Фарзандлар – жаннат райҳонлари

15-12-2016, 14:10 Istamjon Khamrayev Оила ва никоҳ 2 669

Фарзандлар – жаннат райҳонлари
(1-июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланади)
Аллоҳ таоло инсон зотини жуфт қилиб яратди ва улардан насл тарқалиши ва кўпайишини ирода қилди. Қуръони каримнинг Наҳл сурасида шундай марҳамат қилинади:
(وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ ....(سورة النّحل/72
яъни:"Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради ".
Инсон зотини эркак ва аёл қилиб яратилишининг ҳикмати шундаки, у ҳалол йўл билан, никоҳ орқали оила қуриши, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, инсон сулоласининг давом этишини таъминлаши керак. Аллоҳ таолонинг Ўз бандасига фарзанд бериши улкан неъматдир. Шунингдек, жигаргўшасининг фарзанд кўриши, яъни набирали бўлиш ҳам инсон учун улкан неъмат ҳисобланади. Шу тариқа ер юзида инсон насли сақланиб, давом этиб боради.
Эркак билан аёлнинг ҳалол йўл билан бир оила бўлиб яшашининг самараларидан бири фарзанддир. Исломда фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларига қатъий риоя қилинган бўлиб, булар ота-она ёки яқин қариндошлар, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилган. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир.
Уламолар фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларини икки қисмга бўлишган: биринчиси – фарзанд вужудга келишидан аввалги ҳолат; иккинчиси – фарзанд вужудга келгандан кейинги ҳолат. Фарзанд вужудга келишидан аввал ота ўзининг бўлғуси фарзандларига солиҳа, диёнатли ва уларнинг ҳуқуқларига риоя қиладиган омонатдор онани, она ҳам фарзандларига уларнинг таълим-тарбияси ва яхши инсонлар бўлиб вояга етишларига аҳамият қиладиган солиҳ отани танлаши керак.
Динимизда “фарзанд ҳақлари ҳали у туғилмасидан олдин бошланади” деган қоида бор. Фарзанд ҳомилалик ҳолатига ўтмасидан олдин ҳам унинг иккита ҳаққи бўлади. Буларнинг энгасосийси – унга муносиб ота-она танланишидир. Ҳар бир инсон туғилажак фарзанди учун муносиб ота ёки муносиб она танлаши керак.
(عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم : تَخَيَّرُوا لِنُطَفِكُمْ، وَانْكِحُوا الْأَكْفَاءَ وَأَنْكِحُوا إِلَيْهِمْ.( رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Нутфаларингизга яхши жой танланг. Муносибларга никоҳланинг ва шундайларга никоҳланг».(Ибн Можа ривоят қилган.)
Эр-хотиннинг Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлишлари ҳам ҳомила вужудга келгунча бўлган ҳақларнинг иккинчисидир. Бу иш Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан суннат бўлиб қолган. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:
هُنَالِكَ دَعَا زَكَرِيَّا رَبَّهُ قَالَ رَبِّ هَبْ لِي مِنْ لَدُنْكَ ذُرِّيَّةً طَيِّبَةً إِنَّكَ سَمِيعُ الدُّعَاءِ

(سورة آل عمران/38)
яъни: "Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: «Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан".(Оли Имрон сураси, 38-оят).
Энди фарзанд ҳомила ҳолига келганида унинг қандай ҳақлари борлигини кўриб чиқайлик:
Биринчидан, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлишни давом эттириштавсия қилинади.Аллоҳ таоло лутфи карам кўрсатиб, бола ҳомила шаклида пайдо бўлгандан кейин ҳам ота-онаси унинг солиҳ фарзанд бўлиши ҳақидаги дуоларини давом эттириши зарур. Зотан, бу иш Одам алайҳиссалом ва момо Ҳавводан мерос бўлиб қолган.
Иккинчидан, ҳомиланинг жисмоний ва руҳий зўриқишларсиз, яхши ривожланиб боришини таъминлаш зарур. Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий жиҳатдан толиқтириб қўймасликка шариатда катта эътибор берилган. Бу эътибор шу даражага етганки, ҳатто Аллоҳ фарз қилган ва Исломнинг рукнларидан бири бўлган рўзани ҳомиладор аёллар тутмасдан, кейин қазосини тутиб бериши жоизлиги шариатга киритилган. Чунки ҳомиладор аёл рўза тутса, унинг толиқиши орқали ҳомиласининг ҳам толиқиши бор. Шунинг учун ҳомилани толиқтирмаслик мақсадида унинг онасига рўза тутмасликка рухсат берилган.
(عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ الْكَعْبِيِّ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم قَالَ: إنَّ اللهَ وَضَعَ عَنِ الْمُسَافِرِ الصَّوْمَ وَشَطْرَ الصَّلَاةِ، وَعَنِ الْحُبْلَى وَالْمُرْضِعِ الصَّوْمَ.( رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Анас ибн Молик Каъбийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:«Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани кечди».
Фарзандини солиҳ, ахлоқли, одобли, тақводор инсон қилиб тарбиялаш ота-оналарнинг биринчи галдаги вазифаларидандир. Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади.
Тарбия бир неча жабҳаларда олиб борилади:
Тарбиянинг биринчи қисми болага одоб ўргатишдир. Аввало тарбия ва одоб масаласида ота-онанинг ўзи болаларга яхши намуна бўлиши керак.
Одатда оналар болаларини айтганларига кўндира олишмаса, алдашга ўтишади. Гоҳо бирор нарса бериш ваъдаси билан алдаб, ушлаб олгач калтаклашга тушишади. Аслида эса, шу ишлари билан болаларининг тарбиясига зарар етказаётган, уларга ёмон намуна кўрсатаётган бўлишади. Ҳар бир бола учун унинг ота-онаси дунёдаги энг улуғ кишилар саналади. Бола ота-онасига тақлид қилади ва улардан ўрнак олади. Боланинг назаридаги энг улуғ ва ўрнак олишга сазовор инсон уни алдаганидан кейин болада “мен ҳам шундай қилсам бўлар экан” деган зарарли тушунча пайдо бўлиши табиий. Шунинг учун ҳам ота-она болаларига доимо яхши ва гўзал ўрнак бўлишлари лозим. Барча яхши сифатларни намойиш қилиб, барча ёмон сифатлардан узоқда бўлишлари керак. Ота-она болаларига шахсий намуна кўрсатиш билан бирга уларга қунт билан одоб ўргатишлари зарур. Чунки ота-онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг қимматлиси ва зарурийси одобдир.
(عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْعَاصِ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم قَالَ: مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ.( رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Саъид ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ота ўз фарзандига яхши одобдан кўраафзалроқ нарса ҳадя қила олмайди», деганлар. (Термизий ривояти.)
Болани ёшлигидан гўзал хулқ, чиройли тарбия билан сайқаллаб борилса, унинг тоза ва мурғак қалби барча яхши нарсаларни осонликча қабул қилади. Агар у яхшиликка ўргатилса, яхши бўлиб ўсади. Унинг савобига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Агар ёмонликка ўргатилса, ёмон бўлиб ўсади. Унинг гуноҳига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Валий уни сақлаши, таълим-тарбия бериши лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин, уни ёмон болалардан ҳимояласин, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмасин, уни зебу зийнатга ружуъ қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганда зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.
Бола ота-онасининг бойлиги, таоми ва кийими ила тенгдошлари олдида фахрланишга одатланмасин. Аксинча ўзи билан бирга яшайдиганларга нисбатан тавозули бўлишга ва уларни ҳурматлашга одатланиши лозим. Боланинг ўзига ўхшаган болаларнинг нарсасини тортиб олишига йўл қўйилмайди. Унга бировнинг нарсасини олиш пасткашлик экани уқтирилади.
Болага камгап бўлиш, бошқаларнинг гапини диққат билан тинглаш, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш, улар келганда ўрнидан туриб кутиб олиш ва одоб билан ўтириш каби нарсалар таълим берилади. Бола уят сўзларни гапиришдан ва уят сўзларни гапирадиганларга қўшилишдан қайтарилади. Зотан, болани муҳофаза қилиш уни ёмон улфатлардан сақлашдан иборатдир.
Бола ёлғон ва хиёнатга яқин келмасликка чақирилади. Ҳар бир мураббий билиб олиши лозим бўлган нарсалардан бири, боланинг ёшлигидан солиҳ бўлиб ўсишига аҳамият бериш кераклигидир. Агар бу иш амалга ошса, яхшилик боланинг қалбида собит бўлиб қолади. Бунда ўтган солиҳ инсонларнинг ўрнак бўладиган тажрибаларидан фойдаланиш мумкин.
Тарбиянинг иккинчи қисми болага таълим бериш, илм ўргатишдир. Илм эса бир нарсани воқеъликда қандай бўлса, ишонч билан ўшандай идрок қилишдир. Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон учун фарздир.
(عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم : طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ. (رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир», деганлар. (Аҳмад ва Ибн Можалар ривояти.)
Керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса, фарзи кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахассисларни тайёрлаб чиқариш жамиятининг барча аъзоларига фарзи кифоя бўлади. Эҳтиёжни қондирадиган даражада ва ададда мутахассис тайёрлаган жамият аъзолари бўйнидан мазкур умумий масъулият соқит бўлади. Бу фарз энди ўша мутахассислар зиммасига ўтади. Агар жамиятда уларнинг соҳаси бўйича камчилик юзага келса, гуноҳи ўша мутахассисларга бўлади. Шунинг учун ҳам ота-онага фарзандларига таълим бериш муҳим вазифа қилиб юкланган.
Тарбиянинг учинчи қисми болага жисмоний тарбия беришдир. Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалин¬маслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Шунинг учун каттаю кичик иложи борича бадан¬тарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади. Ҳамманинг кучли, бақувват, эпчил, соғ-саломат ва хаста¬ликларга чидамли бўлгиси келади. Бунинг учун эса, бадантарбия билан шуғулланиш лозим. Шунинг учун ҳам ота-оналарга болаларини жисмоний тарбиясига алоҳида эътибор бериш вазифаси юклатилган.
Бу йилни муҳтарам Юртбошимиз томонидан “Соғлом она ва соғлом бола йили” деб эълон қилингани фарзанд тарбиясига дахлдор бўлган ота-она, оила, мактаб, жамият, барча тарбиячи мураббийлар ва хусусан дин ходимлари зиммасига катта масъулият ва мажбурият юклайди. Сабаби, ёшларимиз онги ва қалбига ҳар томондан қилинаётган бузғунчи мафкуравий хуружлар авж олган ҳозирги пайтда уларни фақат юксак ахлоқ ва гўзал одобгина маънавий ҳалокатдан қутқара олади. Шунинг учун бу ишга масъул бўлган ҳар бир киши фарзанд тарбиясига ўта эътибор ва аҳамият билан ёндошиши, бу йўлда бефарқлик ва лоқайдлик каби иллатлардан четланиши лозим. Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзанд тарбиясига ихлос ва эътиқод билан ёндошадиган солиҳ бандаларидан қилсин, уларни исломий ахлоқ-одоб руҳида тарбиялаб, ватанимиз, миллатимиз, динимиз учун муносиб инсонлар бўлиб етишишлари йўлида қатъий ҳаракат қилишимизга муяссар айласин, омин!
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш