Маслаҳат ва кенгаш қилишнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти.

4-10-2018, 15:32 admin Мақолалар 1 020

Муқаддас динимиз жамиятни шакллантиришда тўрт нарсага алоҳида эътибор қаратади. Қуръони Карим ва ҳадис ҳукмлари, маслаҳатлашиш ҳамда мусулмонларнинг ўзларидан бўлган раҳбарга итоат қилишлари. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига илоҳий раҳбар-ваҳий келиб туришларига қарамай, бу дунё ишларини бошқаришда саҳобалар билан маслаҳат асосида иш юритар эдилар. Ишларни кенгаш орқали ҳал қилиш муҳим масалалардан бири ҳисобланади ва ислом дини эса, ушбу масалага жиддий тарзда ёндашади. Ушбу масала Қуръони карим ояти карималарида, исломий ривоятларда ва ислом динининг буюк намояндалари сийратларида муҳим ўринни касб этган. Аллоҳ таоло ўз китобида мусулмонларга ҳам ишларини маслаҳат асосида юритишни марҳамат қилгандир. Аллоҳ таоло Шўро сурасининг 38-ояти каримасида шундай деган. "Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этадиган ва намозни тўкис адо қиладиган зотлардир. Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат билан бўлади ва улар Биз ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қиладилар".
Машварат қилиш Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида муҳим ишлардан эди. Ул ҳазрат соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон бир муҳим ҳодиса ё масала атрофида маслаҳат қилишда халқнинг қарашларини ва фикрларини инобатга олар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳат ва кенгаш аҳамиятли эканлигини таъкидлаш мақсадида мусулмонларни эътиборларини қозониш ва халқда мулоҳаза ва фикрлаш қудратини тарбиялаш учун мусулмонларнинг умумий ишларида маслаҳатлашиш ва кенгаш мажлисини ташкил этардилар, айниқса ўз қарашларига эга бўлган шахсларга махсус эътибор берардилар. Баъзида маслаҳат ва кенгашнинг асли уларнинг ўрталарида мустаҳкам бўлиши учун уларга нисбатан эҳтиромларини намоён этарди.
Ҳазрат Али разияллоҳу анҳу маслаҳат ва кенгашиш аҳамияти ҳақида шундай марҳамат қилганлар. "Кенгаш, ҳам ҳидоятнинг бир туридир ва кимки фақат ўз фикрига қаноат қилса, ўзини хатарга солади" деганлар. “Илм бу диндур, динларингизни кимдан олаётганларингизга қаранг” деганлар. Бинобарин кенгашиш ўзининг ақл, илм ва тажрибасини ўзгаларнинг ақл, илм ва тажрибалари билан бой этишдир ва бундай ҳолатда инсон хато ва камчиликларга йўл қуймайди. Билингки, ким сафар қилишга шайланса, ҳолини тушунадиган, дини ва маърифати ишончли кишидан насиҳатини олиб, тажрибасини ўрганиб, маслаҳатлашмоғи лозимдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳат ва кенгашга шунчалик эътибор берардиларки, ҳатто ўзларининнг фикрларидан воз кечиб бўлсада, атрофдагиларнинг фикрларини ва маслаҳатларини устун қўяр эди. Уҳуд жангида ҳам пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг назарлари ва хулосалари шундай эдики, Мадинада қолиб шаҳарни душмандан ҳимоя қилиш эди. Лекин кўплаб саҳобалар ва аскарлар шаҳар ташқарисида душман билан жанг қилишни афзал кўришди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпчиликнинг райига қарши чиқмасдан, уларнинг фикрларини маъқуллади. Ҳамда душман билан жанг қилиш учун Уҳуд тоғининг ёнига боришади. Албатта бунда кенгаш томонидан чиқарилган маслаҳат яхши натижалар бермади. Аммо шундай бўлсада, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинги ишларида ҳам маслаҳат ва кенгашдан юз ўгиргани йўқ. Ҳамиша саҳобалари билан машварат ва маслаҳат билан иш тутар эди.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 159 ояти каримасида шундай деган "Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккул қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севади".
Мана шу ояти кариманинг ўзи ҳамма нарсадан беҳожат қилади. Чунки Аллоҳ таоло ўз китобида очиқ бир нарсани буюрса, набийсини маслаҳат қилиш ҳақида огоҳ этган. Бандаларнинг энг мукаммалига яъни, Расулуллоҳга маслаҳат қилишни буюргандан кейин бошқалар ҳам ўзлари билиб ушбу илоҳий кўрсатмага амал қилишлари лозим. Билингки, бир ишни қасд қилган кишининг дини, тажрибаси, моҳирлиги, тақвоси ва меҳрибонлигига ишонилган шахс билан маслаҳатлашмоқлиги маҳбуб амалдир. Жамоатда ҳам мазкур ишларда маслаҳатлашиш, уларга ана шу ишдаги мақсадини таништириш ва ундаги яхшилик ҳамда фасодларни баён этиш яхши ишдир.
Маслаҳатсиз, ўзбошимчалик билан қилинган ҳар қандай иш доим кулфат келтиради. Шунинг учун улуғларимиз “Маслаҳатсиз тўн тор келар” ёки “Маслаҳатли тўй тарқамас” каби мақолларни бежиз айтмаган. Инсонга бир дард етса мисол учун юраги оғриса кардиолог шифокорга мурожат қилади ва энг тажрибали, энг билимли ҳамда замонавий техникалардан самарали фойдаланадиган ишончли кардиолог шифокорга мурожаат қилади, чунки у тўғри ташхис қўйса ва шунга амал қилса, дарддан форуғ бўлиб, соғайиб умри узоқ бўлади. Агар илми, тажрибаси етарли бўлмаган шифокорга мурожаат қилса, нотўғри ташхис қўйса бир дарди икки бўлиб, холи хароб бўлади. Хўп, инсон жисмидаги дарди, эҳтиёжига тўғри ечим бериш учун эътибор қиламизу, нега инсон дини, этиқоди ва ақидасидаги эҳтиёжини қондиришда тўғри келган одамнинг жавоби ва ғояларига эргашамиз? Бу ҳам инсон ҳаёти ё мамотини ҳал қиладиган масалаку. Дини, этиқоди ва ақидасига алоқадор масалада ҳам энг билимли, энг тажрибали ва ишончли уламоларга маслаҳат қилинса икки дунё саодатини топар эди, умри хароб бўлмас эди.
Жазони ижро этиш муассасаларига борганимизда турли оқимлар таъсирига тушуб қолган мусулмонлар билан учрашиб уларни тўғри йўлга чақирамиз, сабабларини ўрганамиз. Ана шундай учрашувларимиздан бирини мисол келтирмоқчиман, 2017 йилда бўлиб ўтган воқеа. Бир йигитдан сўраяпман қачондан буён жазо ўтамоқдасан? У деди: 1999 йилдан буён. Неча ёшда эдинг ўша вақт? У деди: 18 ёда эдим. 18 ёшда дин илмларидан нима билар эдинг? У деди: 4 дона кичик сураларни ёдлаб эндигина намоз ўқишни бошлаган эдим. Ундоқ бўлса “Хизбут тахрир” ғояларини кимдан, қайси китобдан ўргандинг? У деди: Маҳалламиздаги бир киши, кичик бир китобча берди ва бир неча марта сўҳбатида бўлдим. Маҳаллангдаги ўша киши мадраса кўрган, дин илмларини биладиган киши эдими? У деди: Йўқ, у ҳам мен каби яқинда динга қизиқиб “Хизб” ғоялари билан танишган, мадраса ва диний таълим кўрмаган киши деди. Ундоқ бўлса маҳаллангда ёки туманингда кўзга кўринган дин илмларини биладиган, мадраса кўрган кишилар бор эдими? У деди: Ҳа, бор эди. Сен Уларнинг ҳузурига бориб, сенга таклиф қилинган ғоялар, китобчадаги маълумотлар тўғри ёки нотўғрилигини маслаҳат қилганмисан десам, у айтдики “нега маслаҳат қилишим керак, ўқидим ва сухбатида бўлдим, мени қаноатлантирди ва мен шунга эргашдим” деди.
Азизлар, кўринг бу йигитнинг холиники 18 ёшида қамоққа тушиб яна 18 йил ўтирибди ҳамки, ҳали ҳам тузалиш йўлига ўтмаган. Йиллар мобайнида қанча уламолар насиҳат қилган, бирортасининг ҳам насиҳатини, маслаҳатини олмаган.
Икки дунё саодатига сабаб бўладиган амаллардан бири, доим ҳар ишда, иш эгалари билан маслаҳат ва кенгаш қилишни унутмаслигимиз лозим.

Навоий вилояти бош
имом хатиби ўринбосари: Дилшод Эргашев

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш