Исроф ношукрликдир
Аллоҳга шукур, хонадонларимиз, шаҳару қишлоқларимиз обод бўлиб бораяпди. Тўй ва маъракаларимиз кўп. Турмушимиз бунданда фаровонлашиб, меҳнат билан топган даромадларимиз ҳайрли ишларга сарфланишини сўраймиз.
Ҳаётда шодлик билан ғам ёнма-ён юради. Вақти соати етиб инсон дунёга келгани каби, ўлим ҳам Аллоҳнинг иродаси. Яқин одамидан ажралиш-оила аъзолари учун жўда оғир мусибат. Бундай пайтда уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳамдардлик қилиш-муқаддас Ислом динимизнинг кўрсатмаларидан. Одамийлик тартиб-қоидалари ҳам шуни талаб қилади. Лекин бизнинг қишлоғимизда марҳумнинг жанозасидан кейин "етти", "қирқ "деб, шунингдек, қирқ кун ўтгунича ҳар ҳафтада "ис "деб эл олдига қайта-қайта дастурхон ёзишлар ҳамон давом этияпди. Ўзи шундай ҳам оғир синовга учраган оила учун бундай ортиқча харакату харажатлар ҳам моддий ҳам маънавий тамондан оғир.
Давраларда шу фикрларини ўртага ташласанг, " Ҳар ким ўзи топган даромадини ўзи истаганидек сарф қилади-да", дейдиганлар ва уларни маъқуллайдиганлар дарров топилади. Юрт бойлиги, ободлиги, тинчлик-хотиржамлиги хонадонлардан бошланади. Исрофлар ва уларнинг оқибатидан келадиган қийинчиликлар, "Фалончидан ортда қолмайлик" деган уринишлардан бошланадиган келишмовчиликлар оила муҳити, фарзандлар тарбияси, хонадон аъзоларининг кайфиятию иш фаолиятига таъсир этмай қолмайди. Энг муҳими, исроф-Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилмаслик, қадрламаслик ифодаси. Икки дунёда ҳам бунинг ҳисоб-китоби, жавоби борлигини ўйласанг, қалбинг увишади.
Республикамиз Президентининг "Тўй -ҳашамлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида"ги Фармони чиққанига қарийб ўн йил бўлаётганига қарамай, афсуский, бу каби ҳолатлар юртимизнинг бошқа жойларида ҳам давом этмоқда.
Лекин қишлоқ фуқаролар йиғини, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фаоллари, имом-хатиблар ҳамкорликда иш олиб бориб, тадбирларни тежамкорлик билан тартибли, чиройли урф-одатларимиз асосида ўтказилаётган маҳаллалар, қишлоқ ва туманлар ҳам оз эмас.
Яна шуни унутмаслик керакки, кундалик ҳаётда кўпчиликнинг онгига сингиб кетган нотўғри, бидъат одатларни ислоҳ қилишда " Бошқалардан ажралиб қолмасмикинман? " деган андишага бормаслик лозим. Балки "Мана бу тўғри йўлдан бориш авзал" деган фикрда, кўпни кўрган ва билимдон одамлар билан маслаҳатлашиб иш тутилса, бўндай бидъатлардан қутилган инсонларнинг қатори ҳам кенгайиб боради. Сиз, мен, ҳар биримиз шундай қадам қўйишга журъат этсак, иншааллоҳ, халқ ҳаётини енгиллаштиришга, моддий бойликларни ҳамда бебаҳо вақтнинг эзгу ишларга сарфланишига ҳисса қўшган бўламиз.
Конимех тумани Наврўз мфй отинойиси: А. Қўзиева.