Исломда тадбиркорликка муносабат
Муқаддас динимизда ҳам жамият ривожи учун бунёдкорлик, тадбиркорликка кўплаб тарғиблар бор.
Ҳинш ибн ал-Хорисдан, у киши отасидан ривоят қилади:
“Ичимиздан бир кишининг оти туғса, уни сўйиб ер ва “буни мингунча яшармидим” дер эди.
Умардан бизга: “Аллоҳ сизларга берган ризқни ислоҳ қилинглар, ишда кенглик кўп”-деган мактуб келди”.
Ровийни айтишича улар яшаб турган юртда байтали туққан тойчоқни эгаси “бу қачон катта бўлади, ҳали буни минишга яроқли бўлгунича борманми-йўқманми” деб тойчоқни сўйиб ейишни афзал кўрар экан.
Бу хабар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга етиб борган. Сўнгра мактуб юбориб, Аллоҳ таоло сизга берган ризқнинг қадрига етинг. Уни ислоҳ килиб, ўзингизга кўпроқ фойда қилинглар, бу осон иш эмас демоқдалар.
Демак мўъмин-мусулмонлар мол-дунёни тўғри тасарруф қилишга, уни кўпайтиришга, зое ва нобуд қилмасликка ҳаракат қилишлари лозим.
Қанча пайғамбарлар ўтган бўлса ҳаммаси касб-ҳунар билан шуғулланган.
Одам алайҳиссалом ерга буғдой экиб, суғориб, ўриб, ун қилиб, нон қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом савдогар, Иброҳим алайҳиссалом баззоз эдилар. Довуд алайҳиссалом темирдан совут ясаганлар. Сулаймон алайҳиссалом сават тўқиганлар. Идрис алайҳиссалом кийим тикканлар. Закарийё алайҳиссалом дурадгор бўлганлар.
Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам савдогарлик қилганлар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таоло ҳунарманд ва касблик мўъминни дўст тутар деганлар”.
Мана бу ҳолатлар сиз билан бизларга катта сабоқ бўлиши керак. Ҳаммамиз бундай ишларга жиддий эътибор билан қарашимиз лозим. Ҳукумат томонидан тадбиркор ва ишбилармонларга яратиб берилаётган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиш лозим. Ўзимиз, оиламиз, ватанимиз ва инсониятга фойдали ишларда ҳафсаласиз бўлмаслигимиз, балки бундай эзгу ишларда барчага ўрнак бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Хатирчи туман “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом хатиби Саъдинов Қабридин.