"Ислом нуқтаи назарида эрта турмуш қуришнинг олдини олиш"

20-12-2024, 11:30 admin Мақолалар 65

"Ислом нуқтаи назарида эрта турмуш қуришнинг олдини олиш"
Одам бахтлиман дейишга қанчалик ҳаққи бор?
Агар оиланг билан сен бахтли бўлсанг,
бахтлиман дейишга ҳаққинг бор.
Фақат оилам эмас, халқим бахтли бўлса,
мен ўзимни бахтли деб биламан.
Ш. Мирзиёев
Оила муқаддас даргоҳ, соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим ва бетакрордир. Аёл борки, олам мунаввар. У меҳрибон уй бекаси, хонадон чароғбони бўлиш билан бир қаторда келажагимиз бўлмиш ёш авлодни дунёга келтирувчи она ҳамдир. Унинг саломатлиги жамиятда соғлом муҳитнинг яратилишида асосий омил ҳисобланади. Шу боисдан ҳам оила ва жамиятда репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, жисмонан ва маънан баркамол авлодни тарбиялашга муҳим жиҳат деб қаралмоқда.
Халқимиз азалдан қизлар тарбиясига алоҳида эътибор билан ёндашган. Бугунги кунда ҳам қиз болаларни ҳар жиҳатдан етук, соғлом ва баркамол этиб вояга етказишга муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Шу сабабли ҳам болалар ва ўсмирлар спорти, айниқса, қишлоқ жойларида спортни ривожлантиришга катта аҳамият бэрилмоқда.
Қизларнинг оиладаги ўрни улуғ ва аҳамиятли. Сабаби аёл суюкли ёр, меҳрибон она. Шунинг учун ҳам қизларни эрта турмушга бермасдан уларни илм олишига, ҳунар ўрганишига аҳамият бэриш, урф-одатларимизни, қиз болага мос бўлган миллий қадриятларимизни ўргатишимиз лозим.
Эрта никоҳ деганда балоғат ёшига етмаган йигит ва қиз ўртасида тузилган иттифоқ тушунилади. Эрта никоҳга кириш ҳолатлари, айниқса, қизларимиз орасида кўпроқ учраётгани ташвишга солади кишини. Чунки 16-18 ёш уларнинг айни ўқийдиган, бирор касбни эгаллайдиган даври саналади. Ҳали ҳаётда ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, маънавий жиҳатдан етук бўлишга улгурмаган қизни қандай қилиб оиладек муқаддас гўшани барпо қилишга йўллаш мумкин? Қолаверса, бўй-басти, ташқи кўриниши жиҳатдан балоғатга етгандек бўлиб кўрингани билан “Коллеж ўқувчиси” мақомидаги келинчак ҳали оилавий ҳаётда бажариладиган турли вазифаларга етарли даражада тайёр бўлмайди. Натижада ҳомиладорликка тайёр эмаслиги, гўдак парвариши борасидаги нўноқлик, рўзғор юритишдаги тажрибасизлик, эрига нисбатан эътиборининг пасайиши, қайнонанинг талабларига тўла жавоб бера олмаслик холатлари юзага келади. Балоғат ёшига етмаган йигит-қизлар оила қуришнинг масъулиятини тўлалигича ҳис қила олмайдилар. Ҳаётий тажрибага эга бўлмаган бу ёшдагилар ўртасида ўзаро ҳурмат, оғир дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳаётда учрайдиган қийинчиликларга қарши биргаликда курашиш каби хусусиятлар тўлиқ шаклланмаган бўлади. Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, эрта никоҳ қуриш ўз навбатида тўлиқ билим олишга, ҳунар эгаллашга ҳам тўсқинлик қилади. Натижада бундай оилаларда моддий жиҳатдан етишмовчиликлар юзага келади. Бу эса ўз навбатида оилавий можароларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Охир-оқибат янги келин-куёв бир-бирларига мослашишга улгурмай, оилавий муносабатлари дарз кета бошлайди. Бундай никоҳларнинг аксарияти оилавий ажралишлар билан якун топаётгани оила мустаҳкамлигига бир қадар масъул инсонлар сифатида бизни ҳам ташвишга солади. Миллий қадриятларимизга зид бўлган бундай нохуш ҳолатларнинг омили айрим оилаларнинг қизларини мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги уқувсизлиги, бу жараённинг моҳиятини тўла англаб етмаслиги, шунингдек, бу борада назарий ва амалий билим олиш имконини берувчи манбаларнинг етарли эмаслиги деб ўйлайман. Қизларни мустақил оилавий ҳаётга тайёрлаш ўта мураккаб жараён саналади. Афсуски, орамизда бу масъулиятли вазифани уддалаш у ёқда турсин, ўз фарзандлари билан маълум масалаларда очиқ-ойдин мулоқотда бўла олмайдиган ота-оналар ҳам учраб туради. Қолаверса, келин ва куёв муносабатларининг мазмунини уларга англатиш вазифасининг қизнинг янга (келинойи)лари, йигитнинг жўралари зиммасига юклаш анъаналарининг мавжудлиги ота-оналарнинг бу жараён моҳиятини тўла тушунмасликларига сабаб бўлмокда.
Баъзи инсонлар Ислом дини қизларни барвақт узатишга чақиради, деган нотўғри тушунчада юрадилар. Бу асоссиз гап. Исломда ҳали балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмир қизларни узатиш ёки никоҳлаш лозим, деган гап йўқ.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб таъкидлаганлар (Байҳақий ривояти)
Зарурий кўникмаларни эгалламагунча, билим олмай туриб турмушга чиққан қиз аёл, рафиқа, она, бека, жамият аъзоси сифатидаги вазифаларини тўкис адо этишга қийналади. Зеро, динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун ҳам фарздир. Агар шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш ҳам чала, оила юмушлари ҳам, фарзанд тарбиясидаги норзик жиҳатлар ҳам тўлиқ бажарилмай қолишига йўл очилган бўлади. Фарзанд тарбияси оилада энг биринчи вазифага киради. Оилада фарзанд тарбияси билан асосан она шуғулланганлиги сабабли, аёл қизларимизни тўлиқ ва комиллик билан илм-маърифат олишига биз катталар уларга шароит яратиб беришимиз керак.
Турмуш қуриш, оила тебратиш, фарзанд тарбияси, муомала маданияти каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш, оила ва никоҳ борасида давлатимиз чиқарган қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш зарур. Афсуски, ҳозирги кунда баъзи чаласавод кишилар ўзбошимчалик билан юқорида айтилган никоҳ шартлари бажарилишини сўраб-суриштирмай, боз устига, ёшларга оилада эр ва хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларини, талоқ масалаларини тушунтирмасдан, келин-куёвларга насиҳат қилмасдан, енгил-елпи шаръий никоҳ ўқимоқдалар.Ўзларининг чаласавод эканликларини билганликлари учун икки ёшни никоҳлашдек масъулиятли ишни “енг ичида” ўтказишга уринадилар.
Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан “Дуррул мухтор” китобининг “Никоҳ фаслида” бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг ўз кучини йўқотади, аммо бир бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди.”
Зотан, элнинг дарди билан яшаш, унинг қувончу ташвишларини ўзиники деб билиш халқимизга хос фазилатдир. Шундай экан, эрта никоҳлар, уларнинг салбий оқибатлари масаласи, барчамизнинг оғриқли муаммоларимиздан биридир.Келинг, азизлар, бу жиддий масалага масъулият билан ёндашайлик. Токи, бундай иллатлар фарзандларимиз ҳаётига, бахтига соя солмасин, эрта турмушнинг “мушти”дан ҳеч ким азият чекмасин!
Аллоҳ таоло барчамизни оилаларимизни муқаддаслиги, никоҳни илоҳий муқаддас ришта эканлигини тушуниб етиб, бу борада келган барча кўрсатма ва қайтариқларга тўлақонли амал қилиб, ўзгаларга ибрат ва намуна бўлиб фаолият олиб бориш насиб қилсин.


“Янгиобод” МФЙ отинойиси: Н.Муқимова скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш