ФАРЗАНД – УЛУҒ НЕЪМАТ, ҲАМ ОМОНАТ

26-01-2018, 07:35 admin Мақолалар 2 490


Аллоҳ таоло ер юзида биринчи инсонлар Одам ота ва унинг жуфти момо Ҳаввони лойдан яратиб, сўнгра икковларидан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатди. Аллоҳ таоло бу ҳақда “Нисо” сурасида бундай деб марҳамат қилади: “Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар!” (1-оят).
Аллоҳ таоло ер юзидаги турли инсонларни қариндошлик алоқалари, оила ришталари ила ўзаро боғлиқ бўлишларини ирода қилди. Исломда оилани мустаҳкамлашга катта эътибор берилишининг сабаби ҳам шунда.
Шунинг учун ҳам янги оила қурган ҳар бир соф табиатли инсон кўзлайдиган бош мақсадлардан бири фарзанд кўришдир. Фарзанд неъмати Аллоҳ таолонинг бандаларига берадиган сон-саноқсиз неъматлари ичидаги энг улуғ неъматларидан биридир.
Оила қуриб яшаётган кишилар фарзандни Аллоҳ таолонинг Ўзигина ато қилиши мумкинлигини, эр-хотин бу борада сабабдан бошқа нарса эмасликларини бир лаҳза ҳам унутмасликлари керак. Шу билан бирга ўзларини бўлажак фарзандлари олдидаги бурчларини англаб етиб, ўша шарафли бурчларини адо этиш пайида бўлишлари ҳамда кўплаб неъматлар қатори фарзанд неъматини қадрига етишлари, уни Аллоҳнинг улуғ омонати билиб, яхши тарбиялаши ва камолга етказиши лозим.
Шариатимиз таълимотлари ва кўрсатмалари бўйича, ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчлари оила қуришдан аввал – ўзига умр йўлдошини танлаш пайтида бошланади. Ҳар бир шахс ўзининг бўлажак фарзанди учун муносиб ота ва она танлаш мажбуриятидадир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Уруғларингизга ихтиёрни яхши қилинг. Тенгни никоҳингизга олинг ва ўшаларга никоҳланг””. Ибн Можа ривоят қилган.
Ушбу ҳадис орқали Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам янги оила қуриш остонасида турган бўлажак ота ва оналарга мурожаат қилиб, ўзларининг туғилажак фарзандларига муносиб ота ва она танлашга амр қилмоқдалар. Ҳар бир инсон оила қуриш чоғида ўзидан ва жуфти ҳалолидан пайдо бўладиган фарзанднинг ғамини емоғи лозим. Чунки ота-онанинг сифатлари ва хусусиятлари болага ирсият йўли билан ўтиши айни ҳақиқат. Шунинг учун болага ҳам маънавий, ҳам жисмоний тарафдан етук ота ва она танлаш керак бўлади. Токи фарзанд эсини таниганида отаси ва онаси билан, уларнинг чиройли хулқи ва фазилатлари билан фахрланиб юрадиган бўлсин.
Келин-куёвлар олдидаги кейинги асосий вазифалардан бири пайғамбарлардан ўрнак олган ҳолда, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлиш. Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасининг 38-оятида шунда марҳамат қилади: “Шу чоғда Закариё Роббига дуо қилиб: “Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт бергин. Албатта, Сен дуони эшитувчисан”, - деди”.
Ҳомила ҳар томонлама яхши ривожланиб бориши учун онанинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан толиқтириб қўймасликка шариатимизда катта эътибор берилган. Ҳатто Аллоҳ фарз қилган ва Ислом динимизнинг асосий рукнларидан ҳисобланган рўзани ҳомиладор аёллар тутмасдан, кейин қазосини тутиб бериши жоизлиги шариатга жорий қилинган.
Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини кечди. Ҳомиладор ва эмизиклидан рўзани”.
Фарзанд дунёга келгач, унинг бирмунча ҳақлари ҳам бирга туғилади. Уларнинг энг асосийларидан бири покнасаб бўлиш ҳаққидир.
Аллоҳ таоло томонидан жорий қилинган никоҳнинг асл мақсадларидан бири насл-насабни сақлашдир. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насл-насаби аниқ ва пок бўлади.
Туғилган фарзанд аввало эмизишга муҳтож. Бу эса ота-онанинг бурчи, боланинг ҳаққидир. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 233-оятида шундай марҳамат қилади: “Оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар. (Бу) эмизишни батамом қилмоқчи бўлган киши учундир”. Чунки гўдак учун энг афзал озуқа онанинг сутидир.
Боланинг ота-онадаги ҳақларидан, ота-онанинг фарзанд олдидаги вазифаларидан бири оиланинг янги аъзосига маънодор, чиройли ва зийнатли исм қўйишдир. Исломда ҳар бир нарсани гўзал бўлишига алоҳида аҳамият берилади.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ гўзалдир. Гўзалликни севадир”. Аҳмад ва Муслим ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болаларга исм қўйишга алоҳида эътибор берганлар. Бу ўта муҳим ишнинг Қиёмат кунига боғлиқ жойи борлигини ҳам айтганлар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Қиёмат куни ўз исмларингиз ва оталарингизнинг исми ила чақирилурсиз. Бас, исмларингизни гўзал қилинг”.
Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш, ақиқа қилиш ота-онанинг бурчи, боланинг ҳаққидир.
Ҳусайндан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қўлоғига иқома айтса, унга Умму Сибён (болаларга зарар етказадиган жин) зарар етказа олмас”, - дедилар”. Абу Яъло ривоят қилган.
Аллоҳнинг бандаларига берган омонати бўлмиш, фарзанд неъматининг шукронасига уни чиройли номлаб, одоб-ахлоқли тарбиялаб, керакли илм ва касбга йўналтириб, жисмонан ва руҳан соғлом ўстириб, балоғатга етгач, оилали қилиб қўйган ота-она нақадар бахтли. Чунки унинг юзи икки дунёда ҳам ёруғдир.

КОМИЛЖОН ШОДМОНОВ,
“Зарафшон” жоме масжиди имом-хатиби
[b][/b]
[justify][/justify]
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш