Соғлом оила – келажак пойдевори.
Маънавий жиҳатдан баркамол, жисмонан етук авлодни тарбиялаш, “Соғлом она — соғлом бола” тамойилини рўёбга чиқариш мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий ислоҳотларнинг моҳиятини ташкил қилади.
Бу эзгу мақсад бир жабҳада эмас, балки кенг кўламда, жамият ҳаётининг барча йўналишларида изчил амалга оширилмоқда. Энг муҳими, Президентимиз Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида алоҳида қайд этганидек, ёшларни жисмоний ва маънавий жиҳатдан мутаносиб ривожлантиришга қаратилган бу тизимнинг йўлга қўйилиши ҳар томонлама тўғри бўлганини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда.
• Дарҳақиқат, айнан истиқлол йилларида нафақат шаҳарларда, балки узоқ ва чекка қишлоқларда ҳам замонавий спорт мактаблари ҳамда мажмуалари барпо этилди. Бунда, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасини тузиш тўғрисида”ги ҳамда 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари муҳим дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Сир эмаски, ҳозирги кунда болалар спорти таълим-тарбия соҳасининг узвий қисмига, баркамол авлодни шакллантиришнинг ноёб тизимига айланди. Хусусан, узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ушбу мақсад йўлида умумтаълим мактабларида, аҳоли яшаш жойларида замонавий спорт мажмуалари барпо этилмоқдаки, бундан халқимиз, айниқса, навқирон авлод вакиллари жуда мамнун бўлаяпти.
Бир пайтлар ҳатто оддий ёзги спорт майдончалари йўқ, биргина копток билан таъминлаш амримаҳол бўлган умумтаълим мактаблари бугунги кунда замонавий спорт инвентарлари билан тўла жиҳозланган кўркам спорт заллари, мажмуаларига эга. Зеро, айнан болалар спортини ривожлантириш орқали баркамол авлодни тарбиялаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу спорт майдонларида дастлабки сабоқларни олган ёшларимизнинг халқаро ареналарда муваффақият қозонаётгани эса мазкур саъй-ҳаракатларнинг яна бир яққол самарасидир.
Бугун болалар спортини ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, умуммиллий ҳаракатга айланди. Бинобарин, Президентимизнинг ташаббуслари ва раҳнамолигида фаолият олиб бораётган ушбу жамғарма шарофати билан замонавий болалар спорт мажмуалари ҳамда мусиқа ва санъат мактаблари қад ростлаётгани, бундан аҳоли, ота-оналар ниҳоятда мамнун эканликларига ҳар гал улар билан учрашувлар чоғида ишонч ҳосил қиламиз.
Бундай шароитлар мамлакатимизда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг ташкил этилгани баркамол авлодни тарбиялаш йўлида узоқни кўра билиб, оқилона иш тутилгани натижаси экани, жамғарманинг самарали фаолият юритаётгани ҳудудларда қад ростлаётган ана шундай бинолар салобатидан ҳам маълум экани фуқароларимиз томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Энг қувонарлиси, мазкур масканларда спорт, санъат ва мусиқа билан шуғулланувчи болалар сони тобора ортиб бормоқда.
Айниқса, қизларимиз ўртасида жисмоний тарбия ва спортни янада кенг оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бунда, шубҳасиз, Президентимизнинг қишлоқ жойлардаги болалар спорт объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантиришга оид “Қишлоқ жойлардаги болалар спорти объектларида банд бўлган аёл спорт устозлари меҳнатини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, “Бадиий гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари муҳим аҳамият касб этди. Бу эса қизларимизнинг соғлом, оқила ва нафосат соҳибалари бўлиб камол топишларида алоҳида ўрин тутмоқда.
Эрта турмуш қурган қизлар оилавий ҳаётга, оналикка жисмонан ва руҳан тайёр эмаслиги сабабли кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда.
Эрта турмуш қуришнинг олдини олишда ҳамкор ташкилотларнинг янада ҳамжиҳатлиги муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, 11 йиллик мажбурий таълим моҳиятини чуқур тарғиб қилиш ҳам фарзандлар онгида муайян кўникмалар ҳосил қилади. Чунончи, коллежни битирган йигит-қиз нафақат жисмонан улғаяди, балки бирор ҳунар эгасига айланиб, келажаги учун замин ҳозирлайди.
Навоий шаҳар отинойиси Ҳайитова Маҳбуба.