Кўзимиз нури...

22-07-2018, 13:59 Istamjon Khamrayev Мақолалар 1 892

Барча нуқсон ва камчиликлардан пок Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг Ўз бандалари учун рози бўлган, то қиёматга қадар улар учун дастурий амал бўлган мусаффо дин – исломда банда дилида, тилида ва амалида ҳамиша намоён бўлиши лозим бўлган иш шукр қилишдир. Фазилатли устоз Шайх Бутий роҳимаҳуллоҳнинг таъбирлари билан айтадиган бўлсак , шукр ушбу диннинг бошдан охиригача барпо бўлишидаги фақирлик устунидир. Агарда инсон Аллоҳ таоло унга буюрган шукр билан уйғонса ўз нафсини Аллоҳ таолонинг барча буйруқларига масьул деб билиши лозим. Аллоҳ таоло Ўз каломи раббонийсида бандаларини шукр қилишга, уларга инъом этган нарсалари ҳақида тафаккур этишга ундайди. Бу иноъмларнинг энг суюклиларидан бири бу солиҳ зурриётлардир.
У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир. Вақтоки у (жуфтини) ўраганида енгил ҳомиладор бўлди. Бас, у билан юрди. У оғирлашганда эса, икковлон Роббилари Аллоҳга: «Агар бизга солиҳ (фарзанд) берсанг, албатта, шукр келтирувчилардан бўламиз», деб дуо қилдилар. (Аъроф 189-оят)
Ҳар бир инсон Аллоҳ таоло берган умрни ўзича яшаб ўтади. Не-не синов ва машаққатлар, хурсандчилиг-у ғам ғуссани бошидан кечиради. Аллоҳга инонган, ўзининг Аллоҳ азза ва жалланинг ердаги халифаси эканлигини теран ҳис этиб, бу масъулият юзасидан Унинг розилиги йўлида ҳаракат қилади. Бу йўлдаги турли синов ва қийинчиликларни Яратганнинг розилига етишиш учун бир омил деб қабул қилади. Ўзидаги кўплаб қусур ва камчиликларни кўриб, қўлидан келганча уларни тузатишга, амалларини ислоҳ қилишга уринади. Умр мобайнида ўзи улгурмаган, эриша олмаган нарсаларга жигарбанди-фарзанди эришишига умид боғлайди. Бу фоний дунёни тарк этиб амаллар қилишдан узилган чоғда, фарзанд ва зурриётларининг эзгу амал қилиб унинг ҳақига дуо қилишларидан умид қилади. Бу умид, Аллоҳдан ўтинч фақат оддий бир мўмингагина хос эмас, ҳаттоки Аллоҳнинг элчилари, гуноҳлардан маъсум пайғамбар алайҳи саломлар ҳам шу ўтинч ва умид ила Аллоҳга юзланганлар. Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай дейди: Шу чоқда Закариё Роббига дуо қилиб: «Эй Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан», деди. (Оли имрон 38-оят). Ҳа, ҳамма ҳаммаси Яратгандан ўзига солиҳ зурриёт сўрашдан бошланади. Албатта Аллоҳ дуоларни ижобат этувчи, истаган бандасини беҳисоб ризқлантирувчи зотдир. “Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат этдик ва унга Яҳъёни ҳадя қилдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйинсунувчи эдилар.” (Анбиё 90 оят). Ёшлари бир ерга бориб қолган бўлсада Аллоҳ таоло Закариё алайҳи салом оиласига фарзанд ато этади, бунга сабаб эса уларнинг эзгу ишларга шошилишлари, Яратганнинг амрларини чин ихлос ила адо этиб, Унга синиқлик ва қўрқув ила дуо қилишлари эди. Баъзи бир инсонлар неча йилдирки Аллоҳ фарзанд бермаётганини, кўрмаган чора ва тадбирлари, шифо истаб бормаган эшиклари қолмаганини нолиб айтиб қолишади. Бундай кишилар умидни узмасдан, эзгу амаллар қилишга шошилиб, Яратганга илтижо қилишда бардавом бўлиб, ҳечам ноумид бўлмасликлари лозим. Ахир Аллоҳ таоло ўз каломида “У: «Фақат залолатга кетган кишиларгина ўз Роббининг раҳматидан ноумид бўлурлар», деди”. (Ҳижр 56-оят) деб марҳамат қилган. Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш фақат бир тоифага–йўлдан адашган, гумроҳ тоифага хос. Аллоҳнинг раҳматидан юз ўгириб, залолат йўлига кириб кетган кимсагина ноумид бўлади, холос.
Аллоҳ таолонинг инсонни молига ва наслига барака беришига сабаб бўлувчи яна бир омил, истиғфорни кўпайтиришдир. Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим. У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар ҳамда анҳорларни берадир. (Нуҳ 10-12 оятлар). Аллоҳнинг бандаларига марҳамати чексиз, бандаларининг гуноҳи ювилишига уларнинг чин дилдан истиғфор айтишлари сабабчи бўларкан. Бунинг устига шу истиғфор сабабли деҳқончилигу чорвачилик омили бўлмиш оби ҳаёт берар экан. Молу мулк ва фарзанд неъматини ато этаркан.
Аллоҳнинг бандаларига марҳамати чексиз, Ар-роҳман сифатига эга бу ягона ва қудратли Зот Ўзига иймон келтирган бандаларига ҳам, куфр келтирганларига ҳам, шукр келтирганларига ҳам ношукрларига ҳам бу дунё неъматларини дариғ тутмайди. Бу неъматларнинг ичида қалбга ҳузур бағишлайдиган, тўғри фойдаланилса, тўғри муомалатда бўлинса бу дунёда ҳам охиратда ҳам катта ажрга сабабчи бўладиганлари бойлик ва фарзанд неъматидир. Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор. (Тағобун 15-оят) Мол-мулк киши учун синовдир. Қўлига мол-дунё келганда ҳам ҳовлиқмасдан, тўғри йўлда сарфласа, ибодатини вақтида қилса, улкан савобларга эга бўлади. Аммо дунёга берилиб йўлдан озса, ҳаром-хариш ишларни қилса, мол топиш учун гуноҳ йўлларга ҳам кираверса, унда синовдан ўта олмаган бўлади ва гуноҳига яраша жазосини олади. Шунингдек, фарзандлар ҳам Аллоҳнинг улкан неъмати. Уларни тўғри тарбиялаб, художўй қилиб ўстирилса, икки дунёнинг обрўйини олиб беради. Агар тескариси бўлса, икки дунёда шарманда қилади. Демак, Аллоҳнинг муҳаббатини, мол-мулк ва фарзандлар муҳабатидан устун қўймоқ зарур. Чунки унинг ҳузурида улуғ ажр бор.
Жамиятдаги айрим беоқибат, бераҳм, бегоналар тугул ҳатто ўз яқинларига ҳам яхшиликни раво кўрмайдиган инсонларнинг кўпайиб бораётганининг сабабини аниқлаш мақсадида ирсият билан шуғулланувчи олимлар ўтказган тадқиқотларига кўра бу инсонларнинг аксарияти ота оналари истамасдан, ноўрин дунёга келган фарзандлар бўларкан. Бундан шу равшанлашадики, никоҳсиз турмуш, яни зинодан туғилган фарзанд шундай бемеҳр ва исёнкор бўлиши илм фан томонидан ҳам тан олинган ҳақиқат экан.
Шунинг учун Аллоҳ таолодан ҳамиша ҳалолдан ризқ беришини, аҳли аёлимиз ва фарзандларимиз кўзимизнинг қувончи бўлишини, уларни аҳли солиҳлардан бўлишини сўраб туришимиз лозим. Бу сўровнинг энг гўзалини Аллоҳ таолонинг Ўзи ўргатган: Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт», дейдиганлардир. (Фурқон 74-оят). Яратгандан нафақат ўзимизни, шунингдек фарзандларимизнинг ҳам Унга ибодат-у итоатда бўлишини сўраб дуода бўлишимиз керак. Эй Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Эй Роббимиз, дуони қабул этгин. (Иброҳим 40-оят). Шубҳасиз, Аллоҳ азза ва жалла Ўзига мухлис бандаларининг дуоларини ижобат этади, Ўзининг ҳалили – Иброҳим алайҳи саломнинг ҳам дуоларини ижобат этди ва фарзандлари, зурриётларидан кетма-кет пайғамбарлар қилди. Ва Биз унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик. Барчаларини ҳидоят қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Ва унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз. (Анъом 84-оят). Ҳа, Аллоҳ ризолиги учун қилинган ҳеч бир амал зое кетмайди, нафақат ўзи балки оиласи, зурриётларига ҳам беҳисоб фойдаси тегади.

Кармана туман "Қосим Шайх" масжиди имоми ноиби И.Хамраев
скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш