Ислом дини барчамизни яшаётган жойларимизни тоза, озода бўлиши, ичимлик сувимизнинг беғубор, ўзимизнинг эса покиза юришимизга буюради. Асрлар бўйлаб бобо-момоларимиз ариқ, дарё ва денгиз сувларини покиза сақлашни ўзларининг бурчлари деб билиб келганлар. Ҳозирги пайтда айниқса, озодалик ва покизалик қоидаларига риоя қилиш яна ҳам зарурроқ бўлиб қолди. Қуръони карим оятларида сув, унинг фойда ва самаралари ҳақида олтмишдан зиёд ўринда зикр этилган. Жумладан, қўйидаги ояти шарифда шундай дейилади: «…ва тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!..».
Юқоридаги ояти карималардан Аллоҳ таолонинг ер юзида униб-ўсишга, ҳаёт кечиришга қобилияти бўлган инсонлар, ҳайвонлар ва наботот оламини оби ҳаёт-сувидан яратгани маълум бўлади шунинг учун ҳам атроф-муҳитни ва унинг муҳим захираларини, жумладан, энг муҳим илоҳий неъматлардан бири – сувни эҳтиёт қилиш, асраб-авайлаш алоҳида долзарб аҳамият касб этади.
«Сувга нарса ташлама, тупурма!», «Сувга қараб супурма!». Мазкур иборалар тез-тез қулоғимизга чалинади. Бу халқимиз азал-азалдан сувни катта эҳтиром билан эъзозлашидан далолат.
Сув – оби ҳаёт, тириклик манбаи, поклик, мусаффолик рамзи. Сув инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаидир. Инсон овқатсиз уч-тўрт ҳафтагача яшаши мумкин, аммо сувсиз уч кунга ҳам чидай олмайди. Табиатда биз кўриб турган, баъзан унчалик парво қилмайдиганимиз ана шу табаррук сув улуғ неъмат ва айни пайтда бемисл мўжизалиги, таркиби мураккаб тузилган, турли хусусиятларга эга эканлигини билиб олиш мумкин. Бугунги кунда инсониятга неъмат қилиб берилган сувни ҳам исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга кўр-кўрона бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушмоқда. Сувнинг исроф бўлишига йўл қўймай, уни тежаб-тергаб ишлатиш керак бўлади. Фарзандларимизга ҳам сувни исроф қилмасликни ўргатайлик. Бир дона носоз жўмракдан томчилаётган сув бир соатда қанча бўлишини яхши тасаввур қиламиз. Сувни исроф қилмаслик барчанинг бурч ва вазифаси эканлигини асло унутмаслик керак. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси энг биринчи даражали ташвишлардан. Бугунги кунда дунёда бир миллиарддан ортиқ киши ёки жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож.
Сувни исроф қилиш етмаганидек, айрим инсонлар томонидан сув ҳавзаларига, ариқ, канал, ва сув шохобчаларига турли чиқиндилар ташланмоқда.
Бугунги кунда барча инсонлар аввало тоза сув ичиш, бунда меъёрга эътибор бериш, шу йўл билан саломатликларини муҳофаза этишнинг нақадар долзарблигини чуқур ҳис этишлари лозим.
Мансур БОБОЕВ
Хатирчи туман “Майдон ота Мирхалил” жоме масжиди имом хатиби