Жаҳолатга қарши – маърифат

19-06-2017, 14:01 admin Янгиликлар 2 641

Жаҳолатга қарши – маърифат


Шу йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу йиғилишда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади: “Халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, экологик муаммолар, айрим минтақаларда иқтисодий ночорлик, ишсизлик, қашшоқлик бутун инсониятни қаттиқ хавотирга солмоқда. Ана шундай ўта мураккаб ва қалтис шароитда қандай йўл тутиш, қандай қилиб тинчлик ва осойишталикни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш мумкин, деган савол барчамизни жиддий ўйлантириши зарур.
Айниқса, кейинги пайтда турли мамлакатларда содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг ижрочилари қаторида миллатимизга мансуб кимсалар ҳам борлиги халқимизда афсус ва надомат уйғотмоқда.
Тинчлик ва осойишталикни, инсонийликни ҳамма нарсадан устун қўядиган халқимиз бундай шахсларни, уларнинг қилмишларини кескин қоралайди. Уларни ўзбек деган номга номуносиб деб ҳисоблайди” - дедилар.
Муҳтарам Юртбошимиз маърузаларида бу ёвузликка, жаҳолатга қарши қандай қилиб курашиш лозимлигини таъкидладилар.
Биз кўп жойларда жаҳолатга қарши маърифат ташаббуси билан чиқяпмиз. Муқаддас ислом динини ниқоб қилиб, бошқа кўчаларга кириб кетаётган жоҳил кимсалар бир нарсани тушунмайди ёки тушунишни истамайди. Яъни, ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, соҳта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди.
Алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз, бунинг шукронасини қилиб, фарзандларимизни ҳам бундай неъматнинг қадрига етадиган инсонлар этиб тарбиялашимиз керак эмасми?
“Бунинг учун барчамиз Оллоҳга шукрона келтириб, сиз, муҳтарам уламолар, имом-хатиблар, жамоатчилик вакиллари билан бирга динимиз тарихи, буюк алломалар ва азиз-авлиёларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича бошлаган ишларимизни давом эттиришимиз керак. Кейинги вақтда мен жойларда бўлиб, ҳудудларимиз ҳаёти билан янада яқиндан танишар эканман, шундай бир фикрга ишонч ҳосил қиляпманки, биз ҳали юртимизни, унинг ўзига хос тарихи, маданияти, улуғ олиму уламоларини, бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўрганганимиз йўқ.
Мисол учун, Қашқадарё заминида буюк аллома, мотуридия таълимотининг йирик вакили Абу Муин Насафий бобомиз яшаб ўтганлар. У киши узоқ муддат Бухоро ва Самарқандда таҳсил олиб, калом илми, яъни исломий эътиқод поклиги масаласида 15 га яқин китоб ёзганлар. Ана шу китобларида, бундан минг йил олдин дин масаласида адашганларга тўғри йўл кўрсатганлар. Худо хоҳласа, Насафий бобомиз зиёратгоҳида ҳам ана шундай муаззам мажмуа барпо этамиз, бу улуғ зотнинг китобларини таржима қилиб, нашрдан чиқарамиз. Мана шундай савобли ишларни Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қадамжолари бўйича, Тошкентда Имом Термизий номидаги масжид ва Сузук ота мақбараси бўйича бошлаб юборганимиздан сизлар албатта хабардорсиз, деб ўйлайман.
Яқинда Бухоро вилоятида сафарда бўлганимизда, машҳур Мир Араб мадрасасини кўриб, тўғриси, анча хижолат бўлдим. Неча замонлардан буён халқимизга, динимизга хизмат қилиб келаётган, нафақат юртимиз, балки мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган қанчадан-қанча уламоларни камолга етказган бу муқаддас даргоҳ ачинарли ҳолга тушиб қолгани албатта афсуслидир. Бугунги кунда мазкур диний ўқув масканининг нуфузи ва мақомини ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бу ердаги қадимий биноларни тубдан таъмирлаш, ён-атрофдаги ҳудудни ободонлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ана шундай эзгу ишларимиз қаторида биз ҳозир яна бир йирик лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб боряпмиз. Маълумки, бизнинг минтақамиз, авваламбор, бугунги Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг ана шундай бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида биз азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом маданияти марказини барпо этишга қарор қилдик.
Нега деганда, “Жаҳолатга қарши — маърифат” шиори остида мана шундай марказни ташкил этишни бугун даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бугунги учрашувимиздан фойдаланиб, сизлар билан яна бир масала ҳақида фикрлашиб олмоқчиман.
Сизларга яхши аёнки, мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида динимиз равнақи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк азиз-авлиёлар, аллома зотлар хотирасига барпо этилган ёдгорлик мажмуалари, илмий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг қошида ислом динининг алоҳида йўналишлари бўйича илм олишга, мутахассис бўлишга тайёрлаб борадиган илмий мактаблар ташкил этсак, нима дейсизлар?
- Масалан,
