Ҳаж ибодатининг фазилати

23-08-2017, 09:21 admin Мақолалар / Ҳаж 2 341

Ҳаж ибодатининг фазилати


Чегараси йўқ неъматларни ато қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ таолога бандачиликни қандай адо этишни ўргатган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз саловотлар бўлсин. Дунёдаги барча дурудлар Расулуллоҳнинг оли байтлари ва саҳобаи киромларига бўлсин.
Аллоҳи таоло бандаларига поклик сифатида таҳорату ғуслни ибодат қилди, баданларини риёзатга қўйиб намозу рўзани фарз қилди, молиявий ҳолатини синашлик учун закот беришни ибодат даражасига чиқарди ва яна сафарга чиқиб, байтини зиёрат қилишни ҳам фарз этди. Қуръони каримда Худои таоло шундай марҳамат қилади:
وَلِلّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلاً وَمَن كَفَرَ فَإِنَّ الله غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ
“Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ таоло учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимики куфр келтирса, Аллоҳ таоло оламлардан беҳожатдир”. (Оли Имрон) 97
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : بني الاسلام على خمس شهادة أن لا إله إلا الله وإقام الصلاة وإيتاء الزكاة وصوم رمضان وحج البيت
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом 5 нарса устига қурилган: لا إله إلا الله وأن محمد رسول الله деб шаҳодат келтириш, 5 вақт намоз ўқиш, закот бериш, Рамазонда 1 ой рўза тутиш ва Байтуллоҳни ҳаж қилиш”.
Ислом динимизнинг 5та асосий арконлари бор. Яъни аркон дегани бажаралиши фарз бўлганлар амаллар. Мана шу билан инсоннинг бандачилиги билинади. Ва шуларнинг охиргиси бу Байтуллоҳни ҳаж қилишдир. Зул-ҳижжа ойининг 8-9 кунларидан бошлаб, то 13-кунигача давом этадиган ибодатдир. Албатта, ҳар кимда агар имконият бўлса, ҳажни адо қилишлиги фарз.
Агар Аллоҳ таоло кимга ҳаж қилишни имкониятини берган бўлса, бу неъматнинг қадрига етиб дарров ҳозирланиши керак. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم ( من حج هذا البيت فلم يرفث ولم يفسق رجع كيوم ولدته أمه
“Ким бу байтга келиб, яъни Каъбатуллоҳга келиб ҳаж қилса ва унда беҳаё нарсаларни ва гуноҳ ишларни содир қилмаса, худди онасидан туғилган боладек (бегуноҳ уйига) қайтади”. Умра ва ҳажни сифатлаб дедилар:
عن أبي هريرة ان رسول الله صلى الله عليه وسلم قال :العمرة إلى العمرة كفارة لما بينهما والحج المبرور ليس له جزاء إلا الجنة
“Умрадан кейинги умрагача иккисининг орасидаги қилинган гуноҳларга каффоротдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмас”. Ва яна дедилар:
وقال صلى الله عليه وسلم حجة مبرورة خير من الدنيا وما فيها وحجة مبرورة ليس لها جزاء إلا الجنة
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бир мабрур ҳаж дунё ва ундаги ҳамма нарсадан яхшироқдир. Ва бир мабрур ҳаж борки, унинг мукофоти фақат жаннат бўлади”.
وقال صلى الله عليه وسلم الحج المبرور ليس له جزاء إلا الجنة فقيل له يا رسول الله ما بر الحج فقال طيب الكلام وإطعام الطعام
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақатгина жаннат бўлади”. У зотдан сўрашди: “Мабрур ҳаж нима, Ё Расулуллоҳ?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ширинсухан бўлмоқ ва таом улашмоқдир”.
Ҳаж ибодатининг кейинги неъматларини санаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
وقال صلى الله عليه وسلم الحجاج والعمار وفد الله عز وجل وزواره إن سألوه أعطاهم وإن استغفروه غفر لهم وإن دعوا استجيب لهم وإن شفعوا شفعوا
Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳожилар ва умра қилувчилар Аллоҳ таолонинг элчилари ва зиёратчиларидир. Агар Ундан сўрасалар, уларга беради, агар Ундан мағфират тиласалар, уларни кечиради, агар дуо қилсалар, улар учун мустажоб бўлади ва шафоат сўрасалар, шафоатлари қабул қилинади”.
وقال صلى الله عليه وسلم من خرج من بيته حاجا أو معتمرا فمات أجرى له أجر الحاج المعتمر إلى يوم القيامة ومن مات في أحد الحرمين لم يعرض ولم يحاسب وقيل له ادخل الجنة
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Ким ўз уйидан ҳаж ёки умра қилувчи ҳолида чиқса, у вафот этса, унга албатта Қиёмат кунига қадар ҳаж ва умра қилувчилар ажри жорий қилинади. Ва ким икки Ҳарамдан бирида вафот этса, у ҳолда (гуноҳларига) рўбарў ва ҳисоб-китоб қилинмайди ҳамда унга: “Жаннатга киргил!” дейилади”.
Энди ким қодир бўлатуриб шунча неъматларни эшитиб ҳам ҳажга бормаса, Аллоҳ таоло оятда дедики: “Кимики куфр келтирса, Аллоҳ таоло оламлардан беҳожатдир”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам дедилар:
عمر بن الخطاب رضي الله عنه يقول : من أطاق الحج فلم يحج فسواء عليه يهوديا مات أو نصرانيا
“Ким ҳажга қодир бўлса-ю, ҳаж қилмаса, хоҳласа, яҳудий бўлиб ўлсин, хоҳласа, насроний бўлиб ўлсин”.
Хабарларда келади: “Албатта, Ҳажар ул асвад жаннат ёқутларидан бир ёқутдир. У қиёмат кунида икки кўзи ва тили билан тирилтирилади. Кимики, уни ҳурмат ва садоқат билан ўпган бўлса, ўша тили билан сўзлаб, унинг фойдасига гувоҳлик беради”.
Умар р.а. дедилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажар ул асвадни кўп ўпар эдилар”. Умар розияллоҳу анҳуни ўпдилар. Сўнгра: “Мен биламанки, ҳақиқатан сен зарар ҳам, фойда ҳам беролмайдиган тошдирсан! Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпганларини кўрмаганимда, мен ҳам сени ўпмас эдим”, дедилар ва шу қадар йиғладиларки, ҳатто ҳўнграб юбордилар. Шу пайт ортларига бурилиб Али розияллоҳу анҳуни кўриб қолдилар ва: “Эй Абул Ҳасан, бу ер кўз ёшлар оқадиган, дуолар ижобат бўладиган жойдир”, дедилар. Али розияллоҳу анҳу бунга жавобан: “Эй Амирал муъминийн, балки у зарар ҳам, фойда ҳам беради”, дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: “Қандай қилиб?” деганларида, у киши: “Аллоҳ таоло Одам а.с. зурриётидан мийсоқда аҳду ваъда олган пайтда улар устидан бир мактуб ёзиб қўйган ва уни Ҳажар ул асвад устига жойлаштирган. Бу эса мўминнинг вафосига, кофирнинг эса мункирлигига шаҳодат беради”, дедилар.
Аҳли байтдан ривоят қилинади: “Қачон замон охирласа, одамлар ҳажга 4 хил гуруҳ бўлиб: бойлари саёҳат учун, ўрта ҳоллари тижорат учун, фақирлари тиланчилик, қорилари эса риё ва одамлар оғзига тушиш учун ҳаж қиладилар”.
قول رسول الله صلى الله عليه وسلم يدخل الله سبحانه بالحجة الواحدة ثلاثة الجنة الموصى بها والمنفذ لها ومن حج بها عن أخيه
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бир ҳаж билан 3 кишини жаннатга киргизади: ҳажни васият қилганни, уни амалга оширганни ва биродари учун ҳаж қилганни”.
قال صلى الله عليه وسلم اللهم اغفر للحاج ولمن استغفر له الحاج
Саййидул анбиё соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дуо қилдилар: “Аллоҳим, ҳаж қилувчини ва ҳожилар мағфиратини сўраган кишини ҳам мағфират қил!”


Нурота туман бош имом хатиби Атоев Отабек

скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш