Аллоҳ таоло инсон зотини Ўзининг азалий ирода ва қудрати билан яратиб, уни икки дунёда азиз ва мукаррам яшамоғи учун зарур бўлган барча таълимот ва дастурлар билан таништирди ҳамда улар ҳақидаги илмларни ўргатди. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “(Аллоҳ) Одамга барча (яратилган ва яратилажак нарсаларга тегишли) номларни ўргатди...” (Бақара , 31).
Бошқа бир оятда эса: “(У) инсонни яратди. Унга баённи(нутқни) таълим берди” (Раҳмон, 3-4), деб марҳамат қилган.
Яна бир оятда: “У инсонга билмаган нарсаларини билдирди”
(Алақ, 5), дейилган.
Барча жонзотлар ичида Ўзининг ақл-фаросати ва фаҳм-идроки билан мумтоз бўлган инсон тириклик ҳаётида ҳуррият ва фаровонликда яшаши учун унга меҳнат қилиш, ҳалол ризқ билан умр ўтказиш ва бунинг эвазига катта ажру савобларга эга бўлиш, Аллоҳ розилигини топиш борасида зарур тавсияларни бериб, жумладан, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли(ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд(шунда) нажот топсангиз”(Жумъа, 10).
Демак, Аллоҳ таолонинг фазлу карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши керак. Бу эса унга нажот ва бахт келтиради ва Аллоҳ розилигини топишида васила бўлади. Оддий, ҳалол касб қилиш ҳақида Имом Термизий ривоят қилган ва чиройли ҳадис деб таърифлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги таълимлари билан танишиб, керакли хулоса чиқарайлик:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хузурларига бир киши тиланчилик қилиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан сўрадилар: “Уйингда бирон нарсанг борми?” У жавоб берди: “Ҳа, бор, баъзисини остимизга солиб, баъзисини кечаси устимизга ёпадиган бисот ва сув ичадиган бир идишимиз бор”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икковини келтир!”. У киши айтган нарсасини олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у олиб келган нарсаларни қўлларига олдилар ва айтдилар: “Буларни ким сотиб олади?” Саҳобалардан бири: “Мен уларни бир дирҳамга оламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор: “Ким бунинг устига зиёда қилади”, дедилар. Бошқа бир саҳоба: “Мен уларни икки дирҳамга оламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки нарсани саҳобага бердилар ва ундан икки дирҳамни олиб, ансорийга бериб, дедилар: “Бир дирҳамга таом сотиб олиб, аҳли аёлингга олиб бор ва қолган бир дирҳамга болта сотиб ол-да, менга олиб кел”, деб буюрдилар. У одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрганларини бажариб, ҳузурларига болта сотиб олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўллари билан болтага даста ясадилар ва болтани унинг қўлига бердилар-да: “Энди бориб, ўтин йиғиб, уни сот, ўн беш кун сени кўрмайин”, дедилар. Ансорий шу кунлар ичида ўтин йиғиб, уни сотиб, беш дирҳамга эга бўлди ва расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бу маблағнинг бир қисмига таом харид қил, бир қисмига кийим-кечак сотиб ол!” Сўнгра марҳамат қилиб айтдилар: “Бундай қилишинг сенга ярашади. Тиланчилик қилишинг қиёмат куни юзингда доғ бўлади”.
Жаноб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ва бошқа ҳадисларида одамларни касб-ҳунар қилишга ва шу орқали ризқ топишга чорламоқдалар. Муҳаммад ибн Ҳасан айтадилар: “Илмни талаб қилиш фарз бўлганидек касб-ҳунарни та¬лаб қилиш ва уни эгаллаш ҳам фарздир”.
Инсон ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқатлар ва бошқа рўзғор анжомлари, поклик воситаларига, либосга муҳтож бўлинади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар орқали вужудга келади. Ўтган барча пайғамбарлар ва элчилар бирон касб-ҳунар билан машғул бўлиб, ҳаёт кечиришган. Одам алайҳиссалом буғдой сепганлар ва уни ўриб, дон қилиб, янчиб, хамир қилиб, нон ясаганлар. Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик қилганлар, Иброҳим алайҳиссалом баззозлик қилганлар, Довуд алайҳиссалом совут ясаган, Сулаймон алайҳиссалом чўпдан ўлчов ва тарози ясаганлар, Закариё алайҳиссалом нажжорлик қилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўй боққанлар. Барчалари ўзлари қилган касбларидан ризқланиб ҳалол-пок ҳаёт кечиришган.
Аллоҳ таоло инсонларни ҳалол касб-ҳунар билан кун кечиришга ва шу йўл билан топилган энг яхши нарсалардан эҳсон қилишга буюради: “Эй имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Билингизки, албатта, Аллоҳ, ғаний ва мақтовга лойиқ Зотдир”(Бақара, 267).
Бу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Воҳидий бундай дейди: “Пайғамбар алайҳиссалом икки кило хурмо миқдорида фитр садақаси беришга амр қилганларида, бир киши энг ёмон хурмодан садақа қилганида, бу ояти карими нозил бўлган”
(Имом Воҳидий: “Ас-боб ан-нузул” китоби, 55-56 бетлар).
Шунингдек, машҳур муфассир Имом Бағавий бундай дейди: “Бу оятнинг маъноси касб-ҳунар билан топилган нарсаларнинг энг яхшисидан нафақа-эҳсон қилинглар”. Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Мужоҳид розияллоҳу анҳу айтади: “Тижорат ва саноат йўли билан касб этилган ҳалол нарсалардан садақа қилинглар". Бу ояти карима яна касб-ҳунар қилиш мубоҳ, яъни мумкинлиги, улар яхши ва ёмонга бўлинишига далолат қилади.
Касб-ҳунар эгаллаш ва шу асосда ҳаёт кечириш ҳақида Ислом оламида биринчи бўлиб Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ “Китоб ал-иктисоб” (яъни “Касб-ҳунар”) асарини ёзиб, касб-ҳунар эгаллаш борасидаги Ислом таълимоти асосларини мукаммал равишда баён қилиб берди.
Инсон истеъмол қиладиган энг асосий нарса егулик бўлгани туфайли, ҳадисда қўл меҳнати билан топилган таомга эътибор қаратилмокда. Айтиш зарурки, мазкур хадиси шариф кийиниш, еб-ичиш каби инсоннинг барча эҳтиёжларини қамраб олади. “Қўл меҳнати” ибораси тижорат, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш, деҳқончилик, чорвачилик каби ҳалол касбларни ўзида жамлайди.
Таълим олиш одоблари ҳақидаги китобларда бирор касб-ҳунарни ўрганганидан кейингина илм олиш тавсия қилинади. Чунки қўлида ҳунари бор одам таъмагирликдан йирок, бўлади. Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу: “Ё Аллоҳ менга ризқ бергин”, деб дуо қилардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ таоло меҳнат билан банд бўлган мўъмин бандани яхши кўради”, деб марҳамат қилганлар (Имом Табароний).
Ислом шариатига биноан ҳар бир инсон умрини дунё ва охиратига фойдали амаллар билан ўтказмоғи керак. Агар у руҳий ва жисмоний қувватни ҳалол меҳнат орқали топилган озуқадан олса, барча ҳаракатлари ибодатга айланади.
Хулласи калом, Аллоҳ таборака ва таоло бандаларига ҳалол ризқ-рўз сабабларини эгаллашга, уни эгаллаш учун саъй-ҳаракат қилишга амр этмокда. Ризқни берувчи Аллоҳнинг ягона ўзидир.
Инсон қалбида Аллоҳ таолога таваккул қилмоғи, қўл-оёғи, фаҳму идрокини ишга солиб яшаш воситаларига эга бўлмоғи лозим. Инсон Аллоҳнинг иноятида бўлади ва ундан ҳалол ризқ беришини ва ризқ-рўзини осон топишини сўрайди. Аллоҳ барча нарсага қодир Зот.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки вақтлариданоқ таълим-тарбия тизимида ёшларга касб-ҳунар ўргатиш йўлларини янада такомиллаштириш ва уларнинг моддий-маънавий асосларини вужудга келтириш соҳаларида катта ишлар амалга оширилди. Барча вилоят ва шаҳарларда касб-ҳунар коллежлари очилди, уларда диёримизнинг минглаб ўғил-қизлари меҳнат, касб-ҳунар малакаларини изчил ўрганмоқдалар. Ҳозирда республикамизда 1370 дан зиёд касб-ҳунар коллеж¬лари бу соҳада фаолият олиб бормоқда. Келажакка ишонч билан қараш, халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳалол меҳнат қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Аллоҳ таоло бу фаол ниятларимизда ёру мададкор бўлсин! Аллоҳ таоло барчамизни тўғри эътиқодли, ҳалол касб ила топган ризқига қаноатли, шукрли, фақат ўзига суянадиган саодатли бандаларидан қилсин!
Тоҳир РЎЗИҚУЛОВ
Хатирчи тумани “Оллоҳдўст”
жоме масжиди имом хатиби