Замзам суви ер юзидаги энг яхши сув ҳисобланади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир:
عن عبدالله بن عباس رضي الله عنهما قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : خير ماء على وجه الأرض ماء زمزم ، فيه طَعام الطُعْم ، وشِفَاء من السقم. رَوَاهُ الطبراني
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ер юзидаги энг яхши сув замзам сувидир. Унда очга таом, касалликдан шифо бордир”, – дедилар”. Табароний ривоят қилган.
Замзам сўзига луғавий жиҳатдан тўрт хил маъно берилган:
1. Мўл-кўл. Яъни ушбу қудуқнинг суви кўп бўлгани учун “замзам” (мўл-кўл) деб номланган;
2. Тўпланган. Яъни Ҳожар онамиз ердан сув чиқиб атрофга ёйила бошлаганда сувга қараб: эй муборак сув тарқалиб кетма, тўпланиб тургин маъносида“зам, зам” – деган. Сув ёйилиб кетмасдан тўпланиб қолган. Шундан ўша “тўхта-тўхта” маъносидаги “замзам” сўзи унга ном бўлиб қолган;
3. Тўсилган. Яъни ердан сув чиқиб атрофга ёйила бошлаганда Ҳожар онамиз тупроқ билан унинг атрофини тўсиб чиққан. Шундан ўша “тўсилган” маъносидаги “замзам” сўзи унга ном бўлиб қолган;
4. Замзам. Яъни замзам номи бошқа бирор маънодан олиниб унга ном бўлиб қолган эмас.
Истилоҳда эса замзам деганда Масжидул ҳаромдаги машҳур қудуқдан олинадиган сув тушунилади. Каъба ва замзам қудуғи орасидаги масофа 21 метрдир.
“Замзам” қачон пайдо бўлган?
Ҳожар онамиз ёш гўдаги Исмоил алайҳиссалом билан чўлу биёбонда сувсиз ва озуқасиз қолган вақтда Сафо тепалигига чиқиб ўғли Исмоилга Аллоҳ таолодан сув етказишни сўраб дуо қилади. Сўнгра ундан тушиб Марва тепалигига йўл олади ва унинг устига чиқиб дуо қилади. Етти марта иккаласи орасида шундай ҳаракат қилади. Шунда Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломни юборади ва у замзам қудуғи ўрнини ишқайди ва ўша жойдан сув отилиб чиқади яъни замзам қудуғи пайдо бўлади.
Замзам қудуғи халифа Муътасимнинг давригача усти очиқ бўлган. Кейинроқ усти ёпилган. Аббосийлар халифалиги даврида Замазам суви қудуқдан тортиб олиниб усти очиқ ҳовузларга қуйиладиган бўлган. Кейинчалик сув сақланадиган омборларга жўмраклар ўрнатилган ва замзам одамларга мешкобларда тарқатилган.
Ҳижрий 1377 йилда тавоф қилувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида Замзам қудуғи устига қурилган бино пастга олинган ва унинг устидан ҳам тавоф қилиш йўлга қўйилган. Ҳижрий 1399 йилда Замзам қудуғининг чуқурлиги ўн саккиз метру олтмиш сантиметр бўлган.
Ҳижрий 1383 йилдан бошлаб замзамни моторда тортиб олиш йўлга қўйилган. Ҳозирда Марва тепалигининг остида замзамни тўплайдиган ва уни совутадиган марказ ташкил қилинган. Совутиш учун замзамнинг ўзидан қилинган муз қўшилади. Замзам сувидан милионлаб ҳожилар ва умрачилар олиб кетишади ҳамда доимий равишда Мадинаи мунаввара ва Саудиянинг бошқа шаҳарларига тўхтовсиз равишда ташиб турилади. Уламолар кичкина бир қудуқдан шунчалик кўп сув чиқиб туришининг ўзи ҳам катта мўъжизадир – дейдилар.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Абдулқодир Пардаев