Самарқандда – Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик мактаби,
Самарқандда – Имом Мотуридий маркази қошида калом илми мактаби,
Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби,
Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф мактаби,
Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этсак, ўйлайманки, бу жуда фойдали бўлади. Келгусида чуқур билимли имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлашда, энг муҳими, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг бебаҳо мероси руҳида, соғлом эътиқод руҳида тарбиялашда бу мактаблар таянч бўлиб хизмат қилади”дедилар.
Ҳақиқатдан ҳам “жаҳолатга қарши – маърифат” билан курашишни Юртбошимиз нутқларида исботлаб бердилар ва ҳаммани мана шу йўлда фаол иштирок этишга даъват қилдилар.
Муқаддас Ислом динимиз келмасдан олдинги даврни бутун ислом олами “Жоҳилият даври” деб атайди. Мана шу жоҳилият даврини – маърифат дунёсига айлантиришни қандай йўл билан ислоҳ қилишни эса, Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилишлик билан бошлади. Биринчи бўлиб ер юзига нозил бўлган нурли оятлар “Иқро”, “Ўқи” бўлди. Аллоҳ таоло жоҳилликни - илм билан ислоҳ қилишни, жоҳилликка – илм билан қарши чиққанини биринчи оятдаёқ кўрсатиб берди.
Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Шунингдек, Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Ўқиш – илмнинг калитидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳар бир мусулмон киши учун илм талаб қилиш фарздир” деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари ҳам илм олишни фарз даражасига кўтарди. Мана шу ўринда илм олиш тўғрисидаги Қуръони каримнинг биринчи нозил бўлган ояти ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина ҳадисларини келтиришлик билан кифоя қилдик.
Илм йўлини тутган Имом Бухорий бобомиз асрлар оша мўмин-мусулмонлар қалби тўридан жой олиб, уларнинг мақтовларига ва улуғлашларига мушарраф бўлиб келмоқда. Буларнинг ҳаммасига “илм” сабаблидир. Илм сабабли бутун дунё мусулмон аҳли У инсонни танийди.
Илмга меҳр қўйган, эгаллаган ото-боболаримиздан Мирзо Улуғбек ҳазратлари осмондаги юлдузларни санаган.
Илмга меҳр қўйган, эгаллаган ото-боболаримиздан Аҳмад ал-Фарғоний ҳазратлари ясаган гидротехника иншооти “Нил” дарёси сувининг миқдорини ўлчашда қўлланилмоқда.
Илмга меҳр қўйган, эгаллаган ото-боболаримиздан Абу Али Ибн Сино ҳазратлари Европада Авиценна (Avicenna) номи билан машҳур табиб сифатида танилган. Олимнинг кўп жилдлик тиббий асари – “Тиб қонунлари” бўлиб, бу асар ўз мазмунига кўра тиббий билимларнинг нодир мажмуаси - қомуси ҳисобланади. Медицина сўзи ҳам Ибн Сино ҳазратларининг сўзидан келиб чиққандир.
Ундан ташқари Абу Лайс Самарқандий, имом ал-Мотуридий, Махмуд аз-Замахшарий, Абу Абдуллоҳ ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Юсуф Хос Ҳожиб, Лутфий, Абдурахмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби юзлаб олиму, уламоларимизни ҳам илм орқали ҳалқимиз ҳамда бутун дунё илм фанига қўшган ҳиссаларини гапириб адоғига етиб бўлмайди. Буюк ватандошимиз, сўз мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари “Оламдан ғамсиз ўтай десанг, илм-у ҳунар урган” деганлар.
Қуръони карим илмга даъват қилиш билан нозил бўлган бўлса, Аллоҳнинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари ҳам илм олишни фарз даражасига кўтарган бўлса, аждодларимиз илм билан бутун дунё аҳлини қалбини эгаллаган бўлса, Муҳтарам Юртбошимиз ҳам барча фуқароларини илм олишга, китоб ўқишга, маърифатли бўлишга даъват қилиб турган бўлсалар, албатта биз китоб ўқишимиз, илмлик, маърифатлик бўлишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.
Муҳтарам Юртбошимиз яна мурожаат қилиб “Муҳтарам имом-хатибларимиз Худо йўлида холис хизмат қилишни ўз зиммаларига олганлар. Бу ҳам масъулият, ҳам улкан шараф. Шунинг учун соғлом эътиқод йўлини тарғиб қилишни аввало кимдан сўраймиз? Сиз, азизлардан сўраймиз. Шу борада барчамиз кимдан ибрат оламиз? Сиз, азизлардан.
Шунинг учун ҳам сизларнинг катта билимингиз, обрў-эътиборингизни инобатга олиб, мен сизларга, барча дин аҳлларига, жамоатчилигимизга мурожаат қилмоқчиман: юртимизда тинчликни, осойишталикни сақлашда бизга ёрдам беринг”.
Юртбошимизнинг ушбу мурожаатларига лаббай деб жавоб бериб, биз дин уламолари, зиёлилар керак бўлса халоватимиздан воз кечамиз, бор куч ғайратимиз, билим-салоҳиятимиз билан кеча-ю кундуз “Тинчлик-хотиржамлик” учун хизмат қиламиз деб ваъда берамиз ва бунга иншааллоҳ эришамиз. Чунки аллоҳ таолонинг Ўзи бизга “жаҳолатга қарши - маърифат” билан, илм билан курашишни ўргатган.
Павардигори Олам юртимизни доимо тинч қилсин.



Навбаҳор тумани,
“Шайх Абул Хасан Харақоний”
жоме масжиди имом-хатиби: Бобоназаров Сайдулла




скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш