Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур!

11-01-2017, 12:56 Istamjon Khamrayev Мақолалар / Янгиликлар 1 967

Мустақил юртимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни шодёнасидир. Бу байрамни тинчлик, хотиржамлик ва осойишталик посбонлари байрами сифатида нишонлаш юртимизда анъанага айланган. Байрамни кенг нишонланиши замирида теран маъно мужассам. Зеро, Она юртда тинчлик ва осойишталик барқарор, сарҳадларимиз мустаҳкам экан, халқимиз кўнглига шоду ҳуррамлик сиғади, тоат-ибодатлар эминликда адо этилади, байрамлар ярашади, дунё ободлиги давом этади.
Муборак истиқлол бизга инъом этган ютуқ ва муваффақиятларнинг асосида мамлакатимиздаги осудалик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик, имон-ихлос ва миллатлараро тотувлик янада мустаҳкамланмоқда.
Яратганнинг фазлу карами ила қўлга киритилган бундай улкан моддий ва маънавий бойликни қадрлай билиш, Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчига айланганини ҳар биримиз дилдан сезамиз ва англаймиз. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор. Биринчи Прездентимиз раҳбарлиги остида мамлакатимизда тезкор ва ихчам, замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминланган, жанговар тайёргарликка эга миллий армия барпо этиш мақсадида кенг кўламда ишлар амалга оширилди.Тинчлик – бу хотиржамлик ва барқарорликдир.
Имон эса қалб хотиржамлигидир. Демак, тинчлик ва имон маънолари бир-бирига жуда яқиндир. Шунга биноан бир кишининг тинчлиги жамият тинчлигини бир қисмидир. Зеро, киши ўзи яшаб турган жамиятнинг узвий аъзосидир. Демакки, ҳар бир инсон бутун жамият аъзолари учун муҳим бўлган тинчликни сақлаш йўлида ҳамкорлик қилиши энг зарурий бурч ва вожиб амалдир.
Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши вожибдир. Шу ўринда Фитратнинг “Ватан менинг жону таним, саждагоҳимдир. У менинг тўлин ойим, тинч- омоним, иззатим, шарафим. Каъбам, қиблам ҳамда гулистонимдир”.
Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд хизматчи бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур! Бу ҳам имоний бурчга киради.
Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд.
Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтганлар: “Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур”. (Термизий ривояти)
“Таълимул-мутааллим” асарида баён қилинишича, қанчадан-қанча амаллар борки, кўринишидан оддий ишга ўхшагани билан чиройли ва яхши ният ила савоби улуғ амалга айланади. Худди шу каби аскарий, ҳарбий хизмат ҳам ана шундай савобли, зарур, муҳим амаллар қаторига киради. Зеро, Ҳазрати Сарвари олам саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек:
“Инсонларнинг яхшиси – инсонларга манфаатлисидир”.
Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Буюк давлат арбоби ва саркарда, соҳибқирон Амир Темурнинг нақадар буюк ватанпарвар бўлганликларини тарих жуда яхши билади. Улуғларимиз таъкидлаганларидек: “Миллат ғамида ёнган, унинг истиқболи ва истиқлоли йўлида фидокорлик кўрсатиб яшаган арбобни келажак ва тарих ҳеч қачон унутмайди. Амир Темур ана шундай тарихий ва унутилмас шахсдир”.
Ватанга муҳаббат туйғулари, юртни ташқи кучлар хуружидан ҳамиша ҳимоя қилиш ҳисси мустаҳкам ўрин олади. Бу туйғулар нақадар улуғлиги ҳақида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бундай деган эдилар: “Она-Ватанни севиш туфайли дунё обод бўлур”.
“Ватанпарвар – ўз ватани камолоти йўлида, ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул, жонини ҳам аямайдиган, халқи ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор-будини фидо қилувчи инсондир”, - деган экан мутафаккирлардан бири.
Кечагина ўйнаб-чопиб юрган кичкинтойлар кўз очиб-юмгунча улғаядилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.
Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда қилишини илтижо ила сўраймиз.

Завқиддин Орипов
Қизилтепа туман бош имом хатибискачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш