Сабрнинг фазилати

12-12-2017, 08:51 admin Мақолалар 1 712


Сабр инсонни камолотга етказадигин амаллардан ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Бирортангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржоъ айтсин”, - деганлар. Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак экан.
Суюкли ҳабибимиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бошларига оғир йўқотишлар, мушрикларнинг зулм ва хўрликлари келганида ҳам Аллоҳ таоло у зотга сабрли бўлишни буюрган:
“(Эй Муҳаммад), энди чиройли сабр қилинг!”
(Маориж сураси, 5-оят ).
Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига тасалли бериб айтяптики,
“Эй Муҳаммад алайҳиссалом, куфр ва ширкка берилганларнинг Бизнинг ваҳийларимизни ёлғонга чиқариб, жазоларимизни масхара қилаётганига эътибор берманг”.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам ваҳийни етказишда чиройли сабрга чақирмоқда.
Имом Қуртубий: “Чиройли сабр киши ўзидаги жиззакиликни йўқотиши ва Аллоҳдан бошқага шикоят қилмаслигидир”, -деган.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиздан олдин ҳам барча элчиларини ваҳийни етказишда, инсонларни имонга чақиришда, уларга етадиган машаққат ва озорларга сабр қилишга буюрган. Энг суюкли фарзандидан айрилган Яъқуб алайҳиссалом, туҳмат ва фитна туфайли узоқ вақт зиндонбанд бўлган Юсуф алайҳиссалом, Аллоҳ юборган машаққат, дард-офатларига кўнган Айюб алайҳиссалом, хўрлаш-қийноқларига дош берган Мусо алайҳиссаломнинг буюк сабрлари инсониятга улкан ибрат бўлиб тарих саҳифаларида қолган. Чунки, Аллоҳ сабрлиларни яхши кўради. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: “Эй бандаларим, Мен бандалар ичидан бир мўмин кишини (бирон мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб синовимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида онаси туққан кундагидек хато-гуноҳларидан пок бўлиб туради”. Қуръони каримда яна шундай марҳамат қилинади:
“Инсон ҳақиқатан бесабр яралгандир: кулфат келганида чидамайди, мол-мулк келса, бахилга айланади”
(Маориж сураси, 19-21-оятлар).
Ушбу оятлардаги «ҳалуъ» ибораси «бесабр, тоқатсиз, чидамсиз, ҳирсини жиловлай олмайдиган» маъноларини англатади. Инсон насли Аллоҳ таолонинг Ўзи билган ҳикматига кўра бесабр қилиб яратилган. Ҳақиқатан, инсонга бирор хасталик келиши билан дарров «оҳ-вой»га тушади, тузалгунча сабр қилолмай ўзини ҳар томонга уради. Бирор ишга киришса, тезроқ ҳал бўлишини истайди. Бошқалар манфаатини ҳатлаб бўлса ҳам ўзининг иши тезроқ битишини хоҳлайди. Кун сал исиб кетса ҳам, совиб кетса ҳам, қорни очиб кетса ҳам, тўйиб кетса ҳам бесабрлик ва бетоқатлик қилаверади. Бундай ҳолатларга сабр, бардошни қарши қўйиш керак. Шунинг учун Ислом мўмин-мусулмонларни ҳамиша сабрли бўлиш, Аллоҳ тақдир қилган ҳамма нарсага кўнишга чақиради. Зеро, сабр мўминларнинг энг мақталган фазилатларидандир.
Сабр ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозим сифатдир. Бу чиройли хислатсиз инсон мўмин-мусулмонлик таклифларини, буйруқларини етарлича адо эта олмайди.
Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишидаги хислатларнинг энг ёмони дунёга ҳарислик, сабрсизлик, ўта бахиллик, қўрқоқлик ва ўзини тия билмасликдир”, деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд).
Имом Мусоҳибий: “Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади”, деган. Сабр имоннинг бошидир.
Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, имон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир. Абдулқодир Жийлоний: "Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади", деб айтганлар.

Кармана тумани “Жалойир”
жоме масжиди имом-хатиби А.Ҳакимов

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш