Жин ва фолбинлар

24-04-2017, 08:22 Istamjon Khamrayev Мақолалар 3 959

Халқимизда жаҳл келганда айтиладиган бир гап бор: “Жин урсин!”.
Буни биринчи бўлиб бирон кишидан жабр кўрган ва сўнгра унга кучи етмаган инсон айтган бўлса керак, деб ўйлаймиз. Чунки жин чалиб зиён етказиши ҳақиқатда бор нарса ва у динимизда батафсил тушунтириб берилган.
Маълумки, мусулмончилигимиз асосларидан бири - ғайбга иймон келтиришдир. Ғайбнинг маъноси Аллоҳ ҳамда унинг элчиси хабар берган, лекин бизга кўринмаган нарсалардир. Шулардан бири – жинлар ҳам кўринмас махлуқотлардан бўлиб, уларнинг болиги ҳақ ва бунга ишонишимиз лозим. Жинларнинг кўринмаслиги уларнинг йўқлигига далил бўла олмайди. Зеро, кўзимизга кўринмайдиган қилиб яратилган қанчалар элемантлар, ҳодисалар бор. Ҳаво, электр токи, турли радиактив нурлар... Хуллас, уларни санаб адоғига ета олмайсиз.
Энди бугунги бош мавзуимиз – жинлар ҳақида бироз маълумот.
Қуръони Каримда жинлар ҳақида ўнта сурада қирққа яқин оят бор. Алоҳида бутун бошли бир сура “Жин сураси” деб номланган. Жинлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ва жинларни ўтнинг алангасидан яратди”(Ар-Роҳман, 15 оят).
Жинлар инсонлардан ҳоли жойларни афзал кўрадилар. Масалан, ёриқ, хилват жойлар, чуқурларни маскан тутишади. Яна баъзилари ташландиқ ва ахлатхоналарда яшасалар, айримлари эса инсонлар билан бирга ҳам яшайдилар (яъни инсонлар орасида).
Жинларнинг бунақа жойларда яшашига сабаб, улар инсон таомларининг чиқитларини тановул қиладилар. Ҳудди инсонга ўхшаб, жинлар ҳам мусулмон ва кофирларга бўлинадилар.
Жинларнинг инсон танасига кириб олиши ҳақидаги фикрига уламолар турлича муносабат билдиришади, лекин улар инсоннинг ён-атрофида гирдикапалакдек айланиб юришлари айни ҳақиқатдир. Улар одамзотни васвасага солишга, турли ёмон йўлларга бошлашга ундайдилар. Жин инсонга жисмоний зарар бера олмайди, унга бундай ҳуқуқ берилмаган, лекин турли йўллар билан инсонни йўлдан, яъни тўғри йўлдан оздиришга ҳаракат қилади.
Хўш, қандай ҳолатларда инсонга “жин теккан” деб тахмин қилиш мумкин? Манбаъларда ёзилишича, уйқудаги хавотир, яъни кўп чўчиб уйғониш, бўғилиш (уйқуда бир нарса сиқади ва ёрдам сўраса ҳеч ким ёрдам бермайди), қўрқинчли тушлар, ўзи билмаган ҳолда ётган жойидан туриб юриш, уйқуда баландликдан тушиб кетаётгандек ҳолатга тушиш, уйқуда ўзини қабристонда, ахлатхонада ёки қўрқинчли йўлда ҳис қилиш каби ҳолатларни бошидан кечирган инсонга жин ёпишган бўлади, дейилади.
Бунинг натижасида, хотиранинг сусайиши, дангасалик, дармонсизлик, сиқилиш, асабий бўлиб қолиш, табобатда ҳам тушунарсиз бўлган оғриқларнинг пайдо бўлиши каби ҳолатлар келиб чиқади. Энг асосийси эса, инсон Аллоҳнинг зикри ва тоат-ибодатдан анча йироқлашади.
Мана шу ҳолатларда инсон давога муҳтож бўлади. Лекин бизнинг кўзимизга кўринмайдиган жинлардан қандай қилиб халос бўлиш мумкин?
Масалани бугунги кун нафаси билан, юқорида тилга олинган муаммо нуқтаи назаридан таҳлил қилсак. Ҳамма фалокат шундаки, жин тегиш касалига учраган ва унга даво қидириб юрганлар ўзлари билмаган ҳолда фолбинлар ҳузурига бориб қолишмоқда. Албатта, инсонни тўғри йўлдан оздираётган, унинг ибодатлари йўлига тўғаноқ бўлаётган жинларга қарши курашишга динимизда ҳам қатор йўл-йўриқлар кўрсатилган. Лекин, уларни фолбинлик йўли билан даф қилиш асло мумкин эмас.
Маълумки, жинларга атаб жонлиқ сўйиш ҳаром амалдир. У Аллоҳдан бошқага атаб сўйилгани учун ширк ҳамдир.
Афсуски, баъзи ҳолларда жинларга атаб қурбонлик қилиш ҳозиргача давом этиб келяпти. Бундай ярамас ишларни жинлар билан гаплашадиган фолбин ва азайимхонлар амалга оширмоқдалар. Улар сеҳрни ечдириш, жин чалган кишини муолажа қилиш ва шунга ўхшаш муаммолардан қутилиш учун келган илмсиз кишилардан муайян бир ҳайвонни келтиришни талаб қиладилар. Сўнг фолбинлар “жонлиқ”ни сўйиб, унинг қонини касалга суртишади, “жонлиқ”нинг ўзини эса қудуққа ёки ташландиқ ерларга отишга, отиш асносида Аллоҳнинг исмини зикр қилмасликка буюрадилар. Ёки шунга ҳамоҳанг бошқа амаллар қилишади. Улар қилаётган ишларнинг ҳаммасида жинлардан ёрдам сўраш бор, бу эса ширкдир.
Шу ерга келганда бир ҳақиқатни айтиб ўтсак, ҳеч эсимиздан чиқармайликки; жинлар билан гаплашадиган фолбинлар уларнинг хизматидан фойдаланар экан, тилида ёки дилида кофир бўлмагунларича улардан ёрдам ололмайдилар. Яъни, фолбинлар қачон куфрга ўтар эканлар, шундагина жин уларга ёрдам бера бошлайди. Уларнинг “ёрдам”лари эса саробдан бошқа нарса эмас.
Қатан ибн Қобийсадан, у киши эса ўз отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чизиқ чизиб, тош билан ва қуш билан фол очиш Аллоҳдан бошқага ибодат қилишдандир”, дедилар”. Имом Насаий ривоят қилган.
Азизлар, айниқса опа-сингилларимиз, онахонларимиз! Қуйидагиларни ҳеч эсдан чиқармайлик:
Дейлик, шифо излаб қайсидир табибнинг ёки ўзимизни ўқитиш учун бир домланинг олдига бордингиз, сизга турли ёқимсиз нарсалар, масалан, битта жонлиқ ёки отнинг ёли, пашшанинг қаноти ёки сичқоннинг қайсидир бир аъзоси, хуллас шунга ўхшаш яна бир балоларни топиб келиш кераклигини айтишди. Бунақа ишлар билан машғул бўлган инсон очиқ фолбиндир, ундан дарҳол қочинг ва шундай кишига бориб қолганингиздан тезда афсус қилиб, мусулмончилигимизга мос йўлни қидиринг.Чунки, унинг айтганини қилиш шу жин билан сизни ҳам ошна қилишга ва охири ширк келтириб, диндан чиқишга олиб боради. Аллоҳ таоло эса ширк келтириб, диндан чиққан бандасини гуноҳини ҳеч қачон кечирмаслигини қуръони каримда таъкидлаган.
Мусулмончилигимизга мос даволашда Қуръон оятлари ва динимизда рухсат берилган усуллар билан муолажа қилинади, холос. Бунинг учун ҳеч қандай ортиқча буюм ишлатилмайди.
Шу ўринда жиннинг зарар етказишидан сақланиш йўлларини ҳам айтиб ўтсак. Унга бир эътибор қилинг-а, ҳаммаси оддий ва осон. Бунинг учун бизга бирозгина эътиборлироқ бўлиш етарли:
- Ҳамиша покиза, иложи бўлса таҳоратли юриш;
- Юқоридан сакралганда, ерга иссиқ сув тўкканда, баланд жойдан оғир нарса ташлаганда, қоронғи хонага кирганда “Бисмиллоҳ”ни айтиш;
- Ит ёки мушукка, илонга сабабсиз озор бермаслик;
- Ёлғиз ухламаслик, айниқса, тунда ва хилват жойларда;
- Тешик жойларга ҳожат ушатмаслик;
- “Бисмиллоҳ”ни доимо айтиб юриш.
Аллоҳ таоло доимо исмини ёдга олиб юрган бандасини ташлаб қўймайди, ўзининг ҳимоясига олади. Шундай экан, Аллоҳ ҳаммамизни ўзи рози бўладиган йўлда мустаҳкам бўлишимизни насиб қилсин, барчамизни ҳар хил ёмонликлардан ўзининг паноҳида асрасин!

Хатирчи туман “Шайх Гадой Селкин” жоме масжиди имом хатиби Ҳакимов Бектошскачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш