Навоий вилояти Ёшлар марказининг мажлислар залида тадбир бўлиб ўтди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ўринбосари Иброҳим Иномов ва Имом Бухороий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуровлар ўз маърузалари билан қатнашишди.
Сўзга чиққанлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш йўлида халқимизга хос ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат алоҳида ўрин тутишини таъкидлашди. Шунингдек, бугунги мураккаб ва таҳликали даврда ушбу эзгу фазилатларни асраб-авайлаш билан бирга, доимо огоҳ ва сергак бўлиб яшаш, бепарволик ва беписандлик кайфиятидан узоқ бўлиш лозимлиги уқтирилди.
Албатта, юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Шундай эмин-эркинлик, тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, жонажон диёримиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш, уни ҳар турли фитналардан, таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг ҳам инсоний ҳам фуқаролик бурчимиздир.