Муаллимларнинг фазли ҳақида

1-10-2017, 08:34 admin Мақолалар 1 371


Устоз ва муаллимлар ҳурмати ҳақида шу чоққача кўп ва хўп гапириб келинаётган бўлсада, бу мавзу ҳамон ўз аҳамияти ва долзарблигини йўқотмаётган муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда ва дунё тургунча шундай давом этажак. Зеро, ўқитувчи ва муаллим тоифасининг жамият салоҳияти, келажак авлод тарбияси ва эл-юрт тинчлиги ҳамда ривожидаги ўрни беқиёсдир. Уларсиз миллат келажаги йўқ. Уларнинг беминнат ёрдамларисиз миллий юксалишни тасаввур қилиш қийин.
Ҳазрат Навоий ўз байтларида
Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила
Ҳа, азизлар, Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидирлар. Дунё уларнинг меҳнатлари эвазига ободдир. Бинобарин, биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзоз қилсак, шунча оз.
Инсон ким бўлишидан қатъий назар, қайси соҳа вакили бўлмасин, билим олиш учун устозга муҳтож. Шоҳу гадо, яхши-ю ёмон қачонлардир муаллим остонасининг соили-гадоси бўлган.
Демак, инсониятга манфаатли ҳар қандай илм ўргатувчи киши муаллим деб эътибор қилинади ва улар юксак хурмат ва эъзозларга сазовор ҳисобланади.
«Машойихларимиз айтадилар: «Кимга Аллоҳ таоло устозлардан таълим олиш неъматини насиб этса, унга уларни доимо ёдда тутиш, уларнинг фазилатларини ва фойдаларини оммага етказиш, ҳақларига дуо қилиш, Аллоҳдан улар учун розилик сўраш каби ишлар билан шукр бажо келтириш лозим бўлади. Бу – шогирд зиммасидаги энг муҳим вазифалардандир. Зотан, устоз унга отаси бергандан кўра афзалроқ бўлган абадий саодатга етказувчи нарсани тақдим этгандир. Бинобарин, устознинг ҳурмати отанинг ҳурмати каби, балки ундан­да юксакроқдир. Шу боис ҳар бир толибдан устозини ва унга тааллуқли барча нарсаларни эҳтиром қилиши, улуғлаши лозим.
Минг афсуски, бугунги кунда айрим кишилар, хусусан баъзи ёшлар орасида муаллимларга паст назар билан қараш, уларни камситиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу, албатта, маърифатсизлик, ахлоқсизлик, динимиз таълимотларидан узоқликнинг натижасидир.
Муаллимларни илмни қадрламаган, унга муҳаббат қилмаган, ўзини унутган кишиларгина беҳурмат қилиши мумкин. Қердаки илм қадрланса, у ерда муаллимлар ардоқланади. Қаерда муаллимлар ардоқланса, у ерда илм­фан ривож топади. Қаерда илм­фан ривожланса, у ерда жамият фаровон бўлади, давлат мустаҳкам бўлади. Бу ҳақиқатни бугунги кундаги ривожланган ва ривожланаётган давлатлар эришаётган ютуқлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Илм­маърифатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бунинг учун, маънавий­ахлоқий тарғиботлар билан бир қаторда, моддий чоралар ҳам кўриш лозим.
Маълумки, ҳазрат Навоий ўзларининг раҳбарликлари асносида уч юздан ортиқ масжид­мадрасага асос солганлар. Бир куни мадрасалардан бирида дарс бераётган устозлардан бири у кишининг олдига кириб, уй­жой масаласида муаммоси борлигини, агар бу муаммо хал бўлмаса, ўз юртига кетишга мажбурлигини айтди. Аммо Навоийнинг ҳузурида унга ўхшаш мурожаатлар билан келган кишиларнинг сон­саноғи йўқ эди. Ҳалиги муаллим ўзича «Навоий менинг гапимга «ҳа» деб қўйди­ю, шунча одамнинг ичида менинг муаммойим унинг эсида қолармиди», деб ҳисоблади. У ўз масканига бориб, мана шу фикрда, уйқуси қочиб, маҳзун бўлганча ўйга толиб ўтирган эди, бирдан эшик таққиллаб қолди. Қараса, Навоийнинг хизматкориларидан бири. У ҳазрат Навоий муаллимни чақираётганини айтди. Навоий муаллимга ажойиб бир шинам ва кўркам ҳовлини тортиқ қилди. У бундай шоҳона бино кимники экан, деб суриштирган эди, ҳовли Алишер Навоийга қарашли бўлиб чиқди. Ўша вақтда Астрободда ҳоким бўлиб турган буюк шоир мадрасада илм таҳсилига футур еткандан кўра, ўз ҳовлисини бўшатиб беришни афзал кўрган экан.
Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, муаллимлар юқорида айтилган иззат­эҳтиромларга сазовор бўлишлари учун, аввало узлари шу хурматга лойиқ булишлари лозим, яъни ўзларининг масъулиятларини чин дилдан, виждонан адо этишлари лозим. Зеро, толиби илмларнинг бирор муаллимга нисбатан эъзозда бўлишларида ўша устознинг шахсияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, ҳар бир устозлик мартабасига эга бўлган шахс ўз ҳаёт тарзини, талим услубини мукаммал билиши лозим. Аммо агар муаллимннинг ўзи ҳали ахлоқан камолот касб этмаган бўлса, инсоний фазилатларни ўзлаштирмаган, нафсини тарбия қила олмаган бўлса, кийиниш, юриш­туриш, гап­сўз, муомалада одоб, иффат тушунчаларидан, узоқлашган бўлса, у ҳолда, бундай устоз ҳақиқий муаллим ва мураббий бўла олмаслиги аён, у фақатгина қандайдир маълумотлар шаҳобчаси ҳисобланади, холос. Зотан, ҳали ўзини тарбия қила олмаган, ўз шахсиятини тўғри шакллантира олмаган инсон қандай қилиб бошқаларни тарабия қила олади? Қандай қилиб буюк шахсларни етиштира олади? Бугунги кунда бизлар мана шу ҳақиқатларни яхши англаб етишимиз лозим.
Сўзимизни имом Ғаззолийнинг қуйидаги гаплари билан тамомлаймиз: «Таълим олиб, унга амал қилиб, сўнг уни бошқаларга таълим берган киши осмонлар узра буюклик номини олади. Зеро, у худди Қуёшга ўхшайди: бошқаларни ҳам ёритади, ўзи ҳам порлоқдир; у худди мушкка ўхшайди: бошқаларни хушбўй қилади, ўзи ҳам хушбўйдир. Аммо таълим олиб, унга ўзи амал қилмаган киши худди дафтарга ўхшайди: бошқага фойда келтиради, ўзи эса илмдан холи; у худди чархга ўхшайди: бошқани ўткирлайди­ю, ўзи ўткир бўлмайди; у худди игнага ўхшайди: бошқани кийинтиради­ю, ўзи доимо ялонғоч; у худди пиликка ўхшайди: бошқларни ёритади­ю, ўзи куйиб битади. Модомики, киши таълим билан шуғулланар экан, батаҳқиқ, у жуда ҳам буюк, хатарли ва улкан ишни ўз зиммасига олибди, энди у таълимнинг одоб ва вазифаларига қатъий риоя қилсин».
Бу айтилганлар муаллимга кўрсатиладиган одоб ва ҳурматлар уммонидан айрим томчилар холос. Ўйлаймизки, муаллимларга қай даражада эҳтиром билан муомалада бўлиш лозимлигини билиш учун шу нарсаларнинг ўзи кифоя қилади. Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, шогирд устозининг розилигини топишга интилиши ва уни норози қиладиган, хафа қиладиган, кўнглини оғритадиган ишлардан сақланмоғи лозим.

Кармана тумани "Қосим Шайх" масжиди имом хатиби Мустафо Юнусов

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш