
Журналнинг илк сонида «Тафсир», «Фиқҳ», «Саҳобалар ҳаёти», «Дунё олимлари эътирофи», «Насиҳат», «Фарзанд тарбияси», «Аёллар саҳифаси», «Адабиёт», «Машҳур масжидлар» каби ўнлаб рукнлар остида Ислом дини таълимоти ва мусулмонлар ҳаётига оид кўплаб қизиқарли материаллар эълон қилинган. Айниқса, машҳур араб олими шайх Муҳаммад Аввоманинг «Бу юртнинг илмга садоқатига гувоҳмиз!» номли мақоласи, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаларидан бири Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратларининг аёлларга эр билан муносабатларни яхшилаш борасида қилган насиҳатлари, фарзандлар қалбида Аллоҳ таолога муҳаббат уйғотиш йўллари ҳақидаги мақолалар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотиши мумкин.
Ҳар бир нашр ўз ўқувчиларининг муҳаббатини қозониш, уларнинг қалбига етиб бориш ва ўзаро мулоқотни кучайтириш орқалигина эътибор топади, оммалашади.
Шу боис таҳририят ўқувчиларга мурожаат қилиб, журнал билан мунтазам ҳамкорлик қилиш, қимматли тавсия-маслаҳатлари, фикр-мулоҳазалари билан журнал фаолиятида иштирок этишга чорлайди.
Янги журнал мамлакатимизнинг барча мусулмонларига муборак бўлсин, унинг қадами қутлуғ келсин! Кўп йиллар давомида халқимизга буюк Аллоҳни танитиш, умумбашарият учун фойдали бўлган динимизнинг барча нодир, эзгу фазилатларини баён этиш, одамларимиз иймон-эътиқодини янада мустаҳкамлаш, уларга дин арконларини ўргатишда энг яхши ҳамкор ва йўлдош бўлишини Аллоҳнинг Ўзи муваффақ айласин!
Islom.uz портали таҳририяти