Фарзанд таълимида ота-она масъулдир

19-04-2018, 10:24 Istamjon Khamrayev Янгиликлар 1 805

Мусулмон умматига ваҳий қилган дастлабки каломи “Ўқи” хитоби бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. “Ким илм талабида йўлга чиқса, то ортга қайтгунига қадар Аллоҳнинг йўлида бўлади” деган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруди саловатлар бўлсин.

Илм олиш ҳам улуғ ибодат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида “Олим бўл, ёки илм ўрганувчи бўл, ёки илмга қулоқ тутгувчи бўл, ёки илмни яхши кўргувчи бўл. Аммо, асло бешинчи тоифа бўлма, ҳалок бўласан”, деб марҳамат қилганлар. Олим бўлиш улуғ фазилат. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Аллоҳдан фақат олим бандаларгина қўрқишини таъкидлайди. Олимлик олий мақом, албатта, бунга илм сирларини пухта эгаллаш орқали эришилади. Устоз бераётган илмни сидқидилдан, ҳарислик ила тинглаш орқали амалга ошади. Ота-оналар фарзандларига илм эгаллаш нақадар савобли иш эканлигини тушунтиришлари лозим. Улуғларимиздан бири фарзандларини мадрасага этишдан олдин “Агар Аллоҳ азза ва жаллага етишиш ердаги ахлатларни супуриш орқали бўлишини билганимда сизни фаррош қилардим, лекин мен эътибор бериб, Аллоҳга етишиш йўли илм орқали бўлишини ҳис қилдим. Шунинг учун мен сизни шу йўлга йўналтирдим. Энди мен сиздан, илмни бирор лавозимга эришиш, диплом олиш, раҳбар бўлиш, тенгдошлар билан беллашиш учун ўрганмаслигингизни, балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилиги учун ўрганишингизни истардим”, деган эканлар. Илм эгаллашга муҳаббат қўйиш, ўзи илм эгаллашга қодир бўлмасада илмни ҳурмат қилиш лозим. Акс ҳолда, илмни назар писанд қилмайдиган, “ўқиганлар кимам бўларди”, дейдиган тоифалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлари каби бешинчи – ҳалокатга учровчи – кишилардан бўлиб қолишлари мумкин экан.

Бугунги кунда юртимизда ёшларни сифатли таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратилгани барчамизга бирдек маълум. Тўққиз йиллик мактаб таълими, уч йиллик академик лицей ёки касб ҳунар коллежида бепул таълим олишади. Бу камдан кам мамлакатларда амал қиладиган имконият. Баъзи мамлакатларда фарзандини мактабда, касб-ҳунар коллежида ўқитиш катта бахт ҳисобланади. Кўплаб оилалар ҳамма фарзандларини ўқита олишмайди ҳам, оиладаги тўнғич ёки бироз интилувчанроғигина мактаб таълимини олади холос. Чунки оиланинг моддий аҳволи ҳамма фарзандларини пул тўлаб ўқитишга етмайди. Бизнинг мамлакатимизда эса ёшларнинг савод чиқаришлари учун, ижтимоий келиб чиқиши, моддий аҳволидан қатъий назар ўн икки йиллик мажбурий таълим тизими йўлга қўйилган. Бу дегани, шу юртда дунёга келган ҳар бир фарзанд бепул таълим олиши, савод чиқарилиши таъминланади дегани. Шу билан бирга, фарзандларини ўқишга қатнашларини таъминламаган ота-оналар қонун олдида жавоб беришади. Таълим соҳаси ҳодимлари билан суҳбатларда, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасида дарсларни мунтазам қолдирадиган, сабабсиз дарсларга қатнашмайдиган ўқувчиларнинг борлигини айтишади. Бунинг сабаблари ўрганилганда, аксарият ҳолларда ота-оналар фарзандларига эътиборсизликлари, ҳатто баъзи ҳолларда ота-оналарнинг ўзлари фарзандларини арзимас сабаблар туфайли дарсдан олиб қолаётганликлари маълум бўляпти. Фарзандининг мунтазам таълим олишини, унинг таълими учун керакли барча шароитларни яратиб бериши керак бўлган ота-она бундай масъулиятсизликка йўл қўйиши катта хатодир. Фарзандининг дарсга қатнашмагани учун таълим даргоҳи ўқитувчилари ёки тегишли ҳамкор ташкилотлар эмас аслида ота-она қайғуриши лозим. Афсуски, бундай хатонинг тўлови кейин умр бўйи тўланади. Вақтида илм сирларини эгалламаган, ўзининг мутахасислик соҳасини яхши эгалламаган ўқувчи эртага катта ҳаётда ўз ўрнини топа олмай, бир умр ота-онасига дард ҳасрат бўлади. Айрим ёшларнинг четга ишлаш учун кетиб қолаётни ҳам ҳеч кимга сир эмас. Энди бир ҳақли савол, ота онасининг бағрида, барча ҳуқуқ ва имкониятлари таъминланган ўз юртида ўз ўрнини топа олмаган бола мусофирчиликда, ўзга бир юрта бегоналар орасида қандай қилиб нонини топиб ейди? Жавоб тайин, ҳеч қанақасига. Ё бир ой ҳам ўтмасдан қарзга ботиб қайтиб келади, ёки ўша ерда бир бурда нон умидида ҳар қандай ишга қўл уради. Яна бир ташвишланарли жиҳат шундан иборатки, турли ақидапараст оқим вакиллари ҳам шундай ғўр, ўз мустақил фикрига, билим савиясига эга бўлмаган ёшларни жамоаларига осонгина қўшиб олишади. Оч қолганда қорнини тўйдиришади, устига кийим, яшаши учун бошпана беришади. Қарабсизки, ана энди шу “беминнат ҳомийларнинг” айтганлари айтган, деганлари деган бўлиб қолади. Уларнинг ҳар бир кўрсатмасини, қабиҳ таълимини жон деб қулоғига олади. Шунча йил ош туз еган, киндик қони тўкилган ўз юртига қарши қурол кўтаришгача боради. Шунинг учун фарзандини бир соат бўлсада дарсдан қолаётганига беетибор бўлаётган ота-она бу совуққонликниг келгусида нималарга олиб келиши мумкинлигини ўйлаб кўриши лозим.

Шунинг учун улуғларимиз “ота-онанинг қадри баландми ёки таълим берган устознинг?”, деган саволга ота онанинг қадри баланд, аммо, илм ўргатган устознинг ҳам мавқеи ота-онаникидан кам эмас. Чунки ота-она фарзандни бу дунё ёмонликларидан ҳимоя қилса, устознинг ўргатган илми инсонни нафақат бу дунё бало офатларидан, балки охират азобидан ҳам асраб қоларкан. Шунинг учун Али розияллоҳу анҳу “Менга бир дона ҳарф ўргатган инсонгада қул-хизматчиман” деган эканлар. Ота боболаримиз ҳам фарзандни устознинг ёнига этгандан сўнг, “устоз, фарзандимизнинг эти сизники, суяги бизники” деб топшириб келганлар. Бугунги кунда фарзандингизни нега дарса жўнатмаяпсиз, нега дарсларга қанташишига, қандай таълим олишига эътибор бермаяпсиз деган танбеҳ-дашномни эшитиш мўмин-мусулмон, фарзанд тарбиясини бошқа ҳамма ташвишлардан устун қўйиб келган халқимиз учун уятли ҳол. Ахир ёшларнинг сифатли таълим олишлари, уларни касб ҳунарга йўналтириш учун ҳукуматимизнинг қанчадан қанча маблағи, эътибори сарф бўлмоқда. Бу имкониятлардан унумли фойдаланмаслик эса, Аллоҳ берган илм олиш имконияти неъматига ношукрликдир.

Кармана туман "Қосим Шайх" масжиди имоми ноиби И.Хамраев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Навоий вилоят имомларининг сайёр семинари Канимех туманида
"Қосим Шайх" жоме масжидида рамазон ҳайити намози
РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК
Фуқароларни қабул қилиш куни
Навоий вилоятида ҳам ифторлик дастурхонлари ёзилди
"Таровеҳ" намозларига ташриф буюрувчи фуқароларнинг хавфсизлиги ишончли таъминлаш
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш