Ҳар бир даврда ҳам аҳли сунна вал-жамоа уламолари “жаҳолатга қарши маърифат” билан курашга алоҳида эътибор қаратганлар. Адашган фирқаларнинг хатоларини тушунтириб, уларни тўғри йўлга солишга, мусулмонларнинг бирдамлиги-ю тинч-тотувлигини асраш йўлида жонбозлик кўрсатиб келганлар.
Бунга илк хаворижлар билан Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ораларидаги баҳс ёрқин далилдир. Маълумки хавориж фирқаси ўзларига қарши бўлганларни кофирга чиқариб, уларнинг қонларини тўкишни ҳалол санаганлар. Ўзларига қарши чиқувчиларнинг диёрларини “Дорул ҳарб” (мусулмон бўлмаган диёр) деб номлаганлар. Улар Али розияллоҳу анҳунинг “таҳким” (Муовия розияллоҳу анҳу билан битим)ни қабул қилишини куфр деб ҳисоблаганлар. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарбияларини олиб улғайган, тириклигидаёқ жаннат башорати берилган “Ашараи мубашшара” (Жаннатий экани айтилган ўн киши)дан бири бўлган зотни кофирга чиқарганлар. Али розияллоҳу анҳу ўзларига нисбатан бундай ҳукм чиқарган шоввозларнинг ғаройиб даъволарига жавоб бериш ва уларни тўғри йўлга солиш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни элчи қилиб юборган. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва хавориж етакчилари ўртасида қуйидаги басҳ-мунозара бўлиб ўтган:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: Уни (яъни мўминлар амири Али розияллоҳу анҳуни) нимада айблайсизлар?
Хаворижлар: уч нарсада.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: қандай нарсалар? Хаворижлар: 1. Аллоҳнинг амри бўлган нарсада кишиларни ҳакам қилди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ “Ҳукм фақат Аллоҳ ихтиёридадир”[1], деган;
2. Уришди-ю лекин таҳқирламади ҳам, ўлжа ҳам олмади. Агар нарги тараф мўмин бўлсалар, улар билан уришиш ҳалол эмас эди. Агар улар кофир бўлсалар, улар билан уришиш ҳам, уларни таҳқирлаш ҳам ҳалол бўлган бўларди.
3. Барча мўминларнинг амири бўлишидан ўзини озод қилди. Агар у мўминларнинг амири бўлмаса, кофирларнинг амири бўладида, дейишди.
Абдуллоҳ ибн Аббос розяллоҳу анҳу: агар сизларга Аллоҳнинг китобидан ва Расулининг суннатидан сўзларингиз хато эканига далолат қиладиган далил келтирсам қайтасизларми?
Хаворижлар: Нега қайтмас эканмиз?
Абдуллоҳ ибн Аббос розяллоҳу анҳу: Аллоҳнинг амрида кишиларнинг ҳукм қилишига келадиган бўлсак, Аллоҳ таолонинг Ўзи китобида шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَقْتُلُوا الصَّيْدَ وَأَنْتُمْ حُرُمٌ وَمَنْ قَتَلَهُ مِنْكُمْ مُتَعَمِّدًا فَجَزَاءٌ مِثْلُ مَا قَتَلَ مِنَ النَّعَمِ يَحْكُمُ بِهِ ذَوَا عَدْلٍ مِنْكُمْ
“Эй, иймон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса,(жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур”[2].
Бошқа бир оятда эр-хотин ҳақида:
وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلَاحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا
“Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай”[3], деган. Демак, Аллоҳ таоло ҳакамликни кишиларга топширган. Сизлардан Аллоҳ ҳаққи билан сўрайман айтингларчи, мусулмонларнинг қони ва ораларидаги ислоҳ тўғрисида кишиларнинг ҳакам бўлишлари афзалми ёки нархи тўрт дирҳам бўлган қуён тўғрисида ва хотин билан яшаш тўғрисида ҳакам бўлишлари афзалми?
Хаворижлар: Йўқ, албатта бу афзал.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: Сизларни бу фикрдан қайтардимми?
Хаворижлар: Ҳа, албатта.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: Сизларнинг уришди-ю, таҳқирламади ҳам, ўлжа ҳам олмади, деган сўзларингизга келадиган бўлсак, оналарингиз Оишани таҳқирламоқчи эдиларингизми? Агар онамиз эмас, десаларингиз кофир бўласизлар. (Агар онамиз десаларингиз, қилаётган даъволарингизни ўзларингиз инкор қилган бўласизлар) Сизлар иккита залолат орасида тараддудланиб қолгансизлар. Энди сизларни бу фикрдан қайтардимми?
Хаворижлар: Ҳа, албатта.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: Барча мўминларнинг амири бўлишидан ўзини озод қилди, деган сўзларингизга келадиган бўлсак, сизлар рози бўладиган бир нарсани айтаман. Аллоҳнинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбия кунида Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амрлар билан сулҳ тузганда: эй Али, бу Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад сулҳ тузган нарсалар, деб ёз, дегандилар. Шунда Суҳайл ибн Амр: Сени Аллоҳнинг элчиси деб билмаймиз. Агар сени Аллоҳнинг элчиси деб билганимизда сен билан урушмас эдик, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй, Аллоҳим, Сенинг элчинг эканимни Ўзинг биласан, дедиларда: Эй Али (ёзганингни) ўчириб ташлагин ва: “Бу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ҳамда Абу Суфён ва Суҳайл ибн Амрлар сулҳ тузган нарсалар” деб ёзгин, дедилар...
Ушбу жавобдан сўнг икки мингдан зиёд кишилар хаворижликдан қайтган эдилар.
Ҳозирги кунимизда ҳам замонамизнинг юздан ортиқ энг мўътабар уламолари “замонавий хаворижлар”га худди шу услубда “очиқ хат” билан мурожаат қилдилар. Кошки эди булар ҳам бор ҳақиқатни англаб етиб, тўғри йўлга қайтсалар...
Аллоҳ таоло содир бўлиб турган турли нотинчликларни бартараф этиб, бутун дунёда тинч-тотувликни барқарор қилсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.
ТИИ ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим