ИЛМ – ИККИ ДУНЁ САОДАТИ

11-04-2023, 23:39 admin Мақолалар 452

ИЛМ – ИККИ ДУНЁ САОДАТИ
Ўқиш ва ўрганишдек шарафли ва лаззатли нарса йўқ. Илк “Ўқи” амри билан бошланган Қуръон, билувчилар ва билмайдиганларни бир эмаслик¬ларини таъкидлаш билан бирга илм эгаларининг даражалари юксалишининг хабарини берган.
Инсон билими билан қадрланади. Ҳазрат Одам (алайҳиссалом)ни фаришталардан ҳам юксак мақомга кўтарган ҳам илм эди. Қуръони каримда ўқиш, ёзиш қуроли бўлган қалам улуғланади, айнан унга ва у ёзган сатрларга қасам ичилади. Аллоҳ таолонинг қалам билан қасам ичиши, қаламнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва қадри жуда кучли шаклда эканини ифодалайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни ёнларидаги Ҳилол исмли кишидан: “Қора қаламинг борми?” деб сўрадилар. “Йўқ” жавобини эшитгач: “Қаламсиз юрма, эй Ҳилол. Чунки эзгулик ундадир. Қиёматгача унга содиқ бўлганлар чиқади. Инсонлар қалам ила юксаладилар. Олим қўлидаги қаламнинг сиёҳи шаҳиднинг қони билан тенгдир”, дедилар.
Ҳазрат Али (раҳматуллоҳи алайҳ)ни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Илм эшиги”, деб улуғлаганлар. Фойдали илм ўрганган кишини ўлимидан кейин ҳам инсонлар ҳурмат билан эслашади. Илм абадий тирикликдир, билимли инсон ҳаётдан кўз юмганидан кейин ҳам тирикдир! Жоҳил киши тириклигидаёқ ўлик ҳисобланади.
Машҳур мутафаккир Аҳмад Донишнинг таъбирига кўра, ҳар бир мусулмон одам, энг аввало, ўзига зарур бўлган илмларни ўқиши фарздир. Шундан сўнг тирикчилик учун бирор касб-ҳунар ўрганиши лозим. Қайси илм ва ҳунар кишининг ақлига, руҳига тарбия берар экан, ундай илм ва ҳунар ўз эгасини бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам қўллаб-қувватлайди.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган:
«У Ўзи хоҳлаган кишиларга ҳикмат (пайғамбарлик ёки Қуръон илмини) беради. Кимга (мазкур) ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди. Бундан фақат оқил кишиларгина эслатма олурлар» (Бақара сураси, 269-оят).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Юсуф (алайҳиссалом)га илм ато этилгани ҳақида бундай деб марҳамат қилади:
“Вояга етгач, унга ҳукм (ҳакамлик) ва илм ато этдик. Чиройли иш қилувчиларни (Биз доимо) шундай мукофотлаймиз” (Юсуф сураси, 22-оят).
Қуръони каримда Яҳё (алайҳиссалом)га илм ато этилгани ҳақида бундай деб марҳамат қилинади:
«(Биз унга): “Эй Яҳё! Китобни ол (яъни Тавротни) жиддийлик билан қўлга ол!” (дедик) ва унга гўдаклик чоғидаёқ ҳикмат (ва илм) ато этдик” (Марям сураси, 12-оят).
Исо (алайҳиссалом)га пайғамбарлик неъматини ато этгани ва Унга китоб (Инжил) ато этилгани ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади:
«Шунда (Марям ўзи гапирмай, боласига) ишора қилди. Улар айтдилар: “Бешикдаги гўдак билан қандай сўзлашурмиз?!” (Шу пайт чақалоқ тилга кириб) деди: “Мен Аллоҳнинг бандасидирман. (У) менга Китоб (Инжил) ато этди ва мени пайғамбар қилди”» (Марям сураси, 29–30-оятлар).
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) илм талаб қилаётган ёшларни кўрсалар: “Марҳабо илму ҳикмат манбалари, зулматни ёритгувчи чироқлар. Ки¬йимлари юпун бўлса-да, қалблари пок инсонлар”, дер эдилар (Имом Байҳақий ривояти).
Мусулмон дунёсида Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) энг билимли ва зукко саҳоба сифатида танилган. У олимлар қутби, фозиллар ифтихори, Қуръон муфассири каби шарафли номларга сазовор бўлган. Ёшлик чоғидан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларида ниҳоятда ўткир фаҳм ва зеҳн соҳиби бўлиб тарбия топ¬ган Абдуллоҳ кўплаб илмларни ўрганади. Шу билан бирга Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни доимо дуо қилар эдилар. Улуғ зотнинг дуоси ва ўзининг тинимсиз изланишлари самараси ўлароқ Абдуллоҳ ибн Аббос буюк олим бўлиб етишди. Натижада одамлар уни “уммон” деб атадилар.
Яна ривоят қилинадики, бир куни Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ва муҳожир саҳобалар даврасида “Лайлатул қадр” кечаси тўғрисида сўз очилади. Ўтирганлар эшитганларини гапира бошладилар. Ниҳоят айтилган сўзлар такрорланавергач, ҳазрат Умар: “Эй Аббоснинг ўғли, нега гапирмаяпсан, гапир!” дедилар. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос: “Аллоҳ тоқдир ва тоқликни яхши кўради. Шунинг учун У зот ҳафтани етти кун қилиб тақсимлади, инсонни ва ризқини етти хил нарсадан яратди, устимизда етти қават осмонни, остимизда ҳам етти қават ерни пайдо қилди, Қуръонда етти хил қариндошга уйланишдан қайтарди, меросни еттига бўлди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам Каъбани етти бор тавоф қилдилар, Сафо билан Марва ўртасида етти бор бориб-келиб, тошни (шайтонга) етти бор отдилар, сажда қилганимизда ҳам етти жойимиз саждагоҳга тегади, шу билан бирга Лайлатул қадрни Рамазон ойининг охирги етти кунида топиш кераклиги билдирилди”, деди. Бу жавобдан таажжуб¬ланган Умар: “Лайлатул қадр масаласида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Лайлатул қадрни охирги ўн кунда топинглар”, деган сўзларига бу йигитдан бошқа ҳеч ким мен билан ҳамфикр бўлмаган эди. Қани, қайси бирингиз Ибн Аббос каби жавоб бера оласизлар?” деб қолганларга юзландилар.
Илмда беназир бўлган Абдуллоҳ ибн Аббос хайру саховат, эзгулик бобида ҳам ўрнак эди. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос бундай деганлар: “Мен учун бир уйдаги мусулмонларни бир ой ёки бир жума ёки Аллоҳ хоҳлаганича боқмоғим ҳаж устига ҳаж қилганимдан яхшироқдир”.
Абдуллоҳ ибн Аббос бундай дер эди: “Ҳар бир инсон тақдирига ҳалолдан ризқ ёзилган бўлади. Инсон ҳаракат қилиб, ҳалолга интилса, Аллоҳ унга ўша ҳалолни беради. Агар акси бўлиб, ҳаромга интилса, Аллоҳ унинг баробарида ҳалол ризқидан камайтириб қўяди”.
Абдуллоҳ ибн Аббос сермазмун ҳаёти давомида Ислом равнақига муносиб ҳисса қўшиб, умрини эзгулик, хайр-саховат ва илм-маърифатга бахшида этган.
Биладиганлар билан билмайдиганлар асло тенг бўлмаслиги ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
«…Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! …”» (Зумар сураси, 9-оят).
Бундан Аллоҳ таолонинг ҳузурида илм жаҳолатдан жуда устун туриши маълум бўлади. Аллоҳ таоло имон келтирган ва илм ҳосил қилган кишиларнинг, яъни даражасини бу дунёю у дунёда кўтаришга Ўзи ваъда бериб айтадики:

«Эй мўминлар! Қачонки сизларга йиғилиш¬ларда: “(даврани) кенгайтирингиз!” дейилса, бас, кенгайтирингиз, Аллоҳ сизларга ҳам (керак пайтида кенг) жой берур. Яна қачонки: “Турингиз!” дейилса, дарҳол турингиз! Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир» (Мужодала сураси, 11-оят).
Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам бу борада ўзларининг муборак ҳадисларида марҳамат қиладиларки: “Илм ўрганишга интилиш ҳар бир мусулмон эркак ва муслима аёлга фарздур” (Ибн Можа ривояти).
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтади: Таълим олувчи муҳтож бўладиган нарсанинг энг аввали – олган илмидан фойдаланиши ва ўзидан ўрганаётган кишига фойдали бўлиши учун ниятини тўғрилаб олишдир. Агар ниятини тўғриламоқчи бўлса, тўртта нарсани қасд қилиши лозим.
1. Илм олиш билан жоҳилликдан чиқишни ният қилиш. Чунки Аллоҳ таоло: «…Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?! …» (Зумар сураси, 9-оят) деб айтган.
2. Илми билан халққа наф келтиришни ният қилиш. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир”, деганлар.
3. Таълим олиш билан илмни тирилтиришни ният қилиш. Чунки инсонлар таълим олишни ташлаб қўйса, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Илм кўтарилишидан олдин илм¬ни ўрганинглар”, деб айтганларидек, илм кетиб қолади. Илмнинг кўтарилиши кетиб қолишидир.
4. Таълим олиш билан бирга илмга амал қилишни ният этиш, аксини эмас. Худди илмсиз амал бекор бўлганидек, амалсиз сабабни талаб қилиш беҳуда ишдир. Илм амал учун сабабдир.
Айтадиларки, амалсиз илм уволдир, илмсиз амал залолатдир. Таълим олувчи Аллоҳ таолонинг розилигини, охират ҳовлисини талаб қилиши, дунёни истамаслиги лозим. Агар илм билан Аллоҳ таолонинг ризолиги ва охират ҳовлисини талаб қилса, иккаласига ҳам баробар етади, худди Аллоҳ таоло:
«Ким (ўз амали билан) охират экинини (яъни савобини) истар экан, Биз унга экинини (нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун охиратда бирон насиба бўлмас!» (Шўро сураси, 20-оят) деб айтганидек.
Зайд ибн Собит Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Кимнинг нияти дунё бўлса, Аллоҳ таоло унинг ишини ажратади ва фақирликни икки кўзи олдига қў¬йиб қўяди, дунёда унга Аллоҳ таоло тақдир қилган нарсадан бошқаси келмайди. Кимнинг нияти охират бўлса, Аллоҳ таоло унинг ишларини жамлаб қўяди, бойлигини қалбда қилади, дунё унга жирканчли ва хор бўлиб келади”.
Киши ниятини тўғрилашга қодир бўлмаса ҳам, илмни ташлаб қўймасин, шу афзал иш, чунки таълим олаверса, илм унинг ниятини тўғрилаб қўйиши мумкин.
Хабарларда ривоят қилинганки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким илмни Аллоҳ таолонинг ризосидан бошқа нарса учун талаб қилса, илм унда ҳосил бўлади ва нияти Аллоҳ таоло учун ва охират ҳовлиси учун бўлгунча дунёдан ўтмайди”, деб айтганлар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб: (Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривояти): “Ким илм талаб қилиш йўлида юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини ёяди. Албатта, олимга осмонлардаги ва ер юзидаги жамики нарсалар, ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди, деганларини эшитдим”, деган эканлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Ушбу ҳадисда айтилганидек, илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак.
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай деган: “Аллоҳ таоло Сулаймон (алайҳиссалом)га илм, мол-дунё ва подшоҳликдан бирини танлашга буюрганда, у зот илмни танладилар. Натижада, илм туфайли мол-дунё ҳам подшоҳликка ҳам эришдилар”.
Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) айтади: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”.
Ҳакимлар: “Илм ўрганинг, зеро, у фақирликда давлат, бойликда зийнатдир”, деганлар.
Маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий айтадики: «Шариатда ҳар бир фойдали илмни ўқимоқ қарз ва лозимдир. Чунончи ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) деганларки: “Илм иккидур: бири – илми бадан, иккинчиси – илми дин. Албатта, бадан соғ бўлмаса, дин иши муътал қолур”. Яна дейдиларки: “Ҳукамолар ила аралаш бўлингиз”. Бас, бу ҳадислардан маълум бўлурки, бу мусулмонларга илми тиб ва илми ҳикмат ўқимоқ керак».
Бизнинг юртимизда айни пайтда ёшларнинг илм олишлари, ўзлари хоҳлаган касбга эга бўлиш¬лари учун барча шароитлар муҳайё. Ёшлардан талаб қилинадиган нарса фақатгина яхши ўқиш, бу йўлдаги машаққатларга сабрли бўлишдир. Шундагина улар Ватанига, халқига манфаатли, буюк аждодларга муносиб ворис бўлиб етишади. Аллоҳ барчаларининг илмларини зиёда қилсин.


Навойи вилояти хатирчи туман учтепа махалла отинойиси: Аюпова Рахимахон

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Диний билмларингиз қай даражада?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш