Тақдир сабоқлари..
Қалблар гулларга ўхшайди. Уларни ҳам куч билан очишнинг имкони йўқ. Уларнинг очилиши ва гўзал бўй кўрсатиши учун меҳр, илиқлик, ҳамда сабр зарурдир.
Мавлоно Румий.
Кўпинча жаннатга олиб борадиган йўлни "узоқлардан" излаб юрамиз. Аслида ўз уйимиз, хонадонимиздан жаннат сари энг яқин йўллар бор... Улар ота-онамиз, ака-ука, опа-сингилларимиз, аҳли аёлимиз (аёллар учун эса эрлари), фарзандларимиздир... Уларга меҳр-эътибор кўрсатиб, кўнгилларини олишимиз, улар учун ҳалол меҳнат қилиб, ризқ топишимиз афзал бўлади.
Ҳадиси шарифларга кўра, ота-оналаримиз айни жаннат эшигидир. Уларнинг розилигини олиб , жаннатга эришмоқ қандай бахт!!
Эркакларнинг энг яхшиси эса аҳли аёлига яхши муносабатда бўлганидир. Аёли ва қизларига эътиборли эркаклар ҳеч қачон ютқазмайдилар. Оилада тарбия олаётган ,қалблари гулдек нозик қизларимизни оилага тайёрлаш ҳамиша долзарб масала бўлиб келган.
Уйимизни нурга тўлдирган , қалбимизнинг қувончи бўлган , янги турмуш қуришга тайёрланаётган қизларимизга:
«Қизим, сен энди янги ҳаётга қадам қўйяпсан, у шундай ҳаётки, унда ота-онанг, ака-ука, опа-сингилларинг учун ўрин йўқдир. Сен у ҳаётда эрингнинг ҳамроҳига айланасан, эринг бу ҳаётда сенга биров шерик бўлишини истамайди. Сен унга ҳам ёр, ҳам она бўласан. Шуни билгинки, эр киши катта гўдак кабидир. Озгина ширин сўз ҳам уни бахтиёр қилади. Унинг сенга уйланиши, сени ўз оилангдан маҳрум қилди деган туйғуни сездирма, чунки бу туйғу уни хижолат қилади. Ахир эринг ҳам сени деб ота-онасидан узоқлашади. Лекин у эркак, сен аёлсан. Сир эмас, аёл киши доимо туғилиб ўсган хонадонига ошиқади. Лекин аёл ўзини янги оиласига, янги ҳаётига ўргатмоғи зарурдир. У ўзига эр, фарзандларига ота бўлган киши билан ҳаётини бирга ўтказмоғи даркор. Бу унинг тақдиридир.
Аёл ўз хонадонини жаҳаннамга айлантира олганидек, уни жаннатларга ҳам айлантиришга қодирдир. Демак сен оилангни жаннатга айлантира олсанг бахтли бўласан…» дегинг келади.
Турмуш қуриб, оилани барқарор қилиш осон иш эмас. Бу йўлда учраган қийинчиликларни сабот билан енгиб ўтишга тўғри келади.
Бу ўринда баъзиларнинг ҳаёти бизга ўрнак бўлади.
Мана сизга бир мисол...
......16 ёшида Лейлага кўчадаги лўли ҳеч қачон турмушга чиқмаслигини айтди. Шу сабабли Вовка унга турмуш қуришни таклиф қилганида, дарров рози бўлди.
- Майли, - деди у, - ҳеч бўлмаганда унаштирилган қиз бўламан. Аммо Лейла учун кутилмаганда тўй бўлиб ўтди.
Эр-хотин узоқ вақт фарзанд кўришмади. Шифокорлар Лейлага тузалмайдиган бепуштлик ташхисини қўйишди. Аммо у уч йил ўтиб ҳомиладор бўлди.
- Сиз бу болани дунёга келтиролмайсиз, бу сизнинг ҳаётингизга таҳдид солади! — дея шифокорлар яна огоҳлантиришди.
- Майли, - деди Лейла камтарлик билан, - ҳеч бўлмаганда ҳомиладор бўлиб кўраман. Ва у мутлақо соғлом ўғил туғди.
40 йиллик бахтли ҳаётдан сўнг, Лейлага даҳшатли ташхис қўйилди, у кўпи билан олти ой умр кўриши мумкин...
- Хўп, майли, - Лейла жилмайиб қўйди, - энди мен ниҳоят парашютда сакрайман. Бутун умр буни орзу қилдим. Лекин қўрқдим. Энди ўлимдан қўрқмайман
У парашютда сакради, яна ва яна...
Ташхис эса тасдиқланмади!
Кўрдингизми, азизим, сабот ва матонат бизни ҳар қандай нохушлик ва балолардан асрайди. Хоҳ эркак, хоҳ аёл , инсон зоти борки, ҳаётда интилиб ,курашиб яшаса, албатта охири хайрли бўлади.
Атрофимизда сабрли, матонатли, курашувчан инсонлар кўп. Улардан ўрнак олиб яшаш лозим... Шунда ҳаётимиз гўзал, оиламиз тинч ва фаровон бўлади.
Навоий вилояти Навбаҳор тумани Сарбозор маҳалласи отинойиси Жабборова Карима.