ўзи олди», дейдиган даражада иймон, ихлос, эътиқодимиз ошиб туради. Бундан ташқари, берилган закотга ажру мукофотлар борлиги ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб турибди. Бу мукофот, ажрлар албатта бу дунёда ҳам берилади, охиратда эса жаннатда алоҳида улар учун имтиёзлар ҳозирлаб қўйилган бўлади.
«Кечасию кундузи молларини нафақа қилади», дейилмоқда, яъни хайри-эҳсонни кимдир кундузи қилса, кимдир кечаси қилади ва яна кимдир яширин, кимдир ошкора қилади. Шундай шарт-шароитлар бўладики, закотни кундузи бериб бўлмай, фақат кечаси беришга тўғри келади. Шундай шарт-шароитлар бўладики, закотни фақат ошкора беришга тўғри келади. Масалан, одамлар ўта бахил, хасис ва умуман закот бермайдиган даврлар келиб қолса, саҳоватли инсонлар бахил, хасис бойларга кўрсатиб закотини беришларига тўғри келади. Нима учун? Бу иши орқали хасис бойларга: «Молингдан закот бер», демоқчи бўлади. Ана шундай шароитларда закотни ошкора бериш кўпроқ манфаат келтиради. Буни фарз намозларни жамоат билан ошкора ўқишга қиёс қилиш мумкин. Нафл ибодатлар эса махфий, ҳаммадан сир тутган ҳолда қилинса ажри улуғ ва манфаатли бўлади. Закот ибодати фарз бўлганлиги учун, қачонки хасис бойлар кўпайиб, бева-бечоралар ҳолидан хабар олиш камайиб кетган ўринларда ошкора закот бериш манфаатли ва бошқа хасис бойларни ҳам хайр-эҳсон қилишга ундайди.
ЗАКОТ – КЎПРИКДИР
Закот Исломнинг кўпригидир. Ислом дини янги нозил бўлиб, эндигина жорий этилган пайтда кофирларни Исломга мойил қилиш учун закотдан ўзига хос кўприк сифатида фойдаланилган. Яъни, мушрикларнинг қалбларини Исломга мойил қилиш мақсадида мусулмонлар билан улар ўртасида закот ила кўприк ўрнатилган ва шу кўприк орқали уларга закот берилган. Уларнинг қалблари аста-секинлик билан мойил бўлиб «Мусулмонлар саҳоватли, бағрикенг, бева-бечораларга доимо ёрдам қўлини чўзар экан», деб кўплаб динсизлар Исломни қабул қилишган.
Демак, дастлаб закот ибодати Ислом билан куфр ўртасида гўё бир маънавий кўприк вазифасини бажарган. Шунингдек, буни «Закот ибодати бойлар билан камбағаллар ўртасида маънавий кўприк вазифасини бажаради», деб тушуниш ҳам мумкин. Агар бойлар бахил, зиқна бўлишса, камбағаллар улар ҳаққига дуо ҳам қилишмайди ва ўртадаги алоқа узилади. Натижада халқ пароканда бўлади. Чунки закот бермайдиган бахил бойлар камбағалларни ёмон кўради, бойлардан яхшилик кўрмаган камбағаллар эса улардан нафратланишади. Ўртани ислоҳ қиладиган кўприк закотдир. Агар мулкдорлар саҳоватли бўлиб, камбағаллар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туришса ва закотларини адо қилишса, иш аксинча бўлади, яъни камбағаллар бойлар ҳаққига дуо қилиб: «Эй, Аллоҳим! Шу бойнинг бойлигини зиёда қилгин», дейдилар.
ЗАКОТ ИМТИҲОНДИР
Закотнинг мусулмонларга фарз қилинишида бундан бошқа ҳикматлари ҳам бор. Бу ҳақда Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Иҳё ал-улум ад-дин» китобларида қуйидагиларни айтганлар:
«Закот ибодати орқали инсон Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатини тасдиқлаб олади ёки ундан айрилади. Закот муҳаббатнинг синови учун қўйилган имтиҳондир».
Аллоҳ таоло инсоният табиатига молу дунёни суюклик қилиб қўйди. Бунга Қуръони каримнинг қуйидаги оятида ишора бор:
زُيِّنَ لِلنَّاسِ حُبُّ الشَّهَوَاتِ مِنَ النِّسَاءِ وَالْبَنِينَ وَالْقَنَاطِيرِ الْمُقَنْطَرَةِ مِنَ الذَّهَبِ وَالْفِضَّةِ وَالْخَيْلِ الْمُسَوَّمَةِ وَالْأَنْعَامِ وَالْحَرْثِ ذَلِكَ مَتَاعُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَاللَّهُ عِنْدَهُ حُسْنُ الْمَآبِ.
«Одамларга аёллардан, болалардан, тўп-тўп тилло ва кумушдан, гўзал отлардан, чорвадан, экин-текиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати зийнатланди. Улар дунё ҳаётининг матоҳидир. Аллоҳнинг ҳузурида эса ҳуснли қайтар жой бор» (Оли Имрон сураси, 14- оят).
Аллоҳ инсонни яратар экан, унинг қалби, вужуди, борлиғида оятда келтирилган нарсаларга муҳаббат қўйиш истагини ҳам унда яратди. Шаҳватдан фақат эркак билан аёл ўртасида бўладиган иш тушунилмайди. Балки, шаҳват иштаҳа, хоҳиш, истак, қизиқиш маъноларида ҳам қўлланилади Демак, Аллоҳ таоло қуйидаги нарсаларга инсоният иштаҳасини кучли қилиб яратиб қўйган:
1. Аллоҳ таоло ояти каримада энг биринчи эркакларни аёлларга бўлган шаҳвати, яъни қизиқишини баён қилмоқда. Ҳар қандай жисмонан соғлом эркак борки, у албатта аёлларга қизиқади. Бу унинг табиатига жойлаштирилган бўлиб, уни ҳеч ким йўқ қилиб юбора олмайди. Агар эркакни аёлга бўлган қизиқиши йўқ қилиб юборилса, ҳаёт низомига путур етади, яъни фарзанд орттириш, наслни давом эттириш тушунчалари барҳам топиб, инсоният ўз-ўзидан қирилиб кетади. Чунки аёлга нисбатан муҳаббат бўлмаса, у билан бирга яшалмайди, у билан эр-хотинлик муносабатлари ўрнатилмайди. Натижада дунёга зурриётлар келмай, иқтисодий ривожланиб, маънавий тубанлашган ривожланган мамлакатлар каби секин-асталик билан қарилар жамиятига айланиб қолинади. Шунинг учун аёлларга бўлган ҳирс таг томири билан қўпориб ташланмай, уни назорат остига олиш ва юганлаш керак бўлади.
2. Аёллардан кейин болаларга муҳаббат қўйиш, қизиқиш баён қилинмоқда. Оила қуришдан кўзланган асосий мақсад фарзанд, зурриёт, насл-насабини қолдириш бўлади.
3. Оятда тўп-тўп тилла ва кумушга муҳаббат қўйиш учинчи ўринда зикр қилинмоқда. Буни қарангки, Аллоҳ таоло ояти каримада тилла ва кумушни ўзини келтирмай, балки «тўп-тўп тилла ва кумушлар», деб зикр қилди. Эътибор берсангиз, бир дона ҳам тилла тангаси бўлмаган киши: «Қани эди битта бўлса ҳам тилла тангам бўлса», деб орзу қилади. Битта тилла тангага эга бўлган киши: «Иккита тилла тангам бўлса эди», дейди. Иккита тилла тангаси бор одам: «Учта тилла тангам бўлса эди», деб чексиз орзуларга берилиб кетаверади. Агар ҳамёни тўла тилла бўлса, энди «бир қоп тиллам бўлса», дейди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
حديث أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: لَوْ أَنَّ لاِبْنِ آدَمَ وَادِيًا مِنْ ذَهَبٍ أَحَبَّ أَنْ يَكُونَ لَهُ وَادِيَانِ، وَلَنْ يَمْلأَ فَاهُ إِلاَّ التُّرَابُ، وَيَتُوبُ اللهُ عَلَى مَنْ تَابَ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар Одам боласига (бир) водий тилла бўлса, яна унга икки водий (тилла)бўлишини яхши кўради. Унинг оғзини фақат тупроқ тўлдиради. Аллоҳ таоло тавба қилган кишиларни тавбасини қабул қилади» (Бухорий ривояти).
Худди шундай, азизлар! Шунинг учун Аллоҳ таоло ояти каримада инсониятни тўп-тўп тилла ва кумушларга нисбатан муҳаббатли қилиб яратдим демоқда. Бу ҳаммамизда ҳам бор. Нима учун айнан тилла ва кумушга қизиқишимиз баланд? Чунки тилла ва кумуш аслида барча қизиқишларимизни амалга ошириш воситаси ҳисобланади.
Мана, азизлар, имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтяпдиларки, шуларнинг муҳаббати инсоннинг қалбида бўлади. Энди шу муҳаббатни сиқиб чиқариб, ўрнини Аллоҳнинг муҳаббати билан тўлдириш керак. Шунда у закот беришнинг ҳақиқий маъносини тушуниб етган бўлади. Закот бериш дегани «Ҳа энди, шу молу дунёим ҳалокатга учрамасин, молу дунёим закот берсам кўпаяр экан, молу дунёимнинг закотини берсам Аллоҳ таоло уни хифзу ҳимоясига олар экан», деган маънолар учун закот берса, берган закоти закот бўлиб, зиммасидан соқит бўлади. Лекин ҳақиқий маъно рўёбга чиқмайди. Нимага?
Чунки закот беришдан кўзланган сизнинг мақсадингиз молингизни кўпайтириш, хифзу ҳимоясини таъминлаш, молни поклашгина бўлиб қолмоқда. Бу каби мақсадлар закот ибодатидан кўзланган ҳақиқий маънога тўғри келмайди. Закот беришдан кўзланган асосий мақсад унинг маъносини тўғри тушуниб, қалбдан «Эй Аллоҳим, сенинг муҳаббатинг аёл, бола-чақа, молу дунё, чорва, улов, экин-тикин ва дунёнинг барча лаззатидан устун. Муҳаббатинг йўлида ҳамма нарсани беришга тайёрман», деган фикрларни шакллантириш лозим.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ уни қуйидаги мисол билан изоҳлайди:
Аллоҳ таоло ояти каримада шундай марҳамат қилади:
إِنَّ اللَّهَ اشْتَرَى مِنَ الْمُؤْمِنِينَ أَنْفُسَهُمْ وَأَمْوَالَهُمْ بِأَنَّ لَهُمُ الْجَنَّةَ…
«Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларнинг жонлари ва молларини жаннат эвазига сотиб олди» (Тавба сураси, 111- оят).
Аллоҳ биз билан савдога киришяпти: «Менга нафсингни, молу дунёингни бергин, сенга Мен жаннатни сотаман» деяпти. Сиз жаннатга харидор бўлишни хоҳламайсизми? Агар жаннатга ҳақиқий харидор бўлсангиз, бутун вужудингизни, молу дунёингизни Аллоҳ таолога сарфланг ва эвазига жаннатни қўлга киритинг. Бундай инсонлар дунёда кўплаб топилади, Алҳамдулиллаҳ. Лекин бунинг акси бўлган кимсалар ҳам бор. Улардан баъзилари бутун молу дунёсини гуноҳ маъсият бўлган ишларга тикиб, кўчада қолишмоқда ёки бор бойлигини қиморга тикиб, уйсиз қолаётганлар ҳам талайгина. Оятда Аллоҳ таоло бизларни қандай ҳам гўзал савдога чақирмоқда. Бу савдода харидор ҳеч қандай зиён кўрмайди. Чунки аслида бизларнинг жонимиз, бор бойлигимиз Аллоҳ таолоники. Аллоҳ ҳеч қандай эвазсиз бизларни жонимиз ва бойлигимизни олиши ҳам мумкин.
Лекин Аллоҳ таоло ундай қилмай, бизларни баракали савдога чақирмоқда. Бундай харидорни сиз ҳеч қаердан топа олмайсиз. Чунки савдо моли ҳам, мол муқобилидаги бошқа нарсалар барча-барчаси ҳам Ўзиники бўла туриб, бизлардан жаннат эвазига жонимиз ва молимизни сотиб олмоқда. Бунга мисол қилиб, Аллоҳ таоло муҳаббати йўлида бутун вужудини сарфлашга тайёр бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни келтириш мумкин.
Хайр-эҳсон қилиш тўғрисидаги ояти карималар нозил қилинганидан кейин Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўша оятга амал қилдим, яъни Аллоҳнинг йўлида бор молу дунёимни эҳсон қилдим», дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизга бирор нарса олиб қолдингизми?» дедилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Йўқ, ўзимга Аллоҳ ва унинг Расулининг муҳаббатини олиб қолдим. Молу дунёимнинг ҳаммасини эса Аллоҳ йўлида сарф қилдим», деди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу чопиб келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўша оятга амал қилиб, молу дунёимни сарф қилдим». «Қанчасини?» дедилар. «Ярмини», деди. «Ўзингга бирор нарса олиб қолдингми?» дедилар. «Қолган ярмини ўзимга олиб қолдим», деди. Баъзи бир ривоятларда «Сен билан Абу Бакр ўртасидаги фарқ худди иккалангизнинг сўзинг ўртасидаги фарқ қандай бўлса, шундайдир» дейилган.
Буни қаранки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Йўқ, ўзимга Аллоҳ ва Унинг Расулининг муҳаббатини олиб қолдим. Молу дунёимни ҳаммасини эса, Аллоҳ йўлида сарф қилдим» деди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу эса: «Молимни ярмини Аллоҳга сарф қилдим, қолган ярмини ўзимга олиб қолдим», деди. Икки сўзнинг ўртасидаги фарқни қаранг, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳум ўрталарида икковлари томонидан айтилган сўзлар орасида қанчалар фарқ бўлса, шунча фарқ бор экан.
Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки, ҳақиқий закот берадиган инсон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудек бўлади, яъни муҳаббатини тасдиқ эта олади. Молу дунёга нисбатан заррача ҳам муҳаббати йўқлигини кўрсатиб бера олади. Бойликни тўплаб-тўплаб, уюм-уюм, тоғ-тоғ қилиб ўлиб кетавермайди, балки бор топган бойлигини Аллоҳ йўлида сарфлаб-сарфлаб жаннатни сотиб олади ва ҳақиқий ҳаридор сифатида жон таслим қилади. Шунинг учун уларга тириклик чоғидаёқ жаннатнинг чиптаси топширилган. Молу дунёсининг ярмини сарфлаган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ҳам жаннатнинг чиптаси топширилган. Демак, шундан маълум бўладики, молу дунёингизнинг ярмини топширсангиз ҳам, ҳақиқий муҳаббатингизни тасдиқлаган бўласиз. Демак, закот беришдан ҳақиқий кўзланган ботиний маънолардан бири – муҳаббатингизни Аллоҳ таолога изҳор қила олишингиздир.
Инсон дунёдаги энг суюкли нарсаларини Аллоҳ йўлида сарфлашга тайёр бўлиши, имтиҳондан ўтишга тайёр турган толиби илм каби бўлади. Инсон табиатида мазкур нарсаларга мойиллик ва муҳаббат бор экан, ундан воз кечиш осон эмас. Аммо инсон ҳаракат қилса, бу эришиш мумкин бўлган мақом-мартабадир. Иккинчи мақом-мартаба, бу – юқоридаги мартабага нисбатан бироз пастроқ даража бўлиб, булар Аллоҳ фарз қилган закотларни бермай, анча-мунча ҳайри эҳсонлар қилиб туради. Бундай кишилар закотдан ташқари садақайи фитрни беради. Шунингдек, бошқа садақотларни ҳам беради ва қўни-қўшниларга ёрдамлар ҳам бериб туради. Бундай кишиларнинг мақоми иккинчи даражада бўлади.
Ҳайр-эҳсон қилишни одатга айлантирган банда йилига бир мартагина закот бериш билан чекланиб қолмай, ундан ташқари инфоқ эҳсон қилиб туради. Аммо Абу Бакр розияллоҳу анҳудек молининг ҳаммасини ёки ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек ярмини бериб юбора олмайди. Биров сўраб келса, анча-мунча ёрдам бериб қўяди ёки биров сўраб келмаса ҳам баъзи-баъзида ҳайр-эҳсон қилиб туради. Булар иккинчи даражадаги инсонлардир. Ҳозирги кунда кўпгина закот берувчиларимиз шу иккинчи даражага мувофиқ десак хато қилмаган бўламиз. Чунки улар фақатгина закотнинг ўзини бериб қўя қолишмайди-да, балки закотдан ташқари инфоқ, эҳсонлар ҳам қилиб турадилар. Лекин булар юқори, яъни сиддиқлар даражасига эриша олмайдилар. Чунки бу оғир даража. Бунинг учун борини ёки ярмини сарфлаб юбориш керак.
Баъзи бир кишилар келиб: «Қори ака, бу йил нисоб қанча бўлди?», деб сўрашади. «Аввалги йили закот берганмисиз?» дейман. «Ҳа, берганман», дейди. «Ўшани ҳисоб-китоб қилинг да, қирқдан бирини чиқариб бераверинг. Сиз доим закот бериб юрган одамсиз. Сизга нисобнинг нима аҳамияти бор? Нисобнинг қанча эканлигини аҳамияти биринчи марта закот беришга кириб келаётган биринчи синф учун. Яъни, «Эй Худойим а! Меники ҳам нисобга етармикан? Бу йил озгина етмай қолди-да. Келаси йил қанча бўларкан, яна озгина қўшсам етиб қолармикан», деб интилиб келаётган одам нисоб қанча бўлди, деб сўрайди. Фалон қиймат, деб айтсангиз, «Оҳ! Етибди Худога шукр! Бу йил закот беришни бошларканман», дейдиган биринчи синфлар учун керак. Қолганлар, аввалдан закот бериб юрганлар учун нисобнинг кераги йўқ. Молу дунёингизни шарта ҳисоб-китоб қилинг да қирқдан бирини чиқариб юбораверинг», дедим.
Демак, мана бу иккинчи тоифага кўпгина мусулмонларимиз, закот берадиганлар шунга муносиб, бу ҳам ёмон даража эмас. Иккинчи даража ҳам, иншаАллоҳ, ихлос билан бажарилса, жаннатга олиб борадиган даражадир.
Энди учинчи даража бор. Булар камчиликни ташкил этсада, лекин, минг афсуслар бўлсинки, бор. Улар кимлар? Улар учинчи даража бўлиб, ўзлари бахил, хасис, молу дунёга муҳаббат қўйган, аммо мусулмон мажбуриятидангина закотини беради. Бир йилда бир марта зўрға закотини беради. Шуниям зўрға беради. Ҳаммадан бориб: «Сен оласанми ёки олмайсанми?» деб суриштиради. Иложи бўлса олмайман дейдигани чиқиб қоладими, деб қидиради. «Нима қилиш керак экан шуни?» деб шундай суриштирадики, иложи бўлса, шофиий мазҳабига ўтиб, тақинчоқлардан закот бермаса-да!
Аёлимнинг тақинчоқлари кўп, уни бир кило тилласи бор. Агар берсак кафангадо бўлиб қоламиз, деб йўл қидиришни бошлайдиган, бахил мусулмонлар бор.
Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ояти каримада шундай деб марҳамат қилади:
وَمَنْ يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُولَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ.
«Ва кимки нафсининг қизғанчиқлигидан сақланса, ана ўшалар нажот топувчилардир» (Тағобун сураси, 16- оят).
Инсон қалбидаги бахиллик сабабли закот бермаса, нажот топа олмай қолади. Шунинг учун азизлар, закот бераётган пайтда қирқдан бирини роса калкуляторга солиб, тўппа-тўғри чиқариш шарт эмас. Қирқдан иккисини бериб юборсангиз ҳам бўлаверади. Қўрқманг! Ҳеч зарар бўлмайди. Қирқдан учини бериб юборсангиз ҳам бўлаверади. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу каби қирқни ҳаммасини, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кабиларга қирқдан йигирмасини бериб юборсангиз ҳам бўлаверади. Ўз ҳимматингизни бир синаб кўрингчи! Қанча даражада бахиллик ва хасислик бор эканлигини бир синаб кўрингчи! Шу орқали ўзингизга баҳо бериб кўрасиз.

Исҳоқ Муҳаммад,
«Тўхтабой» жоме масжиди имом хатиби
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш