Гиёҳвандлик – тубанликка етаклайди!

27-02-2018, 07:15 admin Мақолалар 1 573


Инсоният келажаги учун, миллатлар истиқболи учун, кишилар саломатлиги учун ва умуман ер юзида яхшилик ҳукм суриши учун бандаларига раҳм қилиб уларга зарар келтирувчи нарсаларни ҳаром қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳнинг Китобида келган сиҳат-саломалигимиз, дунё ва охиратимиз учун фойдали ҳукмларни баён этиб, ўз ҳаётлари давомида ўрнак бўлган Пайғамбаримизга саловоту дурудлар бўлсин.
Сўнгги пайтларда бутун дунё бўйлаб гиёҳванд моддалар хавф-хатари ҳақида катта ташвиш ила бонг урилмоқда, қайғураётган кишилар дунё бу масалада ҳалокат жари сари илдам одимлаб кетаётгани ҳақида ўз ташвишларини баён қилмоқдалар. Кун сайин кўплаб кишилар, жумладан, ёшлар, аёлллар ва вояга етмаган болалар гиёҳвандлик дардининг халокат тўрига илинмоқдалар.
Гиёҳвандликнинг кишилар соғлигига, оиласига, иқтисодига, одоб-ахлоқига, умуман инсон ҳаётининг барча сохаларига солаётган таҳдиди соат сайин ортиб бормоқда. Баъзи бир мутахассислар эндиликда дунёни ҳалокатга солувчи нарса гидроин бомбаси эмас, “героин бомбаси” бўлиб қолганини бот-бот таъкидламоқда. Шу боис, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ушбу кураш ўта аҳамиятли бўлганидан мусулмонлар унинг биринчи сафида бўлмоқлари зарурдир. Чунки, бу иш улар учун виждон амри, дину-диёнат амри, Аллоҳнинг амри ва ҳабиб Пайғамбарлари алайҳиссаломнинг амридир.
Мусулмон уламолар фикрича гиёҳвандликка қарши курашда энг самарали йўл Ислом услубидир. Аллоҳ таоло Қурьони Каримда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз суннатларида баён қилиб берган йўлдир.
Буюк муҳаддис Имом Бухорий ривоят қилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур ҳадиси шарифларида: “Сиздан ким ёмон-мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин! Агар бунга қодир бўлмаса, бас тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир”, деганлар.
“Мункар” сўзининг маъноси “ёмон иш” деганидир. Бугунги кунимизда гиёҳвандлик ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир.
Мазкур ҳадиси шариф ҳукмига биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳамманинг бурчидир. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан у киши Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: “Аллоҳнинг хадди-чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга хожатлари тушса юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар, юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак қандоқ бўларкин, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар улар ҳам бошқалар ҳам ҳаммалари нажот топурлар”.
Бугунги кунимизда гиёҳвандлик қилаётганлар, ул моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар барча-барчалари ҳаммамизнинг ҳаёт кемамизни тагидан тешиб ғapқ этишга ҳаракат қилаётган жоҳиллардир. Агар кўплашиб уларнинг қўлидан тутмасак, ҳаммамиз бараварига ғарқ бўлиб ҳалокатга учрашимиз турган гaп.
Дарҳақиқат, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс учун гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиш зарурдир.
Маълумки, барча ислом аҳлининг асосий диний таълимот манбаи бўлмиш Қуpъони каримда Аллоҳ таоло пайғaмбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатоp сабабларидан бири сифатида тоза-пок нарсаларнинг ҳалол эканлигини ва нопок нарсаларнинг ҳаромлигини уларга билдириш вазифаси деб кўрсатган. “... У (пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни улapгa ҳаром қилади ...” Аъроф сураси, 157-оят.
Ушбу ва бошқа ояти карималардаги илохий кўрсатмаларга асосланиб Пайғaмбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Ҳар бuр маст қuлувчu нарса ҳаром" дедилар. Яна бир ҳадиси шарифларида огоҳлантирдиларки: "Ҳар ким ўзuнu-ўзи заҳар бuлан ўлдuрса, қиёмaт куни жаҳаннам ўти бuлан азобланадu".
Умму Салама разияллоҳу анҳо айтадиларки: "Пайғамбарuмuз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаp қaндай маст қuлувчu, баданнu бўшаштuрувчu ва сусайтuрувчu нарсаларнu uстеъмол қuлuшдан маън этганлар"
Оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддаларнинг номи келтирилмаган-ку, деган савол тўғилиши мумкин. Тўғри, Пайғамбаримиз даврларида, ҳатто Аббосийлар халифалигининг дастлабки йилларигача ҳам гиёҳвандликнинг ўзи ҳам, номлари ҳам ислом оламида номаълум эди. Лекин пайғамбарлик мўъжизаларидан бири деб айтиш мумкинки, ўзларидан кейинги даврларда инсониятга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар келтирувчи нопок нарсаларнинг турлари ва номлари кўпайиб кетишини олдиндан билиб, ўз умматларини огoҳлантириб кетдилар. Хақиқатан ҳaм шyндaй маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи заҳри қотил моддаларнинг турлари ҳозирги кунда ҳам кўпайиб бормоқда. Шунинг учун ҳам Расулимиз алайҳиссалом ҳаммасига умумий қилиб: “Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарса ҳаром” деб асосий қоидалардан бирини баён қилиб бердилар.
Имом Бухорийнинг ҳадис тўпламига шарҳ ёзган буюк алломалардан бири Имом Абу Бакр Қасталоний гиёҳванд модда турлари ва унинг ҳаромлигига бағишлaб aлоҳида бир китоб ёзганлар ва номини "Нашани ҳаpом қилиш билан турмушни икром этиш" деб атаганлар. Имомиддин ибн Абу Шариф ва бошқа олимлар ҳам гиёҳвандликка доир китоблар таълиф этганлар.
Асримиз уламоларидан ҳам жуда кўплари бу заҳри қотилнинг зарарли эканлигигa оид китоб ва рисолалар ёзганлар. Ислом оламининг кўп диёрларида унинг зарарлари ва ҳаромлиги ҳақида маҳсус фатволар ва мақолалар эълон қилиниб келмоқда.
Ислом дини инсонга зарар келтирувчи нарсаларни, айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи ёки уни заифлaштирувчи ҳаp қандай нарсани ҳаpoм деб ҳисоблайди. Шунингдек, у инсон соғлигининг кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан чекланишга буюради.
Қўйида гиёҳвандликнинг ҳapом эканлигига далолат қилувчи оят ва ҳадислардан намуналар келтирамиз: Қуръони каримнинг "Бақара" сураси, 195-оятида: "... Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз ... " дейилган.
Бошқа оятда эса: "Ўзларингизни ўзларингиз ўлдирмангиз албатта Аллоҳ сизларга меҳрибондир ".( "Нисо" сураси 29-ояти.) деб, Аллоҳ таоло инсонларнинг ўз жонигa қacд қилмасликка, шунингдек ўзгаларнинг ҳам қонларини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охири ўлимгa олиб келадиган нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонигa ўзи қасд қилган бўлади.
Гиёҳвандлик моддалари кўпгина бошқа зарарлари билан бир қаторда маст қилиш хусусиятигa ҳам эгадир. Ҳазрати Ойиша (разийаллоҳу анҳо) айтганларки: “Аллоҳ таоло apоқни apoқ деган номи учун ҳаpoм этган эмас. Балки уни истеъмол қuлгандан кейин рўй берадиган кўнгuлсuз воқеалар учун ҳаpoм қuлган. Қайси бир нарсанинг оxuр-оқибати apoқ каби булса, у ҳаpoмдиp"
Мабодо, гиёҳванд моддалар ароқ каби маст қилмайди деб эътироз билдирувчилар топилса, уларга жавоб шуки, Умму Салама онамиз ривоят қиладилар: "Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаp қaндaй маст қuлувчи ва баданни бўшаштирувчи, заифлаштирувчи нaрсаларни истеъмол қuлишдан манъ этганлар"
Гиёҳванд моддаларнинг бўшаштирувчи, заифлаштирувчи эканлигида эса шубҳа бўлмаса керак.
Инсоният учун нозил қилинган сўнги ҳақ дин бўлмиш Ислом ҳар қандай замон ва маконга салоҳиятли бўлиб, унинг барча таълимотлари эзгулик ва яхшиликка хизмат қилади. Поклик ва ҳалоллик дини Ислом ва унинг вакиллари гиёҳвандлик балосига қаршидир. Бугунги гиёҳвандлик катта таҳдид солиб, келажак авлодларимизни ҳам ўз домига тортиш хавфи туғилиб турган бир пайтда ҳаммамиз бу офатга қарши курашишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир. Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси: каттаю кичик, эркагу аёл, амалдору оддий фуқаро ҳамма ҳамма гиёҳвандликка қарши курашда иштирок этиши кечиктириб бўлмас заруратдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўмин-мусулмонларни ўзаро бир-бирларини эзгулик, хайрли ва савобли ишларга буюриб, ёвузлик, ёмонлик ва гyнoҳ ишлардан қайтариб туришликни фарз қилган:
"Одамларгa чиқарилган (маълум булган) умматнинг энг яхшиси булдингиз, (эй, мусулмонлар!) Зеро, сиз амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз ... ".
Жаноб пайғaмбаримиз Mуҳaммaд саллаллоҳу алайҳии васаллам эса ҳадислардан бирида: "Эй умматларuм, агар сuзлар бuр-бuрларuнгuзнu яхшиликка буюрuб, ёмонлuкдан қайтарuб турuшнu тарк этсаларuнгuз, бошuнгuзга шундай бuр бало ва офат келадuкu, у яхшu-ёмонга баробар фожеа бўладu" - деб огoҳлантирганлар.
Гиёҳвандлик балосидан келажак авлодни халос этиш, юртимиз ободлиги, шyнингдек, халқимизнинг моддий ва маънавий фаровонлиги йўлида қилаётган хайрли ишларимизда Аллоҳнинг Ўзи мададкор бўлсин!

Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби
Комилжон Шодмонов
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш