Ота-она дуоси

18-11-2023, 11:25 admin Мақолалар 236

Ота-она дуоси

Ота-она фарзанд томонидан энг юксак эъзозу ҳурматга сазовар бўлган инсонлардир. Бу ҳақида ояту ҳадислар кўп. Ҳалқимиз ўртасида кенг тарқалган “Ота рози –худо рози” деган ҳикмат ҳам шундан келиб чиққан. Зеро, ҳадиси шарифда “Жаннат оналар оёғи остидадур” дейилган.
Ҳар бир ота-она ўнсин- ўссин, тезроқ катта бўлсин деб ўзини ўтга, сувга уради, ўзи емай фарзандига едиради, ўзи дурустроқ киймай фарзандига кийдиради, оқ ювиб, оқ тарайди. “Болам тезроқ катта бўлса қийинчилигим эсдан чиқади” дея ўй қилади. Аммо фарзанд кўпинча ота-онанинг ўйлаганидай бўлмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида шундай дейдилар “Уч нарса бор, кимда у бўлса Аллоҳ таоло унга раҳмат назари билан қарайди ва жаннатга киргизади. 1.Заифга меҳрибон бўлиш; 2.Ота-онанинг дуосини олиш; 3.Қўл остидагиларга яхшилик қилиш”.
Ота-она дуоси... бундан яхшироқ мукофот бормикан яхши фарзанд учун? Ота-оналарнинг сидқидилдан қилган дуолари – ўғил қизларининг узоқ умри, бахту-саодати, иқбол-камолини тилаб қилган дуолари чексиз. Астойдил юракдан айтилган бу илтижоларнинг амалга ошиши шубҳасиз. Зеро қайси бир фарзанд ота-онасини эъзозлаб, ҳурматини қилиб дилига сурур – шодлик бахшида айласагина, уларнинг ҳолисона дуоларига сазовор бўлади. Кексаларни айниқса, падари бузрукворлари ва волидаи муҳтарамаларининг кўнгилларига хушнудлик етказишни истаган фарзанд элу-юртига ҳам садоқатли бўлади. Чунки ота-оналар ўз ўғил - қизлари-ю, набира-эвараларининг эҳтирому-иззатларини она Ватанга муҳаббатда ҳам кўрадилар. Диёрига, элига нонкўрликни улар асло кечирмайдилар. Ҳа, ота-она дуосига мушарраф бўлиш учун уларга ҳар жиҳатдан муносиб бўлмоғимиз зарур.
Халқимизнинг севимли китобларидан “Қобуснома”да шундай ҳикмат битилган “Одам мевага, ота-она дарахтга ўхшайдир. Дарахтни ҳар қанча яхши тарбият қилсанг, меваси шунча яхшироқ ва ширинроқ бўлур. Ота-онага иззат ва ҳурматни қанча кўп қилсанг уларнинг дуоси шунча тезроқ мустажоб бўлур”. Шундай экан бу улуғ зотларга иззат-ҳурматни бирон лаҳза ҳам унутмаслик – ҳар бир фарзанднинг инсонийлик бурчидир.
Айни вақтда бошқа кексалар – қариндошу бегоналарнинг ҳам дуоларини олиш ҳар қайси ёшнинг муддаоси бўлиши зарур. У орзуга етишишнинг асосий йўли эса ҳар бир кекса отахону-онахоннинг ҳурматини жойига қўйиш саломини канда қилмаслик, юмушлари бўлса бажонидил ёрдам кўрсатиш, ширин сўзлар билан кўнгилларига ором бағишлашдир. “Қарияларни ҳурмат қилғил, улар ҳақида беҳуда сўз демағил, уларнинг олдида одоб ва мискинлик билан сўзлагил” – деб насиҳат қилинган “Қобусномада”. Бинобарин, кексалар олдида ҳамиша одоб сақлаш, камтар бўлиш, улар ҳақида ҳеч қачон беҳуда сўз айтмаслик, қарияларни ҳурмат қилиш шартларидандир.
Ҳамиша нуроний отахону-онахонлар олдидан, салом бериб ўтар эканман уларнинг юзларига нур балқиганини кўраман. Биргина “Ассалому алайкум” иборасида чеҳралари ёришиб, диллари яйраб кетади. “Ва алайкум ассалом, барака топинг, сизни тарбиялаган ота-онангизга раҳмат! Доимо соғ бўлинг” - деб дуо қилиб қолишади. Биргина саломимга шунча миннатдорчилик, шунча дуо. Демак, шу биргина салом билан кекса бир инсоннинг дилига ҳушнудлик етганидан кўнглим яйрайди. Шунда баъзи ёшларнинг отахону-онахонларимизга саломини раво кўрмаётганини гувоҳи бўлиб афсусланаман. Шунча дуо, ширин сўз, покиза тилаклардан бенасиб қолаётганларни кўриб ачинасан гоҳо.
“Олтин олма, дуо ол, дуо олтин эмасму?”-дейди доно халқимиз. Нуроний бобо-ю-момолар дуосини олиш инсон учун қанчалик бахт.
Азизлар! Ота-оналаримиз, маҳалла куйдаги барча кекса нуронийлар дуосини олайлик. Муборак истаклар нури билан йўғрилган бу дуолар барчамизга эзгуликлар, бахту-иқбол келтирса ажаб эмас. Шундай экан, бу дунё-ю у дунёда Аллоҳнинг розилиги, фаровон турмушни истаган ҳар бир ўғил-қиз умр борича бу улуғ ва мукаррам зотларнинг хизмат ва ҳурматларини қилиши лозимдир. Барчамизга ота-она хизматини қилиб, дуосини олиш, бу орқали Аллоҳнинг розилигини топиш насиб этсин!.

Навбаҳор тумани “Оқ олтин” маҳалласи отинойиси О. Хакиева

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш