Оила кураш майдони эмас!

25-05-2023, 01:58 admin Мақолалар 139

Оила кураш майдони эмас!
Савол: Опажон, ёшим йигирма бешда. Қайнонам билан келишолмаяпман, нима қилай?
Жавоб: Тўғрироғи, сен ўзингни эпақага келтираолмаяпсан. Яъни, “мен”ингни эга олмаяпсан, кибрингдан тушаолмаяпсан. Оила қайнона ёки қайнэгачи, қайнсингиллар билан курашиб, куч синашадиган майдон эмас, оила сенинг ҳеч кимга малол келмай кириб, жойлашиб олишинг керак бўлган, сенга келажак ваъда қилаётган бошпананг. Бу Аллоҳнинг тортиғи, бу аёл зоти учун бутун умрини бахшида этадиган жонмакондир! Бу остонага бурун жийириб, ёқтириб-ёқтирмай кириб бормайдилар. Бу маконга худди ибодатга киришаётгандай ихлос ва астойдиллик билан, иймонга юкиниб, виждонга суяниб, ўзингни яхши томонга юз фоиз ўзгартириш учун Яратгандан сўраниб қадам қўядилар.
Ҳолбуки, хозир авжи гуллаган пайтингни яшаяпсан. Бу ҳаёт сенга татиши, куч ва ҳусну малоҳатга тўлиқ мазкур кунларинг яйраб-яшнаб ўтиши керак, шундайми болам! Роҳат қиладиган сен, яшайдиган сен, аксинча, ютказиб, куйиб қоладиган ҳам ўзинг! Демак, ҳаётингни ўзингга ёқадиган тарзда ташкил қилишга ўзинг уринишинг керак. Бунинг учун фаҳму фаросатингни, куч-қувватингни астойдил ва зийраклик билан ўрни-ўрнига сарфлашинг лозим.
Биринчидан, ичингда (яъни, ниятингда) асло худбинлик бўлмасин. Яъники, ўзингнинг фойданг учун уйингдагиларнинг ишончини, соддалигини ёки феъли бўшлигини суистеъмол қилма. Аввал атрофдагиларнинг манфаатини ўйлаб иш тут. Ўзингнинг хоҳишингни эса охирига қўй ва сўрасаларгина айт, ўшанда ҳам ғоят камтарлик ва андиша билан! Сен ҳамиша бировга зарар келтирмайдиган ният қилсанг ва оила аъзоларингни дилингдан авайлаб турсанг, ҳеч кимни ёмон кўрмасанг, мўжиза юз беради: Аллоҳ бошқаларнинг ҳам сенга бўлган ниятларини тозалаб, ўзларини ўзингга иситиб қўяди.
Узоқ йиллар кузатишим давомида шуни англадимки, қайнонаси билан келишаолмаётган келинларнинг аксарияти дангаса ёки ўйламай иш қиладиганлардир. Ишёқмас одамга баҳона кўп: қолиб кетган ишлар учун албатта сабаб топади. Яхши, яъни меҳнатсевар келинда баҳона бўлмайди. У бир ишни мақсад қилдими, тамом, уни амалга ошириш учун бир неча чораларни аввалдан мўлжаллаб қўяди, масалан: “ток кетиб қолса, мана бундай йўл тутаман, меҳмон келиб қолса, мана бунисини қўллайман, фалон масаллиқ бўлмай қолса ўрнига ана бунисини ишлатаман.....” дея режа тузади.
Келинларимнинг баридан розиман. Аммо кичик келиним Сайёрахоннинг олдида ўзимни ҳамиша қарздор ҳис қиламан. Кўпинча шароитга ва унинг ҳолатига қараб, айрим бир юмушларни тақиқлаб ёки кейинроқ қилишини тайинлайман. Аммо у мендан яшириб юриб бўлса-да, режалаб қўйган ишларини албатта бажаради. Бирор марта ҳам “фалон ишни қилолмадим” деганини эшитмадим.... Бир сафар “Тез ёрдам” чақириб уни туғруқхонага кузатяпмиз, ўзи оғриқдан икки букилиб машинага чиқяпти-ю: “Ойижон музлатгичга бир нарса тайёрлаб солиб қўйдим, икки-уч кунга етиб қолади”, - деб тайинлаяпти. Кейин қарасам, бир дунё чучвара тугиб музхонага қўйибди, қайлаларини ҳам қойилмақом қилиб алоҳида тайёрлаб кетибди. Кўзимдан ёш чиқиб кетди. Ой-куни етиб, қийин аҳволда турганида бизни хурсанд қиламан деб жонини қийнаганини ҳар сафар эсласам, ўзимни минг бор қарздор сезаман ва ҳамиша қўлимдан келганича бу боламнинг қадр-қийматини жойига қўйишга уринаман.
Ўйламай гапириб, ўйламай иш қиладиган келин билан ҳам, худди шундай қайнона билан ҳам яшаш оғир. Айниқса, аёл кишини калтабинликдан Худо сақласин. Беихтиёр Исо (алайҳиссалом) пайғамбар қиссаси ёдимга тушади: “Нафасим билан ўликни тирилтирдим-у, аммо аҳмоқнинг олдида ноилож қолдим”, - дейди у. Калтабин одам билан баҳслашиб бўлмайди, у насиҳатни қабул қилмайди, уни юпатиб ёки бирор йўлдан қайтариб бўлмайди. Ундан гина қилмаслик, уни айланиб ўтиш ва сабр қилишдан бошқа йўл йўқ. Чунки у бадаи ночор, унга аксинча, раҳм керак. Қарғага “бу—қарға” деб қараш керак. Сен минг талаб қилганинг билан у булбул бўла олмайди-ку!
Қолаверса, жуфтинг билан келиша оляпсанми, тамом, уни туққан онаси билан ҳам тил топишинг шарт! Жуфтингга кўрсатган ҳурматинг шу бўлади. Куёвларнинг эслари бўлса, тўйдан кейиноқ келинларнинг миясига шу гапни сингдириб қўйишлари керак! Ўғил билан Лайли-Мажнун бўласан-у, онаси билан келишаолмайсанми? Бу бориб турган худбинлик ва илмсизлик!
Қайнонанг заҳар бўлса, уни эритиб оламан, деб қасд қил. Кўнглидаги ишни сўрамасидан аввал бажариб қўй. Гапларини маъқулла, кези келганида ўзинг билган ақлли йўлни тут. Аммо ёғлаб, ипакка ўраб иш юрит. “Мусулмон одам қўлини газанда бир чаққан тешикка иккинчи марта олиб бормайди”, деган ҳадис бор. Нима қилсанг қилу қайнонангни юмшат! Бошқа йўл йўқ!
Агар у қайсар, қўпол қилиб айтганда, ақлан нўноқ бўлса, ёш болани қандай ўзингга қаратишга уринсанг, унга ҳам худди шундай мулозаматлар қил: тилингнинг учида асал сол, ширин овқатлар билан сийла, унга ёқадиган гаплар айт. Ва йўлингга сол.
Агар қайнонанг ўғлини қизғонадиган, келинига кундошдай қарайдиган, уни тинмай ёмонлайдиган, жанжал кўтаришга мойил салбий қаҳрамон бўлса, бу сен учун Аллоҳнинг имтиҳонидир. Қайсидир гуноҳларингни ювгани уни сабабчи қилиб қўйибди. Бу қисматдир, қизим. Тишингни тишингга қўясан, ёмон гапларини эшитмаганга соласан, бировларга у ҳақда фақат яхши гаплар айтасан, касал бўлиб қолса, гирдикапалак бўлиб кетасан, келинлик бурчларингни қовоқ ўймай, ҳалимлик билан бажараверасан. У йиғлаганинг билан, эзилганинг билан ёки етти қозига ошно қилганинг билан ўнгланиб қолмайди. Аксинча, қасдма-қасдига ҳаракат қилади. Сабр ва сабр қиласан. Эвазига Яратган сенга гўзал кунлар беради.
Турсуной Содиқованинг “Сабаб ва натижа”китобидан.
Зарафшон шаҳри “Геолог” ва “Баҳор”МФЙ отинойиси Хуршида Худжиярова.

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
Муфтий ҳазрат Ислом олами уюшмаси Олий Кегашига аъзо бўлдилар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Отинойилар ва имом хатибларнинг фаолиятларидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш