ИСЛОМДА ОТА – ОНАГА ЭЪТИБОР

29-01-2024, 15:10 admin Мақолалар 161

ИСЛОМДА ОТА – ОНАГА ЭЪТИБОР
Ҳар бир инсон мавқеси, мартабаси, обру – эътибори, миллати, ирқи, насл - насаби ва динидан қатъий назар, ота - онасига иззат эҳтиром кўрсатиши, уларнинг холидан хабар олиши, уларга яхши муомалада бўлиши фарзандлик бурчидир. Чунки оила равнақи учун жон куйдирган инсон асосан отадир. Манавий озука берувчи инсон эса онадир. Оила посбони ота бўлса муаллими она.
Ота-онанинг қадри борасида Қуръони Каримдаги оят ва ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, уламоларнинг бу борада келтирган ҳикматли гапларини таҳлил қилсак, кифоя қилади. Аллоҳ Қуръони Каримнинг Исро сураси 23-оятида шундай деб марҳамат қилади:
«Ва Роббингиз фақат Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-оналарга яхшилик қилишингизни буюрди».
Агар эътибор қилсак, ояти кариманинг аввалида Қуръоннинг ажойиб мўъжизаси зоҳир бўлмоқда. Бунинг билан инсон нафақат ўзининг ота-онасига яхшилик қилиши кераклиги, балки ҳар бир ота-она ёшига етган кекса ёшдаги кишилар ёшлардан, ўз фарзанди тенгилардан доимо ҳурмат кўришга ҳақли экани маълум бўлади.
«Агар улардан бири ёки иккови ҳам сенинг ҳузурингда кексайиб қолган бўлса, эй фарзанд, сен уларга асло «уфф» дея кўрма. Уларни жеркима, уларга шафқат қанотингни ёз ва, айтгинки, Роббим, ота-онам мени гўдаклигимда тарбия қилганларидек, энди Сен уларга раҳм қил».
Эътибор қилинг, «уфф» деган сўз, аслида, бир сўз ҳам, ҳарф ҳам эмас, инсон зерикканида, чарчаганида, норози бўлганида норози кайфиятни ифода қилувчи оддий бир овоз. Аммо мана шу «уфф» деган овознинг ота-она олдида чиқарилиши ҳаром бўлади. Фарзанд ота-онанинг ҳузурида «уфф» дейиши – ота-она кўнглига малол келади, улар «Фарзандларимизга малол келтириб қўйдик», деб ўйлашади. Аллоҳ таоло эса, ота-онанинг кўнглини ранжитмасликни фарзандларга буюрмоқда.«Уларни жеркима!» Албатта, савол туғилади. Наҳот фарзанд ота-онасини жеркиши мумкин? Инсонни яратган Аллоҳ унинг феълини яхши билади. Қуръони Каримда айтиляптими, демак, бу инсон феълида содир бўладиган нарса. Ва афсуски, одамлар орасида ота-онасини жеркийдиган фарзандлар топилиб туради.
«Уларга шафқат қанотингни ёз!» Ва охирида: «Айтгинки, эй Роббим, ота-онам мени гўдаклигимда тарбия қилганларидек, энди Сен уларга раҳм қил», – дея қайд этилади.
Намознинг ичида ота-онага дуо қилинади. Уламолар айтадилар: Аллоҳ таоло фарзандни дуо қилишга буюрмоқда. Фарзанд қанча пайтда бир дуо қилсин: йилда, ойда ёки кунда бир мартами? Шунда ҳазрати Саврий айтдиларки, «Ҳар намозда қаъдаи охирда, салом беришдан аввал дуо қилсин». Ажойиб нуқта. Эътибор қилинг: Аллоҳ таоло ота-она ҳақига қилинадиган дуо учун фурсатни қаердан берди? Намознинг ичкарисидан берди. Намоз Аллоҳ ва банда ўртасидаги меърож мисолидир. Ота-она ҳаққига қилинадиган дуо бошқа вақтда эмас, айнан намознинг ичидан берилмоқда. Ота-она ҳаққига «Аллоҳим, ота-онамни мағфират қилгин», дея дуо қилингандан кейингина салом берилиб, намоздан чиқилади. Мана шунинг ўзи ота-оналарга берилган энг катта даражадир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олишга тарғиб қилганлар. Жумладан: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Амалларнинг қайси бири афзал?”, – деб сўрадим. “Вақтида ўқилган намоз”, – дедилар. “Кейин нима?”, – дедим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Доно халқимизда “Нимани эксанг, шуни ўрасан”, “Ота рози – Худо рози” каби ажойиб ҳикматлар бор. Ҳар бир эркак ва аёл бу ҳикматлардан тўғри хулоса чиқариб, ўзини ўнглаши, хато қилган бўлса, дарров ота-оналаридан узр сўраб, уларнинг кўнглини топиш, дилларидан озорни кетказиш пайида бўлиши даркор! Зероки ота жаннат эшиги бўлса, остонаси она уларни рози қилган кўнглини олган кишилар икки дунёда хам бахту-саодатга эришади. Аллоҳ таоло барчаларимизга ота – оналаримиз розилигини олиб икки дунё саодатига эришмоқлигимизни насиб этсин. Амин!

Хатирчи тумани Олтинобод МФЙ отинойиси Усмонова Гулнора.
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш