Отаси,амаки-тоғаси борми уларнинг?
Деди: Қизларнинг ташқи кўринишидан ҳаё, миллийлик кўтарилмоқда. Нега уларга кам насиҳат қилиняпти?
Дедим: “Тарбия” деган тушунчанинг тўқсон фоизини қиз болаларга тегишли деб келамиз. Шундоқ бўлиб қолган. “Қизларни маҳкам ушлаш керак, қизлар ҳунарли бўлиши керак, қизларни келинликка тайёрлаш керак, оналар мактаби, қайноналар мактаби.....” деган гапларнинг сийқаси чиқиб кетди. “Тўйлардаги ортиқча харажатларга аёллар сабабчи, мен аёлимни бошқараолмай қолдим, нима учун енгилтак аёллар кўпайиб кетди”деган надоматли луқмаларни айтмайсизми? Ва бу гаплар айнан эркаклардан чиқаётгани менга жуда таъсир қилади.
Бир йигит ўз аёлининг атайин жаҳлини чиқариб туриб, унинг оғзидан боди кириб, шоди чиқишларини дискка ёзиб, “Турсуной опа, шуни бир телевизорда кўрсатиб, хотинимни шарманда қилиб беринг” деб жўнатибди. Мана, сиз ҳам қизларнинг таъзирини бериб қўйишимни сўраб турибсиз!
Тарбия бобида биз қизларни шунақанги сиқувга ола бошладикки, ҳатто ҳаддимиздан ошиб кетдик, уларнинг чумолича жонидан фил бўлишни талаб қилишга тушдик: “Ҳамма нарса сенга боғлиқ, сен уйда вазирсан, йўқдан бор қилиш сенинг зиммангда, эринг ичса ҳам, кўчама-кўча дайдиса ҳам, қўли уронғич бўлса ҳам, тили сўконғич бўлса ҳам чида, иродали бўл, овозингни чиқарма.....” деявериб, уларни салкам “темир хотин”га айлантириб қўйдик. Қарабсизки, айрим аёллар ҳаттоки эрларини боқишга тушдилар, ҳафта, ўн кунлаб йўл юриб савдогарчилик қилишга ўтдилар, бозорлар аёллар билан тўлди. Аммо айтинг-чи, аёлларни очиқ танқид қилишгача бораётган , улардан кўнгли тўлмаётган эркакнинг бирортаси “Аёллар биздан ҳам кўпроқ меҳнат қиляпти, улар жисмонан бундай зўриқишни кўтара олармикан, сал ўзларини аяса бўлармиди” ёки “Эркакнинг ҳам оласи бўлади, аёллардаги феъл ўзгаришларига биз сабабчи бўлмаяпмизми?” деган гапни айтдими, айта олдими?
Оиладаги, инсоннинг хатти-ҳаракатларидаги вазият бир маромдан чиқса, мувозанат бузилди, деб айтамиз.
Хўш, қачон мувозанат бўзилади? Қачонки мавжуд томонлар ўз елкаларидаги мажбурият ва маъсулиятларини тортолмай қолса ёки эру аёл ўз фаолиятида зарур, нозарурни фарқлолмай қолса, мувозанат бузилади. Яъни, бошлар оёқ, оёқлар бош бўлади. Қуръони карим кўрсатмаларида ҳам, жамиятнинг қонунларида ҳам эркак киши оилага бош раҳбар деб белгиланган. Агар шу мақом кимнинг оиласида бузилса, ўша ерда маънавий инқироз юзага келади. Ана ўшандай рўзғорларда парда ичидаги ўз аёлини ўртага солиб, “бир шарманда қилиб беринглар” дейдиган эрлар бино бўлади, эрига шапалоқ туширишгача борадиган аёллар пайдо бўлади.
Савол берган ўғлоним, биз ҳозир нақ ўша мувозанат бузилган жараёнларни бошимиздан кечириб турибмиз. Ўша – тирноқлари бургутникидай ўсиб кетган қизлар, юбкалари тобора калталашаётган ёки бутунлай ўраниб олган, ўзини тақводор кўрсатиб, аммо узун кўйлаклари баданларига чип ёпишган, лаблари қип-қизил бўялган қизлар ёки жамоат орасида шанғиллаб гапирадиган, хоҳолаб куладиган, ёки бўлмаса, концертларда ҳамманинг кўз ўнгида хонанда йигитларга бўй баровар осилиб оладиган қизлар, айтинг-чи, қанақа уйдан чиқади? Отаси борми уларнинг? Отаси лапашанг бўлса акаси, ўғил укаси борми? Уларни ҳам Худо уриб қўйган бўлса, амакилари, тоғалари ёки ҳамиятли поччалари йўқми?! Агар қизлари, аёллари ана ўшандай юриш-туришда бўлса, “тирикликда ўликдир” деб шу эркакларни айтилмайдими?! Рисоладаги оилаларда оталик тергови, акалик, амакилик, тоғалик назорати қиз бола ўн ёшга кирмасданоқ бошланади. Эркак кишининг шарпаси келган заҳоти миллий одобимизга кўра аёллар дарҳол сочлари, ёқаларини ростлаб, ўзларини пардага оладилар. Бу уларнинг оталарига, акаларига бўлган ҳурматларидир. Уйидан ҳаё кўтарилгунча томошабин бўлиб ўтирган эркак йигит саналадими? Аёлларга қўлингизни бигиз қилишдан аввал сафингиздаги ана ўшандай суст, уйида ўрни йўқ, эркаклик орияти оёқ ости бўлиб яшаётган эркаклар учун андак ҳижолат чекиб қўйинг, ўғлоним! Бундайларга эркакларнинг ҳам айтадиган ўз сўзлари бўлсин ахир!
Хулоса шуки, шариатда ҳам, жамиятимизнинг одоб қоидаларида ҳам оти эркак борки, уни бошингга кўтаравер деган жойи йўқ! Биз қизларнинг қулоғига қадимдан аёллик илмини қуйиб келамиз, аммо “эркаклик илми” деб аталадиган илм ҳам бор. Уни бонг уриб ёшларга етказиш керак! Уни эгалламаган йигит оиласининг, зотининг шаънини ҳимоя қилолмайди. Ақлли фарзандлар тарбиялай олмайди. Йигит бўлиб йигитдай иш юритишни билмаган эркакнинг уйида миллий қадриятларимиз тамом бўлади.
Сиз кўчада кўраётган ва энсангизни қотираётган аёллар яхши зотдан бўлмаган она ва илмсиз оталардан дунёга келганлардир. Улар бизнинг насиҳатимиз билан бирдан яхши бўлиб қолмайдилар. Шунинг учун ҳам ҳар биримиз Тангридан юрагимизнинг кўзини очиқ қилишини сўрайлик. Илоҳим бизни ўзимиздан қониқмайдиган қилиб қўйсин. Болачақамизнинг роҳатини кўрмоқчи бўлсак, ўзимиз ҳамиша изланишда, яхшиланишда бўлайлик.
Турсуной Содиқованинг “Қайнаталик илми”китобидан.
Зарафшон шаҳар “Геолог” ва “Баҳор”МФЙ отинойиси Х.Худжиярова.