Ислом таълимотида табиатни авайлаб асраш, уни ҳимоя қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш алоҳида зикр этилган. Ер курраси, коинот ўзаро бир-бирига мутаносиб даражада боғланган. Инсон ҳам мана шу заминнинг асосий унсури бўлиб ҳисобланади, зеро у табиатни эҳтиётлаб сақлашда асосий ўринни эгаллайди.
Аллоҳ таоло инсонни ниҳоят даражада гўзал қилиб яратди. Унга ақл ва жисм қудратини ато этиб мукаммал суратга келтирди. Демак, ҳар бир оқилу доно ўзи яшаб турган жойдаги ер, сув, ҳаво, ҳайвонот ва набототга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муомалада бўлиши, уларни асраб авайлаб сақлаши лозим бўлади. Теварак-атрофни озода сақлашда бобо-бувиларимиз, ота-боболаримиз: “Чиқиндини ариққа ташлама, сувга тупурма, ҳовли ва кўчаларга ахлат ташлама” деб қайта-қайта тайинлар, агар сувга тупурсанг кур бўласа, уволи тутади, гуноҳ бўлади болам дер эдилар. Ўша вақтларда одамлар ариқ ва булоқлар сувидан ҳеч хадиксиз қониб ичарди. Иссиқ нонларни оқар сувга увитиб истимол қилар эди. Афсуски ҳозирги ёшларга бу гапларни гапирсангиз эртак айтиб берияпти деб қабул қилишади. Чунки ҳозир ким ҳам маҳалла, гузарлар оралаб оқиб ўтадиган ариқдан сув ича олади? Баъзилар ҳеч тортинмай ариққа суприндини ташлашади, кир ювилса, мағзавасини оқизишади, чиқинди ахлатларни ариқларга ташлашади, хатто ўша ахлатлар орасида азиз бўлган нон ушоқларини ҳам кўрамиз, ўлиб қолган парранда ёки хайвони бўлса уни ҳам каналларга оқизишади... Ҳар жойда кўз тушса, хижолатга соладиган бир манзара бор.
Инсон ўзи истиқомат қиладиган маҳалла, атроф-муҳит, уй-жойларни озода, саранжом-саришта сақлаши ҳам имонни мукаммал қиладиган амаллардан саналади. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб шундай дейдилар: "Иймон 70 нечта қисмлардан иборат. Улардан энг афзали “Ла илоҳа иллаллоҳ” ва энг кичиги йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлашдир".
Абу Барза Асламий (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: “Мени жаннатга киритадиган ишга буюринг”. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”. дедилар
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Учта лаънатловчидан сақланинглар”, дедилар. Саҳобалар сўрадилар: “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), учта лаънатловчи нима у?” “Одамларнинг йўлига, соя жойга ва сув бошига қазои хожат қилиш” дедилар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мазкур жойларга қазои хожат қилиш ва ахлат ташлашдан қайтардилар яъни Аллоҳнинг лаънати бўлсин шундай кишиларга дедилар.
Хоссатан, ислом дини сув ҳавзаларини ифлос этишдан қатъий равишда қайтаради. Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам оқмас сувга бавл қилишдан қайтариб, сувни ҳар қандай ҳолатда ҳам эҳтиёт қилишга умматларни чорлаганлари ҳам бизга катта масъулият юклайди. Меҳнат ва вақт эвазига қўлга киритилган барча моддий неъматларни исроф қилиш ва уларни ўринсиз нес-нобуд қилиш ҳам табиатни бузилишига, ер-сув заҳираларига путур етишига сабаб бўлади. Сув, ҳавога нисбатан беписандлик, маънавиятнинг тубанлашуви, инсоннинг ҳаётини заҳарлайдиган омиллардир. Аллоҳ таоло яратган атроф-муҳитни озода сақлаш, табиатга нисбатан оқилона муносабатда бўлиш, мўмин бандаларнинг муҳим вазифаларидан бўлиб ҳисобланади.
Шайх Абул Хасан харақоний
жоме масжиди имом-хатибии: С.Бобоназаров