Мустақиллигимизни қадрига етайлик!

23-08-2022, 00:08 admin Мақолалар 299

Мустақиллигимизни қадрига етайлик!
Аллоҳ таолонинг неъматлари беҳисоб, шу неъматларнинг ичида мустақиллик неъмати катта ўрин тутади ва албатта бу неъматни қадри ва шукрига етиб яшамоқлигимиз даркор. Чунки бу неъматларнинг шукронасини келтириш зиммамиздаги бурчдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Роббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!”,-деб мархамат қилади. (Зуҳо сураси, 11-оят). Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг турли жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар, қон тўкилишлар, қанчадан-қанча аянчли воқеалар содир бўлаётганини эшитиб гувохи бўлиб турибмиз. Юртимизни ана шундай тинч ва осойишта сақлаб турган Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар ва шукроналар айтишимиз керак.Тинчлик ва ҳотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини баъзида унутиб қўямиз. Мустақилликни мохияти инсон ўз тақдирига ўзи эгалик қилиш ҳуқуқи эканлигини англаб олиш ва уни янада мустахкамлашга интилиш кераклигини тушиниши лозим. Қачон ҳар бир инсон ана шу оддий хақиқатни тушиниб етса ана шунда у миллатни жипслаштирадиган ва тараққиёт сари етаклайдиган миллий ғояга айланади. Демак, миллий ғоя-мустақилликни англаш, бахолаш ва уни мустахкамлашга ундовчи қарашларни англатадиган инсондаги энг олий туйғу — Ватан туйғусидир. Мамлакатимиз халқлари тарихида мустақилликни қўлдан кетганига чор Россия мустамлакачилик даври яққол мисол бўла олади ва яна сабаблардан бири адолатсизлик натижасида келиб чиққан сиёсий беқарорлик ва парокандалик бўлган. Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, Ватан тушунчаси ўзгача мазмун касб этди. Қолаверса, жойларда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида аҳоли билан кенг қамровли учрашувлар, суҳбатлар ташкил этилиб, мазкур тадбирларда ўтган давр мобайнида босиб ўтган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташланиб, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширган ишларимиз, эришган ютуқларимиз, натижаларимиз холисона баҳоланиб, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик, бутун халқимизнинг эътиборига етказиш асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Бундай осойишта ва фаровон ҳаёт мустақил юртимизда ҳукм сураётгани, тинчлик неъматининг барқарорлиги учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтсак камлик қилади. Тинчлик – энг катта неъмат. Унинг қадрига етиш, асраб авайлаш ҳар бир мусулмон кишининг зиммасидаги бурчидир. Манбааларда “икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”, дейилган. Ҳар бир инсон яшаши, Аллоҳга хотиржам ибодат қилиши, ишлаши учун тинчлик даркор. Ривоятларга кўра, Харим Наимдан Ҳажжож ибн Юсуф сўради: “Неъмат нима?” У “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг хаётидан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берган экан.Тинчлигини йўқотган юрт юлдузсиз осмон каби зимистон маконга айланади. Қанчалар унумдор ерлари, дов-дарахтлари, боғ-роғлари бўлмасин уларнинг ҳеч биридан манфаат ололмайди. Тарихда тинчликни бузилишига аксар холларда жамиятни диёнатдан узоқлашгани, Маънавиятга эътиборсизлиги сабаб бўлгани кузатилади. Шунга кўра, тинчликни сақлаш мақсадида, бугун, барчаларимиз жипслашиб, ёш авлодни юксак манавиятли, дину-диёнатли, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялаб боришимиз зарур. Ҳадиси шарифларда тарбия борасида “ота ўз фарзандига ватанига мухаббатли бўлиши, уни севиши, ардоқлаши ва ватани равнақи йўлида хизмат қилиши шарт ва зарур амал эканлигини ўқтириб англатмадими, демак ўз оталик бурчини адо эта олмаган”- дея мархамат қилинади. Шу маънода халқимиз динимиз ақидасига сидқидилдан амал қилиб келаётгани туфайли, Аллоҳ таолони неъмати бўлмиш юртимизда ҳукм сураётган хотиржамлик, осойишталикни кўрамиз. Тинчликни сақлайдиган омиллардан яна бири – тўғри тафаккур қилиш, зеро тўғри фикрлаш барчани ҳар хил бузуқ эътиқодлардан, нотўғри йўлларга кириб қолишдан асрайди, одамлар орасида фаҳш, ёмон иллатлар ҳамда бегона ёт ғоялар тарқалишини олдини олади. Хотиржамликнинг давомийлигини таъминлайдиган омиллардан яна бири–шукр. Зеро, қуръон каримда ҳам шукр қилганларга неъматларини яна ҳам кўпайтириб берилиши тўғрисида оятларда баён этилади, “Агар шукр қилсангиз Усизлардан рози бўлур” (Зумар сураси 7-оят).
Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида хадиси шарифда ҳам айтиб ўтилган. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолда тонг орттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”-деб мархамат қилганлар. (Имом Бухорий ривояти). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўта муҳим бўлган уч нарсани эслатганлар: тинчлик, саломатлик ва моддий таминот. Аллоҳ Таолога хамдлар бўлсин, бугун тинч ва обод юртимизда барчамиз бу неъматларга эгамиз. Уни сақлаш эса Ватан ва келажак авлодлар олдидаги бурчимиздир.
Аллох таоло сизу бизга ато этган буюк неъматлардан бири Истиқлол неъмати. Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди. Миллий ва диний қадирятлар тикланди, масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари учун хамма шароитлар яратилди. Рўза ва Қурбон хайитлари дам олиш куни деб белгиланиб, байрамга айлантирилди. Ҳар қандай неъматнинг қадри унинг заволга учраган пайти билан таққослаганда яққол кўринади. Миллий ва диний қадирятларимиз унут бўлаёзган, ибодат ва маросимлар тақиқланган, масжидлар омборхоналарга айлантирилган, муқаддас китоблар йўқ қилинган, кечаги тарихни эсласак, бугунги дориломон замонамизга шукуроналар айтишимиз фарз ва қарздир. Ҳаж қилувчилар сони бу йил алҳамдулиллаҳ ўн икки мингдан ошди, умра сафарига чекланмаган миқдорда зиёратчилар бориши мумкин бўлди. "Қуръони карим ва тажвид" ҳамда "Араб тили" курслари ташкил этилди. 2018 йил Юртимизда Қуръон мусобақалари бўлиб ўтди. Пайғамбаримиз(с.а.в) ҳадисларининг бирида: "Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун "Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади",- деб мархамат қилганлар (Имом Ҳоким ва Имом ибн Можа ривояти).
Аллох таоло барчамизни улуғ, азиз мустақиллик неъматига шукрлар айтиб, уни янада мустахкам ва бардавом бўлиши йўлида савобли амалларда бўлишимизни, бардавом айласин. Мустақиллигимизнинг яна бир байрами барча юртдошларимизга муборак бўлсин!.

ЎМИ Навоий вилояти вакили бош имом-хатиби
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: У.Холова


скачать dle 11.0фильмы бесплатно

Мавзуга оид бошқа ўхшаш маълумотлар:

Шарҳ қўшиш

Машҳур янгиликлар
Фотолавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
ЎМИ Навоий вилояти вакиллиги фаолиятидан лавҳалар
Жума намозига борасизми?

МАХСУС ИМКОНИЯТЛАР

КЎРИНИШ

A
A
A

ШРИФТ ЎЛЧАМИ

0% га катталаштириш